Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Очиқ бюджетда рекорд: “Менинг мактабим” лойиҳасига 112 мингта таклиф келиб тушди
Бюджет пулларини тақсимлашда мактаб ўқувчилари катталардан фаолроқ бўлиб чиқди: ташаббусли бюджетлаштириш жараёнлари тарихида лойиҳалар сони бўйича рекорд янгиланди. Ўқувчиларнинг бир қисми виртуал кўзойнак ва робототехника тўплами олишни хоҳлаётган бўлса, бошқалари парта ва тоза сув каби элементар шароитларни сўраяпти. Мактаб ҳудудида катта шахмат майдони қуришга ўхшаш антиқа ташаббуслар ҳам бор.
“Очиқ бюджет” порталининг “Менинг мактабим” саҳифасидан скриншот
“Менинг мактабим” лойиҳасининг 2025/26 ўқув йилидаги биринчи мавсуми доирасида лойиҳа киритиш босқичи ўз якунига етди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабарига кўра, 22-31 октябр кунлари мактаб ўқувчиларидан ўз мактабини қўшимча жиҳозлаш бўйича жами 112 272 та лойиҳа келиб тушган.
Бу кўрсаткич билан, “Очиқ бюджет” порталида ўтказиб келинаётган ташаббусли бюджетлаштириш жараёнларидаги рекорд янгиланди. Бундан олдинги рекорд “Ташаббусли бюджет”нинг 2022 йил 1-мавсумида ўрнатилган, ўшанда ўзбекистонликлар ўз маҳалласидаги шарт-шароитларни яхшилаш бўйича 69 мингта таклиф киритган эди.
“Менинг мактабим”да Тошкент шаҳридаги мактаблардан энг кўп – 18 229 та лойиҳа илгари сурилган. Юз мингинчи лойиҳани киритган ўқувчи – Миробод туманидаги 263-сонли мактабнинг 5-“A” синфидан Эмилия Заварзина бўлди. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Эмилияни табриклаб, унга “Молиявий луғат” китобини совға қилди.

Вазирлик, шунингдек, ўқувчиларни лойиҳада қатнашишга рағбатлантириш учун “Энг қизиқарли лойиҳа” танловини ҳам эълон қилган.
Кўплаб ўқувчилар интерактив сенсорли панел, рақамли микроскоп ва спорт жиҳозлари каби таълим билан боғлиқ таклифларни илгари сурган бўлса, айримлар мактаб учун виртуал кўзойнаклар ва робототехника тўплами сотиб олишни таклиф қилган. Мусиқа хонаси учун пианино олиш ёки мактаб ҳудудида катта шахмат майдони қуришни сўраётганлар ҳам бор.
Шу билан бирга, порталда синфхона учун замонавий парта, кийим жавон, сувдон (кулер), жўмрак учун мўлжалланган сув иситкич каби таклифларни ҳам кўриш мумкин.
Барча лойиҳалар 1-10 ноябр кунлари сараланади, саралашдан ўтганлари 11-20 ноябр кунлари овоз бериш босқичига ўтказилади. Овоз беришда фақатгина мактаб ўқувчилари ўз мактаби бўйича киритилган таклифларга овоз бера олади.
Шу тариқа, “Менинг мактабим” лойиҳаси ўқувчиларда ташаббускорлик, лидерлик ва жамоа бўлиб ишлаш сифатларини шакллантиради, давлат бюджети ҳақидаги тасаввурларини амалий тарзда бойитади.
Kun.uz аввалроқ хабар берганидек, энг кўп овоз олган таклифлар рўёби учун ҳар бир мактабга маҳаллий бюджетдан 62 млн сўмдан пул ажратилади.
Жорий мавсумда 112 та тумандаги мактаблар қатнашяпти. Қолган туманлар декабр ойида бўладиган иккинчи мавсумда иштирок этади.
Мавзуга оид
10:40 / 04.12.2025
Мактаб ва боғчалар қурилишини молиялаштириш маҳаллий бюджетларга ўтказилади
00:21 / 30.11.2025
Энг яхши солиқ тўловчи маҳаллалар учун рағбатлар эълон қилинди
14:33 / 24.11.2025
“10 ойда 15,5 трлн сўмлик утилизация йиғими тўланмаган” – Отабек Бакиров
13:17 / 22.11.2025