Жаҳон | 18:52 / 23.09.2025
11265
6 дақиқада ўқилади

Исроил ва Ҳамас, F-35 дастурига қайтиш ва Украинадаги уруш – Эрдўған АҚШ ОАВга катта интервью берди

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған АҚШда республикачиларни фаол қўллаб-қувватлаши билан танилган Fox News телеканалига интервью берди. Эрдўған суҳбатда Исроилнинг Ғазодаги уруши ва Ҳамас, АҚШ билан муносабатлари ҳамда Россия-Украина урушига тўхталиб ўтди.

Фото: Туркия президенти матбуот хизмати

БМТ Бош Ассамблеяси доирасида АҚШга ташриф буюрган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған 22 сентябрь куни Доналд Трамп ва республикачиларни фаол қўллаб-қувватлаши билан танилган Fox News телеканалига интервью берди. Эрдўған суҳбатда Исроилнинг Ғазодаги уруши ва Ҳамас, АҚШ билан муносабатлари ҳамда Россия-Украина уруши масалаларига тўхталиб ўтди. Anadolu нашри интервьюнинг муҳим нуқталарини жамлади.

Исроилнинг уруши ҳақида

Эрдўған Исроил Ғазода «тўлиқ геноцид» амалга ошираётганини айтди ва Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳуни тўғридан-тўғри қотилликларда айблади.

«Бошқа йўл билан тушунтиришимиз мумкин деб ўйламайман. Бу тўлиқ геноцид. Ва бу геноциднинг сабаби Нетаняҳу. Афсуски, Нетаняҳу бешафқатларча бу геноцид билан ўн минглаб одамларни ўлдирди», деди Эрдўған Fox News'га.

Унинг қўшимча қилишича, Ғазода 120 мингдан ортиқ одам яраланган ва Туркия кўплаб жароҳатланганларни даволаниш учун мамлакатга қабул қилган. «Биз бу геноцидга бутунлай қаршимиз», деди у.

Шунингдек, Эрдўған ҳамма айбни Фаластиндаги қуролли гуруҳ – Ҳамас зиммасига юклашни ҳам рад қилди.

Эрдўған Нью-Йоркдаги турк диаспораси билан кўришмоқда. 22 сентябрь, АҚШ / Фото: Туркия президенти матбуот хизмати

«Бу бир томонлама жиноят эмас. Фақат Ҳамасни айблаш нотўғри бўлади, деб ўйлайман. Шу билан бирга, Нетаняҳунинг қилган ишларини қандай қилиб четга сурамиз?» деди у.

«Мен Ҳамасни террорчи ташкилот деб ҳисобламайман. Аксинча, уни қаршилик гуруҳи деб кўраман… Улар ўзларини ҳимоя қилиш учун мавжуд имкониятларидан фойдаланмоқда. Қурол масаласига келганда, Ҳамасни Исроил билан солиштириш мумкин ҳам эмас. Лекин Исроил бу кучни раҳмсизларча ишлатмоқда – 7 ёшдан 70 ёшгача, болалар, аёллар, қариялар. Ҳеч қандай раҳм-шафқат йўқ. Бу одамлар ўлдирилмоқда».

Туркия етакчиси Ғазодаги урушга чек қўйиш истиқболларига шубҳа билдирди, уни ҳал бўлмаётган Россия-Украина уруши билан таққослади.

«[Доналд Трамп] айтганини эслашингиз мумкин: «Мен Россия-Украина урушини тугатаман», деганди у. Тугадими? Ҳали ҳам давом этмоқда. Худди шунингдек, у «Мен Ғазодаги урушни тугатаман», деган. Тугатдими? Йўқ».

Фото: New York Times

2023 йил 7 октябрдаги Ҳамас ҳужумидан сўнг Исроил Ғазода олиб бораётган уруш – Фаластин халқига нисбатан геноцидга айланиб кетди. Унда 65 мингдан ортиқ фаластинлик Исроил ҳужумлари қурбони бўлди. Ҳарбий кампания анклавни вайрон қилди ва у ерда расман очарчилик бошланди.

2024 йил ноябрь ойида Халқаро жиноий суд Нетаняҳу ва унинг собиқ мудофаа вазири Йоав Галлантга Ғазодаги уруш бўйича уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятлар учун ҳибсга олиш ордери чиқарди. Исроил, шунингдек, Ғазодаги уруши бўйича Халқаро судда геноцид иши билан юзлашмоқда.

Туркия-АҚШ муносабатлари

Туркия президенти 25 сентябрь куни Оқ уйда Трамп билан бўладиган учрашуви ҳақида ҳам гапирди. Эрдўған учрашувда тўхтаб қолган F-35 қирувчи самолётлари дастурини кўтармоқчи.

«Биз F-35 лойиҳасида ҳамкор бўлганмиз. Ҳозиргача 1,4 миллиард доллар тўладик… Баъзи самолётлар етказиб берилиш арафасида эди, аммо охирги дақиқада етказиб бериш тўхтатилди. Менимча, бу стратегик ҳамкорликка ярашмайди,» деди у.

АҚШнинг F-35 қирувчи самолётлари / Фото: Defence News

Яқинда АҚШ Туркияга F-16 қирувчи самолётларини сотишга рухсат берган бўлса-да, Анқаранинг Россиядан C-400 ҳаво мудофаа тизимини харид қилиши бўйича келишмовчиликлар сақланиб қолмоқда. Бу Туркиянинг F-35 дастуридан чиқарилишига ва кейинчалик АҚШ санкцияларига олиб келган.

Президент Эрдўғаннинг айтишича, Оқ уйда бўладиган музокараларда F-16 самолётларини етказиб бериш, ишлаб чиқариш, техник хизмат ва кенгроқ мудофаа ҳамкорлиги ҳам муҳокама қилинади.

Эрдўған АҚШ-Туркия иқтисодий ва саноат алоқалари ҳақида оптимистик руҳда фикр билдирди.

«Менимча, бу алоқалар жуда яхши ривожланади, айниқса мудофаа саноатида. Шу билан бирга, саноат ва технология соҳаларида ҳам Туркия ва АҚШ ўзаро муносабатларини яхшилайди», деди у.

Россия Украина уруши

Президент Эрдўған Россия-Украина уруши ҳақида гапирар экан, Туркия ҳар икки давлат билан ҳам мувозанатли муносабатда эканини таъкидлади.

«Россия жуда жиддий талафот кўрмоқда. Украина ҳам жуда катта талафот кўрмоқда — ҳам инсоний, ҳам молиявий жиҳатдан. Биз бундай бўлишини истамаган эдик», деди у.

Фото: Туркия президенти матбуот хизмати

У НАТО Туркиянинг ёндашувига ўхшаш, яъни ҳар икки томон билан дипломатик алоқаларни олиб борадиган моделни қабул қилиши мумкинлигини таклиф қилди.

Президент Эрдўған, шунингдек, Европанинг Туркияга бўлган муносабатини танқид қилди. У Туркия 50 йилдан ортиқ вақт давомида НАТО аъзоси бўлганига қарамай, Европа Иттифоқига қабул қилинмаганини «адолатсизлик», дея баҳолади.

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид