Ўзбекистон | 12:04 / 17.07.2021
26729
5 дақиқада ўқилади

«Ақлли» ҳисоблагичлар «ақлсиз» база билан келишмаганда: водийда олдиндан тўлов қилган истеъмолчиларнинг гази ўчиб қоляпти

Ҳозирги кунда кўплаб табиий газ истеъмолчилари янги, «ақлли» ҳисоблагичлардан фойдаланиб келмоқда. Бу ҳисоблагичлар таъминотни яхшилаши, хусусан, сунъий қарздорлик юзага келишининг олдини олиши кутилганди. Аммо ўрнатилганига бир йил ҳам бўлмай «ақлли» ҳисоблагичлар муаммо чиқармоқда. Айниқса, истеъмолчи табиий газдан қарздорлигини узиб, кейинги истеъмол учун пул тўлаб қўйганига қарамай, ҳисоблагичнинг қайта ишга тушмаслиги одамларни сарсон қиляпти.

Таҳририятга Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаролардан айнан шу мазмундаги мурожаатлар бўлди. Истеъмолчилар янги ҳисоблагич билан боғлиқ муаммолар уларни қийнаб юборгани, газ таъминоти идорасига қатнайвериб сарсон бўлаётганларини айтишди.

Фарғона шаҳрида яшовчи истеъмолчилардан бири шундай дейди: «10-15 кун олдин газимиз ўчиб қолди. 370 минг сўм қарз бўлганим ҳақида смс келди. «Горгаз»га бориб текширтирсам, 40 минг сўм қарз чиқариб беришди. 20 минг сўм ортиқчаси билан 60 минг сўм тўлаб қўйдим. Кейин ариза ёздириб олишди, ҳисоблагични суратга олиб келинг, дейишди. Шундай қилдим. Кейин ходимлар бориб газни ёқиб беришди.

Куни кеча эса 300 минг сўм қарзингиз бор, деб яна смс келди. «Горгаз»га борсам, сизда қарздорлик йўқ, 15 минг сўм ҳаққингиз бор экан дейишди. Нимага бунақа бўляпти десам, базада носозлик бўлаётганини айтишди. Бугун 15 июл куни эрталаб яна газ ўчиб қолди. «Горгаз»га борсам, у ерда тўпланган кўпчиликнинг ҳам дарди шу экан.

Ўзини муҳандис деб таништирган Жавлон исмли йигит одамларни қабул қилиб «Ҳаракат қиляпмиз, хонадонларга бориб, газни ёқиб бериш учун бир-икки ходим ишлаяпти холос, улар улгурмаяпти», деди. У ерда 50 нафарга яқин одам шу муаммодан арз қилаётганди», дейди фарғоналик мурожаатчи.

Муаммо қаердан келиб чиқаётганига аниқлик киритиш мақсадида «Ҳудудгаз Фарғона» газ таъминоти филиали раҳбарияти билан боғландик. Филиал директорининг сервис хизматлари кўрсатиш бўйича ўринбосари Зиёдулло Фозилов ноқулайликлар юзага келишига янги тизимдаги носозлик сабаб бўлаётганини айтди.

«2020 йил 24 сентябрда президентимизнинг «Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш» лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори чиққан. Унда табиий газ ҳисобини пухта юритиш, бу борада инсон омилини қисқартириб, ишларни тўғри йўлга солиш кўзда тутилган. Шунингдек, хонадонларга янги ҳисоблагичлар ўрнатиш белгиланган. Биз вилоятимиз бўйича 299 минг 76 та ҳисоблагич ўрнатишимиз керак. Ҳозиргача 120 мингдан ошиқ ҳисоблагичлар ўрнатилди ва бу борадаги ишлар давом этмоқда.

Саволингизга келадиган бўлсак, янги ҳисоблагич ўрнатилган истеъмолчиларнинг қарздорлиги бўлса-ю, у тўлов амалга оширса, телефонига 4 та рақамдан иборат ёқиш коди боради. Ўша 4 та рақамни киритиш учун 15 та амални бажариш керак бўлади. Бу эса истеъмолчиларга қийинчилик туғдираётган эди. Шу боис биз аҳолига қулайлик яратиш мақсадида пул тўлаган истеъмолчига код бориб, автоматик равишда учта тугмани босиш орқали газ ёнадиган тизимни жорий қиляпмиз.

Биллинг тизими янгиланиш арафасида тургани учун ноқулайликлар бўлаётганини тан оламиз. Буни тез орада бартараф этиш бўйича «Ҳудудгаз Фарғона» газ таъминоти филиали ҳамда «Ҳудудгаз таъминот» АЖнинг тегишли мутахассислари тинимсиз ишламоқда. Шахсан ўзимга танишларимдан 10-15 киши мурожаат билан чиқяпти. «Фарғона шаҳаргаз» ҳудудида кунига 100-150 тадан мурожаат бўляпти. Ўртада тушунмовчилик бўлаётгани учун маҳаллий телевидение орқали тушунтиришлар берамиз. Ҳозирда тезкор йиғилиш ташкил қилиб, шу масала бўйича гаплашдик. Буни аҳолига тушунтирамиз.

Ҳозирда янги биллинг тизимимиз ишга тушди. Эндиликда истеъмолчининг ҳисоблагичига автоматик равишда код юборилади. Истеъмолчи 15 та эмас, 3 та тугмани босиши билан гази ёнадиган бўлади. Ҳозир аниқ вақтини айтолмайман, лекин муаммоларни тезкорлик билан бартараф этамиз. Янгиланган тизим ишга тушиб, ҳисоблагичлар ёқилишни бошлади. Бироқ тизим 100 фоиз ишга тушди, деб айта олмайман. Бу бўйича қўшимча маълумотлар бериб борамиз. Истеъмолчиларга ноқулайлик келтирганимиз учун узр сўраймиз. Ҳозирги мақсадимиз аҳолига қулайлик яратишдан иборат. Шу мақсад йўлида ҳаммамиз ишлаяпмиз», дейди Зиёдулло Фозилов.

«Ақлли» ҳисоблагичлар билан боғлиқ Андижон ва Намангандан ҳам мурожаатлар бўлди. «Ҳудудгаз» АЖ истеъмолчиларга янги турдаги ҳисоблагич ўрнатишдан олдин, марказлашган базанинг мукаммал равишда, камчиликсиз ишлашини йўлга қўйганида, бугунги каби муаммолар бўлмас эди. Ҳозирча эса «ақлли» ҳисоблагичларнинг «ақлсизлиги» истеъмолчиларга ноқулайлик туғдирмоқда. Умид қиламиз, газ энг керак бўладиган совуқ кунларгача муаммо бартараф этилади.

Элмурод Эрматов,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид