Озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича инфляцион босимнинг асосий омили гўшт маҳсулотлари нархи бўлди - вазирлик
Жорий йил бошидан (январ-август ойларида) инфляция даражаси 4,8 фоизни ташкил этиб, 2019 йилнинг мос даврига нисбатан сезиларли даражада секинлашиш кузатилди (8,2 фоиз).
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги шарҳида айтилишича, август ойида йиллик инфляция даражаси 2017 йилнинг май ойидан бери ўзининг энг паст даражасига эришиб, 11,7 фоизни (2019 йилда 16,5 фоиз) ташкил этди.
2020 йил бошидан истеъмол нархлар индексининг ўсиши мўътадил бўлиб, ўрганилаётган даврда истеъмол нархларининг умумий ўсишида ноозиқ-овқат товарлари ва хизматлар улушининг сезиларли пасайиши, озиқ-овқат маҳсулотлари улушининг эса сезиларли даражада ўсиши кузатилди.
2020 йилда ички бозордаги нархлар озиқ-овқат маҳсулотлари ва бирламчи эҳтиёж товарларига бўлган юқори талаб даражаси, апрель ойидаги сўмнинг девалвацияси ҳамда мева ва сабзавотлар нархларининг ўтган йилларга нисбатан унчалик юқори бўлмаган мавсумий пасайиши каби омиллар таъсирида шаклланди.
Ноозиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматлар нархлари ўсишининг секинлашуви эса, аксинча нархлар умумий ўсишини жиловловчи хусусиятга эга бўлиб, ушбу ҳолат, энг аввало, карантин даврида иқтисодий фаолликнинг пасайиши билан изоҳланади.
Жорий йилнинг август ойида озиқ-овқат маҳсулотлар нархлари ўсиши ўртача 0,3 фоиз (2019 йил август ойида 2,3 фоиз) даражасида шаклланди. Бундан ташқари, апрел ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг 3,3 фоизга кескин ўсишига қарамасдан (2018 ва 2019 йилларнинг мос даврида 1,0 ва 0,3 фоиз), жорий йилнинг 8 ойи давомида озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича инфляция даражаси 5,2 фоизни (2019 йилнинг 8 ойида 7,0 фоиз), йиллик ҳисобда эса 16,7 фоизни (19,7 фоиз) ташкил этди.
2020 йилнинг август ойида кузатилган озиқ-овқат нархларининг йиллик ўсиши умумий инфляция даражаси ва ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткичларга нисбатан юқори бўлди. Шу билан бирга, мева-сабзавотларнинг йиллик инфляция даражасига таъсири камайиб, энг юқори нарх ўсиш суръатлари гўшт маҳсулотларида кузатилди (йиллик ҳисобда 18,2 фоиз). Бундан ташқари, Қозоғистонда буғдой ҳосилининг пасайиши тегишли товар гуруҳлари бўйича нархларнинг ўсиши ва жорий йил январь-август ойларида импорт қилинадиган буғдой уни ҳажмларининг ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 113 минг тоннага (-35 фоиз) камайишида ўз аксини топди. Шунингдек, апрель ойидан кейин буғдой импортининг ўсиши кузатилди.
Таъкидланишича, озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича инфляцион босимнинг асосий омили гўшт маҳсулотларининг нархи бўлиб, ушбу ҳолат асосан гўшт ишлаб чиқариш ҳажмининг барқарор даражада ўсишини таъминлаш учун зарур бўлган озуқа базасининг ривожланмаганлиги сабабли вужудга келган. 2020 йилнинг январь ойидан августигача бўлган даврда гўшт ва гўшт маҳсулотлари импортининг 2,0 бараварга (15,6 дан 31,8 минг тоннагача) кўпайиши нархларнинг ўсишини жиловлаш имконини берди.
Мавзуга оид
14:56 / 19.12.2024
Ўзбекистон озиқ-овқат маҳсулотлари Покистон бозорига олиб кирилади
20:23 / 10.12.2024
Ёғ-мой маҳсулотлари экспортига рухсат берилиши мумкин
10:13 / 03.12.2024
Ноябр ойи учун инфляция даражаси маълум қилинди
11:31 / 18.11.2024