Шу боисдан боғбонлар куртакларни асраш учун турли усулларни қўллашмоқда. Kun.uz мухбири Фарғонанинг Қува туманида бўлиб, боғбонлар айни пайтда нималар қилаётгани билан танишди, ниҳолни совуқдан асраш бўйича энг мақбул ечимлар ҳақида боғбонларнинг маслаҳатларини олди.
Ўзгидромет 10-12 март кунлари республика ҳудудларида ҳароратнинг -8 даражагача пасайишидан огоҳлантирганди. Бу ноодатий об-ҳаво эндигина уйғонган куртакларни ва жорий йилдаги ҳосилни нобуд қилишини англатади. Шу боисдан боғбонлар куртакларни асраш учун турли усулларни қўллашмоқда.



Фарғона вилояти Қува тумани Толмозор қишлоғи. Адирликдаги боғларда асосан ўрик дарахтлари. Боғбонлар баҳор инжиқликларига доим сабрли ва бу уч кунлик совуққа ҳам жиддий тайёргарлик кўришган.


Дарахтлар асосан целлофан билан ёпинчиқ усулида ўраб чиқилган. Боғ ораларида хашак, тезак ёки автомобил шиналари тутатиб қўйилади. Целлофан совуқ шамолдан тўсса, боғ орасидан кўтарилаётган тутунни ўзида ушлаб ҳавони мўътадиллаштиришга ёрдам беради ва шу йўл билан дарахтлар совуқдан асралади.



Қирликда сув бўлмагани боис асосан шу усул билан совуқдан асралади.
«Боғимиз 5 гектар, унда турли навдаги ўрик дарахтларимиз бор, целлофан билан ўраб чиқдик ҳаммасини, анча маблағ кетди. Бунинг учун чорваларимгача сотдим. Бу ҳаракатларимиз билан ҳосилнинг нари борса ярмини асраб қола оламиз, шу ишни қилмасак бир йилимиз бекор ўтади» дейди боғбон Муҳаммаджалил Тешабоев.















