Иқтисодиёт | 15:50 / 21.01.2026
1872
3 дақиқада ўқилади

Элчихоналарда тадбиркорлар учун колл-марказ ташкил қилиш таклиф этилди

Ўз мажбуриятини бажармаётган хориждаги ҳамкорлар билан судма-суд юришдан кўра, баъзан Ўзбекистон элчихонасининг аралашуви самаралироқ бўлади, дея Хитойдаги ўз тажрибасидан мисол келтирди тадбиркор Фахриддин Илёсов. У ўзбек тадбиркорлари шундай вазиятларда элчихоналардан қўллов олиши учун колл-марказлар ташкил этишни илгари сурди. Жамшид Хўжаев таклифни қўллаб-қувватлади.

17 январ куни Савдо-саноат палатаси тадбиркорларнинг ҳукумат аъзолари ва элчилар билан очиқ мулоқотини ўтказди.

Унда сўз олган тадбиркор Фахриддин Илёсов бир таклифни илгари сурди: унга кўра, хориждаги ҳамкорлари томонидан мажбуриятини бажармаслик муаммосига дуч келган ўзбек тадбиркорларига ўша мамлакатдаги Ўзбекистон элчихонаси қўлдан келганича ёрдам кўрсатиши керак.

Чет элдаги контр-агентларимиз билан муаммолар бўлиб туради. Дейлик, маҳсулотни ёки пулимизни беришмайди, бу бўйича судлашамиз, судларда ютамиз, лекин ўша давлатда таъсир доирамиз кичкина бўлгани сабабли, халқаро судларда ютган тақдиримизда ҳам, пулимизни ололмай қийналиб юрамиз.

Шундай бир кейс бўлдики, Хитойдаги бир тадбиркор пулимизни вақтида қайтариб бермаётганда элчихонамизнинг оддий қўнғироғи билан ҳамма иш битди. Сабаби, улар чўчишади. Шунга элчихоналарда тадбиркорлар учун колл-марказ бўлса, бир дона хат ёки битта телефон қўнғироғи билан ёрдам беришса. “Шу тадбиркордан қарзинг бор экан, ёки бошқа низо бор экан, шуни қилмаётган экансан, сенинг ишингни катта доирада кўтараман, ТИВга ёзаман, нота бераман”, деб туриб, таъсир ўтказса, суддан кўра кўпроқ натижа бўляпти. Шунга агар имкон бўлса, жуда яхши бўларди”, деди Илёсов.

У элчихонадаги колл-марказга тадбиркорлар томонидан бўладиган шикоятлар асосида ўша мамлакатдаги корхоналарнинг “қора рўйхати” ҳам тузилиши мумкинлигини қўшимча қилди.

Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев бу таклифни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Менимча, жуда тўғри фикр. Кўп элчиларимизда, айниқса Россияда колл-маркази бор. Тадбиркорларга ҳам шундай колл-марказ ва шу компаниялар билан ишламанглар деган “қора рўйхат”ни ҳам қилиш ҳуқуқий томондан қийин бўлмаса керак…

Агар ҳар бир элчихонамиз ўзининг веб-сайтида тадбиркорлар учун колл-марказ қилиб қўйса, манимча, жуда қулай бўлади”, – деди Хўжаев.

Дилшода Шомирзаева
Тайёрлаган Дилшода Шомирзаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид