Жаҳон | 17:36 / 08.12.2024
20468
2 дақиқада ўқилади

Россия ТИВ Башар Асад президентлик лавозимини ташлаб, Сурияни тарк этганини маълум қилди

РФ Ташқи ишлар вазирлигига кўра, Башар Асад қуролли можаронинг қатор иштирокчилари билан музокаралар ўтказиб, мамлакатни тарк этишга қарор қилган.

Фото: AFP / Getty Images

Башар Асад «президентлик лавозимини ташлаб, Сурияни тарк этишга» қарор қилди. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида сўз боради.

«Башар Асад Сурия ҳудудидаги қуролли можаронинг бир қатор иштирокчилари билан ўтказилган музокаралар натижасида президентлик лавозимини ташлаб, мамлакатни тарк этишга қарор қилди ва ҳокимиятни тинч йўл билан топшириш бўйича кўрсатма берди. Россия ушбу музокараларда иштирок этмади», — дейилади ТИВ хабарида.

Қайд этилишича, Москва «томонларнинг барчасига мурожаат қилиб», зўравонликка чек қўйиш ва барча масалаларни сиёсий йўл билан ҳал этишга чақирган. Баёнотда таъкидланишича, Россия «Суриядаги мухолифат гуруҳларининг барчаси билан алоқада бўлиб турибди».

ТИВ, шунингдек, Суриядаги Россия фуқаролари хавфсизлиги учун «керакли барча чоралар» кўрилаётганини маълум қилди.

«Сурия ҳудудидаги Россия ҳарбий базалари юқори жанговар шай ҳолатга келтирилган. Айни вақтда уларнинг хавфсизлиги жиддий таҳдид йўқ», — дея қўшимча қилади Ташқи ишлар вазирлиги.

Аввалроқ Сурия президенти Башар Асад авиаҳалокат қурбонига айланган бўлиши мумкинлиги маълум қилинганди. Агентлик Flightradar24 сервиси маълумотларига асосланиб, Дамашқ исёнчилар қўлига ўтишидан бироз олдинроқ Syrian Air авиакомпаниясининг Ил-76 русумли самолёти маҳаллий вақт билан 8 декабрга ўтар кечаси соат 4:55 да Сурия пойтахти аэропортидан учиб кетганини ёзган. Самолёт бортида ким бўлгани охиригача аниқ эмас. Бу президент Башар Асад бўлгани тахмин қилинмоқда.

Самолёт аввалига шарққа, Ироқ билан чегара томон учган, кейин эса бирданига шимоли-ғарбга бурилиб, мамлакатнинг Асадга мойил бўлган алавийлар назорати остидаги Россия ҳарбий базалари жойлашган ҳудудлари томон уча бошлаган, шундан кейин Ҳомс яқинида радарлардан йўқолиб қолган. Бу шаҳарни шу кунларда исёнчилар ўз назоратига олганди.

Тайёрлаган:  Фозилбек Юсупов

Мавзуга оид