Ўзбекистон | 17:27 / 05.01.2021
30343
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Корея компанияси Тошкент вилоятида янги автомобил бозори қуради  

Жанубий Кореянинг Evergreen Motors Co Ltd компанияси Тошкент вилоятида автомобил савдоси билан шуғулланувчи марказлашган савдо мажмуаси қуради. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар берди.

Қайд этилишича, Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматов, вилоят ҳокими ўринбосари Жамшид Абдусаломов Evergreen Motors компанияси вакиллари билан учрашув ўтказган. Унда хориж компанияси ижрочи вице-президенти Ким Ик Донг ва вилоят ҳокими Рустам Холматов иштирокида вилоят ҳудудида марказлашган савдо мажмуаси фаолиятини йўлга қўйиш хусусида  музокаралар олиб борилиб, икки томонлама келишув имзоланди. 

Тадбирда Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги яқин дўстлик, ҳамкорлик алоқалари эътироф этилиб, лойиҳанинг ташкилий ишларини амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди. 

Келишувга кўра, Тошкент вилоятида Жанубий Корея инвесторлари билан ҳамкорликда автомобил савдоси билан шуғулланувчи марказлашган савдо мажмуаси ва автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчалари иш бошлайди. 

Таъкидланишича, ҳозирда лойиҳанинг қурилиш ишлари учун вилоят ҳудудидан 1 гектар ер майдони ажратилган. Умумий қиймати 1 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи лойиҳа ишга туширилгач, 100та иш ўрни яратилади. Лойиҳа жорий йилнинг IV чорагига қадар ишга туширилиши кўзда тутилмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид