Ўзбекистон | 13:03 / 04.04.2022
3657
4 дақиқада ўқилади

“Ташаббусли бюджет” – фуқаролик жамияти томон ташланган қадам

Имкон қадар тезроқ фуқаролик жамиятини – фуқароларнинг сиёсий фаоллигига асосланган жамиятни қуриш истак-орзуси билан яшаяпмиз. Чунки айнан шундай жамият самарали бўлишига ишончимиз тобора мустаҳкамланиб боряпти. Бу йўлда эришган баъзи муваффақиятларимиз ҳам бор, "Ташаббусли бюджет" – бунга бир мисол.

2021 йил ёзида Молия вазирлиги давлат бюджети ва қарзини шаффофлаштирувчи янгиланган “Очиқ бюджет” (openbudget.uz) платформасини ишга туширган эди. Платформа ичида “Ташаббусли бюджет” бўлими ҳам ишга тушди.

Ушбу бўлим орқали фуқаролар ўзлари яшаб турган ҳудуд инфратузилмасини яхшилашлари мумкин, хусусан ичимлик суви таъминоти, хиёбонлар, болалар ва спорт майдончалари, ички йўллар, мактабларни таъмирлаш ва жиҳозлаш ҳамда бошқа масалалар бўйича лойиҳаларни таклиф этиб, маҳаллий бюджетнинг тақсимланишида иштирок этишлари мумкин.

Бу ғоя мамлакатнинг турли туманларида ватандошлар томонидан юқори қизиқиш билан қарши олинди. Ҳатто фаоллар ичида “халқимиз ижтимоий ишлар атрофида фаол бирлашмайди деймиз, мана, бирлашаркан-ку” деган овозлар янгради. Ижтимоий тармоқларда “Фалон туманда фалон маҳалланинг фалон лойиҳаси ютиб чиқибди” деган хабарларга кўзимиз тушяпти.

Жойларда аҳоли ғалабани салют ва карнай-сурнайлар билан байрам қилиб нишонлаётган видеолардаги самимийлик ҳам эътиборга, эътирофга лойиқ. Водийдаги мухбиримиз Элмурод Эрматовнинг гувоҳлик беришича, одамларнинг ўзаро бирдам фаоллиги эвазига эришилган бундай ютуқ алоҳида кўтаринкилик билан кутиб олиняпти. Бу ҳол ижтимоий алоқаларнинг мустаҳкамланишига ҳам хизмат қилади.

Ва бу ажабланадиган ҳолат эмас – маҳалладошлар бирлашиб, кўпчилик бўлиб уриниши эвазига эришилган бу каби натижалар қилинаётган ишларга нисбатан дахлдорлик ҳиссини беради, у эса ўша жойда, кичкина бўлса-да, соғлом Жамият шаклланишига хизмат қилади.

Таъкидлаш лозим, кейинги беш йиллик Тараққиёт стратегиясининг биринчи бўлимида эркин фуқаролик жамиятини ривожлантиришга доир чоралар белгиланган. Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йил ноябр ойида иккинчи муддатга сайланганидан кейинги инаугурация маросимида демократик жараёнлар давом эттирилишини таъкидлаган эди.

“Янги муддатга лавозимга киришаётган Президент сифатида жонажон Ватанимизнинг бугунги куни ва келажаги учун бутун масъулият ва жавобгарликни чуқур ҳис этган ҳолда, айтмоқчиман: Халқимиз билан бошлаган демократик ислоҳотлар йўлини янада қатъий давом эттирамиз ва бу йўлдан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз! Янги Ўзбекистонни биргаликда, албатта, барпо этамиз!” – деганди давлат раҳбари.

Фуқароларнинг бевосита иштироки, демакки демократик йўл билан бюджетнинг бир қисмини тақсимлашга оид “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида одамларнинг фаоллигини рақамлар ҳам кўрсатиб турибди. Жами 69 минг 700 та ташаббус билдирилган, улар орасидан 40 минг 277 таси модерациядан ўтиб овозга қўйилган бўлса, уларга умумий 6 млн 718 минг 133 та овоз йиғилган. Энг кўп овоз тўплаган 2215 та ташаббус ғолиб деб топилди.

Эслатиб ўтамиз, мазкур лойиҳа президентнинг “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали жамоатчилик фикри асосида шаклланган тадбирларни молиялаштиришни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ташкил этилмоқда. Қарор қабул қилиниши ва унинг имзоланишида Молия вазирлигининг сай-ҳаракатларини эътироф этган ҳолда, шу руҳ ва йўналишдаги ишлар янада ривожланишини, шу билан бирга бошқа вазирликлар ҳам шунга ўхшаш – кишиларда дахлдорлик ҳиссини шакллантирувчи, “кимдир қилиб беришини” кутмайдиган, фаол кучли фуқаролик жамияти томон қадам бўладиган ташаббусларни кутиб қоламиз.

Шу билан бирга, жойларда лойиҳа ташвиқотини фаоллаштириш, маҳаллий ҳокимликларнинг норасмий-маъмурий аралашувини чеклаш механизмлари ҳам ишлаб чиқилиши мақсадга мувофиқ. Энг асосийси, сайлов жараёнларидаги ислоҳотларни давом эттирган ҳолда, давлат бюджети тақсимланишида халқ вакилларининг ролини кескин ошириш лозим.

Шокир Шарипов

Мавзуга оид