АҚШнинг “аср келишуви” деталлари ошкор қилинди
АҚШ президенти Дональд Трампнинг Яқин Шарқдаги вазиятни тартибга солиш бўйича “аср келишуви” номи билан маълум бўлган режаси деталлари эълон қилинди. Таъкидланишича, материалларни журналистларга ташқи ишлар вазирлиги ходимлари берган, ҳужжат манбаси маълум қилинмаган.
Режага кўра, Исроил, Фаластинни озод қилиш ташкилоти ва ҲАМАС ҳаракати “Янги Фаластин” деб номланадиган фаластин давлати ташкил этилиши ҳақидаги келишувни имзолайди. Бу давлат яҳудийлар турар жойлари эгаллаган ерлардан ташқари Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғи ва Ғазо секторини ўз ичига олади. Яҳудийлар турар жойлари блокига чекка қишлоқлар киради, улар Исроилга тегишли бўлади.
Ҳужжатда таъкидланишича, Ал-Қудс бўлинмайди ва “Янги Фаластин” ҳамда Исроилнинг умумий пойтахти мақомини олади. Шаҳарнинг араб аҳолиси Фаластин давлати фуқаролари бўлади. Уларга яҳудий уйларни, яҳудларга эса араб уйларини сотиб олиш тақиқланади.
“Янги Фаластин” Мисрдан Ғазо сектори яқинидаги ерларни ижарага олади. Уларда аэропорт, фабрикалар, қишлоқ хўжалиги ишлари ва савдо учун ҳудудлар яратилади. Ижарага олинадиган ҳудудларнинг ўлчами ва нархини келишувни қўллаб-қувватловчи томонлар: АҚШ, Европа Иттифоқи ва Форс кўрфази давлатлари белгилайди. Бу давлатлар “Янги Фаластин”га миллий лойиҳалар учун 5 йил давомида 30 млрд доллар тақдим қилишлари керак бўлади.
Лойиҳага кўра, фаластин давлатида армия бўлмайди. Енгил қуролга фақат полиция ходимлари эга бўлишлари кўзда тутилган. ҲАМАС келишув имзоланганда ўз қуролини топширади. Бир йил ичида Фаластинда сайловлар бўлиб ўтиши керак бўлади.
Бундан ташқари, Иордан дарёси водийси Исроилга тегишли бўлади. ҲАМАС ва Фаластинни озод қилиш ташкилоти таклифлардан воз кечгудек бўлса, АҚШ фаластинликларга молиявий ёрдамни блоклаб қўяди. Агар Фаластинни озод қилиш ташкилоти келишувга рози бўлса-ю, ҲАМАС рози бўлмаса, ҳаракат етакчилари жавобгарликка тортилади. АҚШ, шунингдек, Исроил ва ҲАМАС ўртасида ихтилофлар авж олса, Исроилни қўллаб-қувватлашга ваъда беради.
Май бошида Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Фаластин президенти Маҳмуд Аббосга “аср келишуви”ни қўллаб-қувватлаш учун 10 млрд доллар ваъда қилгани маълум қилинганди. Бироқ Аббос бу таклифдан бош тортган ва бунга рози бўлиш унинг сиёсий карьерасининг ниҳоясини англатишини айтган.
Апрелда АҚШ президентининг куёви ва маслаҳатчиси Жаред Кушнер келишув июнда тақдим қилинишини маълум қилган.
Фаластин АҚШ 2017 йил декабрда ал-Қудсни Исроил пойтахти деб тан олгандан кейин америкаликларнинг Исроил-Фаластин ихтилофини тартибга солишда воситачилик қилишига қарши чиқиб келади.
Исроил 1949 йилда мустақиллик учун уруш якунлангандан кейин Ал-Қудсни ўз пойтахти деб эълон қилган. У 1967 йилги Олти кунлик урушдан кейин Шарқий Ал-Қудсни босиб олиб, уни Ғарбий Ал-Қудс билан бирлаштирган. Бироқ бу БМТ томонидан тан олинмайди.