Шоҳимардонга бориш янада осонлашди: “Фарғона” ва “Оқ қия” постлари 24 соатлик режимга ўтди
Фарғона вилояти божхона бошқармасининг “Фарғона” чегара божхона пости ҳамда Шоҳимардонга кириш қисмида жойлашган “Оқ қия” божхона пункти тун-у кун ишлаш режимига ўтказилди. Бу эса эксклав ҳудуд – Шоҳимардон қишлоғига дам олишга борувчи фуқаролар учун айни муддао бўлди. Авваллари мазкур постлар эрталаб соат 6:00 дан 22:00 гача ишларди.
Мазкур янгилик Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаровнинг 2024 йил 18 июл куни Тошкент шаҳридаги учрашувида эришилган келишувлар доирасида амалга ошди. Қирғиз Республикаси президентининг Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифи чоғида томонлар икки давлат чегарасида жойлашган чегара божхона постларидан самарали фойдаланиш масаласини кўриб чиқишган эди.
Kun.uz мухбири “Фарғона” ҳамда “Оқ қия” чегара божхона постида бўлиб чегарадан ўтаётган йўловчи ва ҳайдовчилар билан суҳбатлашди.
“Қариндош-уруғларга яхши бўлди”
“Шоҳимардонликман. Чегараларимиз 24 соатлик режимига ўтиши бизни хурсанд қилди. Авваллари 3-5 соатлаб чегарада навбатимиз келишини кутиб қолиб кетар эдик. Ҳозир эса навбатлар анча камайган. Қирғизистон томонида ҳам бекорга ушлаб туришлар бўлмаяпти. Энг асосийси, фарғоналик қариндош-уруғларимиз ортиқча қийинчиликларсиз хонадонимизга келиб-кетишмоқда”, дейди йўловчилардан бири Улуғбек Қосимов.
“Ўзбек-қирғиз дўстлиги янада мустаҳкамланяпти”
“Қирғизистонликман, такси ҳайдайман. Бир кунда 2 ёки 3 марта чегарадан ўтишга тўғри келади. Кириб-чиқиш 24 соатлик тизимга ўтгандан бери аҳвол анча яхшиланди. Авваллари кечки соат 23:00 дан кейин чегарадан ўтиб бўлмас эди. Ҳозир эса бемалол: ярим тунда ҳам ўтиб кетяпмиз. Чегарада асоссиз 2-3 соатлаб қолиб кетар эдик, Ўзбекистон ва Қирғизистон давлатлари бир-бирига бу борада кўмаклашаётганидан хурсандман, албатта. Ўзбек-қирғиз дўстлиги янада мустаҳкамланяпти”, дея таъкидлайди такси ҳайдовчиси Нурали Рўзибоев.
“Аввал чегарада узоқ қолиб кетардик”
“Шоҳимардон қишлоғиданман, ҳайдовчилик билан шуғулланаман. Фарғона шаҳридан Шоҳимардонга, Шоҳимардондан Фарғонага одам ташийман.
Чегараларимиз 24 соат ишлаш режимига ўтгандан бери Шоҳимардонни зиёрат қилувчи сайёҳлар учун анча енгилликлар бўлди. Кечки соат 1:00 ёки 2:00 да ҳам сўлим қишлоққа келишни хоҳлаган сайёҳларни олиб келяпмиз, навбатлар камайган. Бундай шароитлар яратилгани учун шукр. Аввал чегарада 2 соат ёки 3 соатлаб қолиб кетар эдик, ҳозир кўп енгилликлар бўлди, навбатлар камайган, Аллоҳга шукр”, дейди Азизхон Акрамов.
“Туристлар оқими кўпайди”
Фарғона вилояти Божхона бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Шавкат Сотиволдиев божхона пунктлари 24 соатлик режимга ўтгач, чегарада навбатлар кескин камайгани ҳақида таъкидлади:
“25 июлдан Фарғона вилояти бочхона бошқармасининг Фарғона чегара пости “Оқ қия” божхона пункти 24 соатлик иш тизимига ўтказилди. Бундан кўзланган асосий мақсад Фарғона тумани Шоҳимардон қишлоғига сайёҳлар қатновини ошириш, транспорт воситаларининг узун навбатларда қолиб кетишларини олдини олиш. Эътибор берадиган бўлсак, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Қирғизистон республикалари ўртасидаги дўстлик муносабатлари қалинлашмоқда. Шу сабабли фуқаролар, транспорт воситаларининг ҳаракатланиши сезиларли даражада ўсди.
Шунингдек, Шоҳимардонда дам олувчиларнинг сони ҳам ўсган, бу эса божхонада юзага келадиган оворагарчиликларни бартараф этиш масалаларини ҳал қилишни талаб қилди.
2023 йил 1 сентябридан бошлаб икки давлат фуқаролари учун ID карталар орқали чегараларни кесиб ўтишга рухсат берилди. Бу ҳам назорат ишларини тезлаштирган бўлса, ҳозир бу жараён 24 соатлик иш тизимида олиб борилмоқда. Авваллари иш соатимиз 6:00 дан 22:00 гача давом этган бўлса, ҳозир бу тизим ўзгартирилди”.
Маълумотларга кўра, Шоҳимардон қишлоғига “Фарғона” ҳамда “Оқ қия” чегара божхона постидан бир кунда ўртача 10 мингдан ортиқ фуқаро ўтади.
Сарвар Зиёев, Kun.uz
Монтаж устаси: Сардор Мамиров
Мавзуга оид
17:02 / 22.11.2024
Тошкентда 4 млн дона пиротехника буюмлари йўқ қилинди
11:20 / 22.11.2024
“Қани депутатлар, нега қарамаяпти?” — пропан нархидан ҳайдовчилар хавотирда
19:02 / 21.11.2024
Фарғона аэропортида ҳаво кемаларини қабул қилишга вақтинчалик чекловлар жорий этилди
11:28 / 21.11.2024