Навбат Навоий кўчасига. Тошкент кўчалари трассага айланмоқда
Тошкент шаҳар ҳокимлиги нафақат илмий тадқиқотлар хулосаларини инкор қиляпти, балки президент Шавкат Мирзиёевнинг шаҳар биринчи навбатда пиёдалар учун қулай бўлиши кераклиги ҳақидаги топшириғига ҳам тескари йўл тутмоқда.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги Алишер Навоий шоҳкўчаси реконструкция қилинишини эълон қилди ва лойиҳа рендерини тақдим этди.
Ҳокимлик бу орқали “тирбандликларни камайтириш, ҳайдовчилар ҳамда пиёдаларга қулайлик яратиш” мақсад қилингани, лойиҳа “малакали мутахассислар” гуруҳи томонидан ишлаб чиқилганини билдирган.
Gazeta.uz нашри лойиҳадаги камчиликларни кўрсатиб, пойтахт ҳокимлиги бундай хатоларга аввал ҳам йўл қўйгани, шаҳарда транспорт муаммоларини ҳал этишнинг нотўғри стратегияси қўлланаётгани ҳақида ёзиб чиқди.
Нашр мазкур мақоласи орқали давлат раҳбарига мурожаат қилган. “Ҳокимлик жамоатчилик овозини эшитмаяпти”, дея қайд этган Gazeta.uz.
Таъкидлаш лозим, Тошкент шаҳар ҳокимлиги транспорт муаммоларини ҳал қилиш бўйича танлаган йўл (йўлларни кенгайтириш, йўл ўтказгичлар қуриш – умумий айтганда пиёдаларни эмас, автомобилларни биринчи ўринга қўйиш) – шаҳарсозлик соҳасидаги тадқиқотлар хулосаларига зид.
Дунёнинг йирик мегаполислари тажрибасида исботланган қоидага кўра, йўл қанча кўп ва кенг бўлса, тирбандлик шунча кўпаяди. Шаҳар йўллари автомобилларни кўпроқ ва тезроқ ўтказишни эмас, балки кўпроқ одамни ўтказиш орқали хавфсиз муҳитни таъминлаши керак; кўпроқ одам йўлда юриши учун эса сифатли жамоат транспорти зарур.
Афсуски, Транспорт вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги нафақат бу илмий ёндашувдан юз ўгириб хатолар кетидан хатолар қилишда давом этмоқда, балки шахсан давлат раҳбарининг такрор-такрор берган топшириқларига ҳам зид йўл тутяпти.
“Йўлларимизда пиёдалар ҳаракати, одамларнинг ҳаловати, саломатлиги устувор бўлиши керак”, деганди президент Шавкат Мирзиёев 2020 йилдаги тақдимотлардан бирида. Давлат раҳбари 2022 йил 2 февралида тасдиқлаган Тошкент шаҳрида жамоат транспортини ривожлантиришнинг 2025 йилгача бўлган концепциясида ҳам қуйидагича белгилаб қўйилганди:
“Концепциянинг асосий моҳияти Тошкент шаҳрида қулай, жозибадор бўлган жамоат транспорти тизимини ташкил этиш, бунда биринчи ўринда пиёдалар, кейинги ўринда мос равишда велотранспорт, шаҳар жамоат транспорти ва шахсий автотранспорт учун қулай инфратузилмани яратишдан иборат”.
Gazeta.uz Алишер Навоий кўчасининг реконструкция лойиҳасини таҳлил қилиб, унда қуйидаги камчиликлар борлигига эътибор қаратган.
Пиёдалар ўтиш жойлари сони камроқ бўлади. Ҳозирда улар қулай ва мантиқий – кесишувчи тротуарлар бўйлаб жойлашган бўлса, эндиликда улар сонини камайтирган ҳолда бошқа жойларга кўчирилади. Пиёдалар қўшимча юзлаб метр масофани пиёда босиб ўтишлари керак бўлади, бу эса одамларнинг кўчадан югуриб ўтиши ва ўз ҳаётларини хавф остига қўйишига олиб келиши мумкин.
Ўтиш жойларида пиёдалар учун йўл узунроқ бўлади – тўрттагача бўлакни кесиб ўтишга тўғри келади. Навоий-Лабзак чорраҳасида одатдаги тўғридан тўғри кесиб ўтиш “П” шаклида кесиб ўтишга алмашади, бу эса ўнлаб қўшимча метрлар ва “ҳуқуқбузар” пиёдалар сонининг кўпайишини англатади.
Йўлнинг айрим қисмларида автомобил ҳаракатланиш бўлаклари кўпаяди. Ҳайдовчиларга қулайлик яратиш учун ўнгга бурилишлар тўсиқсиз қилиб қўйилади. Айрим участкаларда светофорсиз ўтиш пайдо бўлади, бу ҳам пиёдалар учун хавфларни оширади.
Бурилишлар ва ортга қайрилиб олишлар Фарғона йўли кўчасидагидек, яъни энг четдаги ўнг бўлакдан ташкил этилади. Бу кўчада биринчи марта ҳаракатланаётган ҳайдовчилар учун ноқулайлик туғдиради, буни Фарғона йўлида доимий равишда кузатиш мумкин, бу ерда ҳайдовчилар кўпинча ўнгга бурилиш/ортга қайрилиб олишларни ўтказиб юборади ва қўшимча айланалар қилишга мажбур бўлади. Светофор ишламаган вақтларда бу ерларда коллапс вужудга келади.
Пиёдалар учун хавфсизлик оролчалари йўқ (автомобиллар қулай бурилиши учун мўлжалланган учбурчакларни хавфсизлик ороли деб бўлмайди). Айрим ўтиш жойларида баъзи ҳаракат бўлаклари учун қизил, баъзилари учун яшил светофор ёнади.
Навоий кўчасидан чапга, Пахтакор кўчасига бурилиш ёпиб қўйилади, шу билан бирга Пахтакор кўчасидан Навоий кўчасига чапга буриб бўлмайди.
Кўплаб дўконлар ва умумий овқатланиш жойлари бор кўчада автомобиллар тартибли тўхташи учун жойлар кўзда тутилмаган. Бу эса тартибсизлик авж олиши, ҳайдовчилар машиналарини тротуарларга ва ҳовлиларга қўйиб кетишини англатади.
Бекатлар учун камгаклар кўзда тутилган. Бу автобусларнинг бекатлардан чиқиб кетишини қийинлаштиради.
Фақат жамоат транспорти учун мўлжалланган ҳаракатланиш бўлаклари лойиҳада йўқ. Бу эса президент тасдиқлаган концепцияга зид равишда, устуворлик жамоат транспортига берилмаганини англатади.
Навоий кўчаси аввалбошдан трамвай юришини ҳисобга олган ҳолда қурилган бўлиб, Тошкент трамвайининг илк йўналиши ҳам шу кўчадан ўтганди. Бироқ ҳокимлик лойиҳасида бу транспорт турини қайта тиклаш бўйича ҳеч қандай ишоралар йўқ. Бу ҳақда куни кеча президент томонидан эълон қилинганига қарамай, на ҳокимлик, на Транспорт вазирлиги ҳалигача аниқ баёнот бергани йўқ.
Фарғона йўли кўчасидаги ҳолатлардан сабоқ чиқарилмаган: у ерда ўт ўчириш машиналарининг чиқиши учун ажратгични ўрнатиш ва тартибга солинмаган “зебра” чизишга тўғри келганди. Муқимий кўчасида эса трамвай йўқ қилинганидан кейин расмийлар “светофорсиз трасса” қуришга қарор қилган, аммо кейинчалик панжараларни олиб ташлашга, чорраҳаларни қайтадан очишга ва светофорларни қайтаришга ҳамда пиёдалар ўтиш жойларини ташкил этишга тўғри келганди.
Нашр шаҳарда реконструкция қилинган кўчалар, тротуарлар, велойўлакларни мустақил аудитдан ўтказиш, заруратга қараб лойиҳаларга ўзгартишлар киритиш ва камчиликларни бартараф этишни таклиф қилган. Аудит якунига қадар, шунингдек ягона стандартларни белгилаб олмагунча лойиҳаларни тўхтатиб туриш, жамоатчилик билан ҳам ҳисоблашиш зарурлиги таъкидланган.
“Ҳокимлик хабарини шунчаки қайта эълон қиладиган Ўзбекистон йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бу сафар ҳам шундай қилди. Бу ЙҲХХда лойиҳа бўйича саволлар йўқлиги ва уни тўлиқ қўллаб-қувватлашини англатадими? Худди йўллар ўртасига тўсиқлар ўрнатилиши, кўчаларнинг кенгайтирилиши, маҳлуқсифат транспорт боғламалари, ер усти пиёдалар ўтиш жойлари қурилишлари ва келгусида ҳам режалаштирилаётган қурилишлар ҳамда бошқа “такомиллаштиришлар”ни қўллаб-қувватлагани сингарими?” – дея қўшимча қилинган мақолада.
