Ўзбекистон | 21:01 / 02.03.2021
12458
4 дақиқада ўқилади

Сардоба сув омборини қайта қурувчи компания тендер орқали аниқланади

Қурилиш вазири Ботир Зокиров 1 март куни ўтказилган матбуот анжуманида Сардобадаги ўпирилган тўғонни таъмирлаш, етказган зарарлар ўрнини тўлдириш ишлари «ТўпалангсувГEСқурилиш» МЧЖ, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖга юклатилганини маълум қилди.

«Вазирлар Маҳкамаси таклифи билан қарор ишлаб чиқилди. Унга кўра, ўпирилган тўғонни таъмирлаш, етказган зарарлар ўрнини тўлдириш ишлари «ТўпалангсувГEСқурилиш» МЧЖ ва «Ўзбекистон темир йўллари» АЖга юклатилган. Улар ўзининг ҳисобидан бу ишларни амалга оширмоқда. Бу – биринчи босқичдаги иш. Бу ишлар учун давлат бюджетидан бир сўм сарфланмаяпти.

Кейинги босқичда сув омборини қайта қуришга оид лойиҳаларимиз халқаро экспертизадан ўтказилганидан сўнг тендерга қўйилади. Тендер шаффофлик асосида ўтказилади ва унда ким ютиб чиқишини вақт кўрсатади.

Олдиндан бир нарса дея олмаймиз. Қайта қуриш жараёни қачон бошланиши ҳам аниқ эмас. Чунки тўғонни қайта тиклаш анча вақт олади, буёғига шошилиб бўлмайди.

Ҳозир мавжуд сувни ушлаб туриш учун бетондан тўғон қилинди. Сув омборнинг табиий қозончасида сув бўлади, тўғон қисмигача чиқмайди. Сув керак, ҳудуддаги минглаб гектар ерларни суғориш керак», дея қурилиш вазирининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Ботир Зокиров иккинчи босқичдаги ишларни бажарадиган компания тендер орқали аниқланишини маълум қилган.

«Қурилиш вазирлигининг асосий мақсади лойиҳа қурилишларида ҳақиқий рақобат муҳитини ташкил этишимиз керак. Энди «ТўпалангсувГEСқурилиш» МЧЖ ҳақида ҳам гапирсам, бу – кўзга кўринган ташкилотлардан бири, Бухорода йирик халқаро лойиҳамиз бор, хорижий маблағлар ҳисобига қуриладиган. Ўшанда «ТўпалангсувГEСқурилиш» МЧЖ 6-7та чет эллик ташкилотлар орасида тендерни ютиб чиқди, сифати жиҳатдан улар олиб бораётган ишларга менинг эътирозим йўқ. Сал шошилмайлик, ҳамма жавоблар чиқади, ким нима айб қилгани», дея қўшимча қилди у.

Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев ҳам сув омборини ким қайта қуриши халқ билан маслаҳатлашилишини, шундан сўнг тендер ўтказилишини маълум қилган.

«Ҳамма объектларни «ТўпалангсувГEСқурилиш» МЧЖ қураётгани йўқ. Масалан, Марказий Фарғона сув омбори, Булунғурда сув омбор қуриляпти ва уларни бошқалар қуряпти. У ерда шаффоф тендерлар бўлади. Ҳозир ташкилотларимиз техникалар оляпти, тажриба орттиряпти, ҳозир тендерлар бутунлай янгича, шаффоф бўлади. Ҳатто тендер аъзолари билмайди қайси ҳужжат қайси ташкилотники эканлигини.

Ҳозир вақтинчалик тўғон бўлди, у жараёнда «ТўпалангсувГEСқурилиш» МЧЖ қатнашди. Лекин иккинчи босқичда шаффоф тендер бўлади. Ҳали лойиҳанинг ўзи тугалланмаган, у тугалланади, халқ билан маслаҳатлашилади, сўнг тендер бўлади.

Яна бир масала, молиялаштириш масаласида жуда кўп қийинчиликлар бўлган. Шу объект қурилишида кўп ишларни бирданига катта маблағ сарфлаб қилиш керак. «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси шунга қодир эди. Жараённи қарасангиз ҳам доим биз буюртмачи сифатида улардан қарздор бўлиб турганмиз, яъни молиялаштириш масаласида қийинчилик», дейди Шавкат Ҳамроев.

Мавзуга оид