Тошкентнинг қоқ марказида қайта-қайта таъмир
Мурожаат-мақола эълон қилингач, қатор блогерлар ундаги фикрларни қўллаб-қувватлашини билдирди. Telegram'даги Davletovuz канали Тошкент фақат марказий кўчалардан иборат эмаслигига эътибор қаратди.
“Фақат Тошкентнинг қоқ марказида қайта-қайта таъмирлаш ишлари билан шуғулланадиган пойтахт ҳокимлиги учун ободонлаштириш керак бўлган ўнлаб кўчаларни кўрсатиш мумкин.
Масалан, Муқимий кўчасидан бошланадиган Қатортол ва ал-Хоразмий кўчалари бўйлаб Катта Хирмонтепа кўчасигача одамлар ҳордиқ чиқариши, пиёдалар ҳаракатланиши мумкин бўлган ва автомобиллар билан кесишмайдиган ажойиб яхлит аллея қурса бўлади.
Жаҳонгир Ортиқхўжаев, модомики аллея қурмаса ҳам, ўша йўл бўйлаб бир пиёда юриб кўрса бўларди. Тошкент фақат марказдан иборат эмас.
Чилонзор ҳокимлиги шу йўналишда пиёдалар учун гўёки қилган таъмирлаш-ободонлаштириш ишлари алалоқибат яна автомобиллар учун қулай бўлиб қолган эди”, дея ёзди блогер.
Яна яширин фармойишларми?
Иқтисодчи Отабек Бакировнинг тахмин қилишича, бузиш-қуриш ишлари яна ёпиқ фармойишлар билан тасдиқланган.
“Давлетов тўғри ёзяпти. Пойтахтнинг қоқ марказида қайта-қайта таъмирлаш ишларининг афзаллиги анча юқори. Гап балки шунда.
Шунақа таассуротки, жуда тез бошлаб олишмаса, қуруқ қолишадигандек. Бирданига Навоий ва Бобур кўчалари, Авиасозлар саройи, Космонавтлар хиёбонини ёппасига бузиб-таъмирлашга тушиб кетишди. Ҳаммасида ҳокимга тааллуқли субъектлар. Лекин бирортасининг лойиҳа қиймати, молиялаш манбалари эълон қилинмаган. Бузилаётган маконларнинг маданий мерос нуқтаи назаридан асралиши лозимлиги яна алоҳида масала.
Катта эҳтимолки, бузиш-қуриш ишлари яна ёпиқ фармойишлар билан тасдиқланган. Бегона бўлмаган пудратчилар тендерсиз белгиланган.
Айтгандай, ўтган йили Катта ҳалқа йўли ва Кичик ҳалқа йўлини бирлаштирадиган Истироҳат кўчаси бўйлаб хиёбон кўча қуришни ваъда этишган. Ётибди бу кўча ҳалиям, чангга ботиб, ямаларга тўлиб. Бундан кўра ялтираган Бобур кўчасини янада ялтиратиш фойдалироқ уларга”, дея ёзди иқтисодчи.
Қайта ва қайта Америка очиш
Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев шаҳар ҳокимлигининг бундай қарорлари тагида ётган ёндашувнинг ўзи хато эканига урғу берган.
“Gazeta.uz'нинг давлат раҳбарига қилган мурожаатига мен ҳам тўлиқ қўшиламан. Негадир биз “йўлларни кенгайтирсак, муаммолардан қутуламиз”, деган эскича ва нотўғри қарашдан воз кеча олмаяпмиз. Ривожланган давлатлар тажрибаси бунинг тескариси эканлигини аллақачон исботлаган. Йўқ, биз барибир қайта ва қайта Америка очишда давом этишимиз керак”, деб муносабат билдирди блогер Хушнудбек Худойбердиев.
Мавзуга оид
10:51
Тошкент аэропортида эшитиш қобилияти чекланган шахслар иш бошлади
17:02 / 22.11.2024
Тошкентда 4 млн дона пиротехника буюмлари йўқ қилинди
15:28 / 22.11.2024
Светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланган Malibu пиёдани уриб юборишига оз қолди
21:43 / 21.11.2024