Ўзбекистон | 16:53 / 25.11.2022
14413
5 дақиқада ўқилади

Пули тўланмаган лифт ва қимматбаҳо унитаз. Экоқўм тадбиркорларга ҳақини бермаяпти

Экология қўмитаси шу йил янги бинога кўчиб ўтди, лекин қурувчи тадбиркорлар ҳалигача пулини ололмаган. Қурилиш охирига етгунча қўмитада 3 марта раис ўзгарган. “Ҳар бир раис сметага ўзгартириш киритавергани, тадбиркорлар оғзаки ваъдага ишониб, ишларни бажаравергани оқибатида харажатларда катта фарқ юзага келган”, демоқда ҳақдор тадбиркор.

Экология қўмитасининг Чилонзор тумани Бунёдкор кўчаси 7-а уйда жойлашган (“Новза” масжиди ёнида) биноси қурилиши 2020 йилда бошланган. Ўша пайтда қўмитага Шавкат Абдураззоқов раҳбарлик қилган (у ҳозир Наманган вилояти ҳокими), лойиҳа-смета ҳужжатлари ва харажатлари ўша даврда тасдиқланган.

Қурилиш ишлари учун “Shuhrat Maksimal Servis” МЧЖ тендер асосида танлаб олинган. Бу МЧЖ бир қанча корхоналарни қурилиш жараёнига субпудратчи сифатида жалб этган. Жумладан, бинога лифтлар ўрнатиш ва иншоотнинг фасадини пластик панеллар билан қоплаш 2021 йилда тузилган, қиймати 500 ҳамда 235 миллионлик шартномалар асосида “Doston Akfa Plus” МЧЖга топширилган.

Давлат экология қўмитасининг биноси 

“Doston Akfa Plus” раҳбари Интизор Абдалниёзованинг айтишича, раҳбарларнинг талаби ва харажатларни қоплаб бериши ҳақидаги оғзаки ваъдасига ишониб, смета ҳужжатларидагидан зиёдроқ хизматлар кўрсатилган.

“Мен иш олиб борган даврда корхонада 3 та раис алмашди. Уларнинг биринчиси лифтларни тилларанг қилиб беришимизни сўраган бўлса, янгиси келиб, металлрангга ўзгартиришимизни талаб қилди. Уларнинг талабини бажарганмиз. Ўша пайтда сметага ўзгариш ҳам киритилганди. 2021 йилнинг охирида Экология қўмитаси раиси фойдаланадиган лифт ишга туширилган. Иккинчи лифт ҳам 95 фоиз қуриб битказилганди. Раис ўзгарса, тадбиркор жабр кўрсин деган жойи йўқ-ку.

Муаммо шундаки, 2021 йилдаёқ ишни 95 фоиз тайёр ҳолатда топширишимга қарамай, бугунги кунгача уни мендан қабул қилиб олишгани йўқ. Тендерда ютган, бизни ёллаган қурилиш корхонаси банкротлик ҳолатини эълон қилган. Сабаби Экоқўм “Shuhrat Maksimal Servis” МЧЖга 9 млрд сўм пулини тўлашни пайсалга солиб келмоқда. Шу сабабли мен ҳам шартномада келишилган пулнинг 358 млн сўмини ололмаяпман.

Жабр кўрганлар фақат мен эмас. Экология давлат қўмитаси ёнига борсангиз, пулини ололмаётган тадбиркорлар симёғочга терилиб ўтирган қушлардек раҳбарнинг йўлини пойлаб ўтирганини кўрасиз”, дейди тадбиркор.

Интизор Абдалниёзова, “Doston Akfa Plus” МЧЖ раҳбари / Фото: Kun.uz

Тадбиркор лифт пулини вақтида тўлолмагани учун етказиб берувчи ташкилот уни судга берганини, бу ҳақда Экология давлат қўмитасига ёзган 11 та мурожаатининг бирортасига ҳам жавоб берилмаганини айтади.

Абдалниёзованинг айтишича, у қўмита раҳбарларининг хонасини ҳам таъмирлаб берган. “Doston Akfa Plus” МЧЖ томонидан бу хоналарга қимматбаҳо эшиклар ўрнатилган бўлса, қолган жиҳозлар бошқа корхоналар томонидан ўрнатилган. Ҳатто, раҳбарларнинг раъйига қараб сметада кўзда тутилган 100 долларлик унитаз ўрнига 1000 долларлиги ўрнатилган.

“Обломуродовдан олдинги раис даврида сметада 100 доллар кўрсатилган унитаз ўрнига 1000 долларлик унитаз ўрнатиб бериш сўралган. Аммо бу тадбиркор ҳам ҳалигача пулини ололгани йўқ”, дейди Интизор Абдалниёзова.

Тадбиркор қўмита эшигида сарғая-сарғая Нарзулло Обломуродовнинг қабулига киришга муваффақ бўлгани, раис йил сўнгига қадар қўшимча шартнома асосида 130 млн сўм тўлаб берилишини айтган. Аммо тадбиркорни бу таклиф қониқтирмаяпти, 358 миллион сўмлик қарз тўлиқ қоплаб берилишини истамоқда. Шунингдек, бажарилган ишлар ундан қабул қилиб олинмаётганидан норози бўлмоқда.

Интизор Абдалниёзова, Автомобил йўллари давлат қўмитаси билан низодагидан фарқли ўлароқ, Экоқўмитани судга бермаган. Чунки унинг буюртмачиси тўғридан тўғри қўмита эмас. Шу боисдан ҳам у қўмита раиси Обломуродовнинг “пулингизни тўлаб берамиз” деган ваъдасига ишониб кун санамоқда.

Ҳа айтганча, Kun.uz'нинг Автомобил йўллари давлат қўмитаси ҳақидаги материалидан сўнг Экоқўмитанинг пайтавасига қурт тушган. Улар Абдалниёзова билан боғланишган ва масалани жамоатчиликка ошкор қилмай туришни, тез орада пулларини тўлаб беришларини айтишган. Аммо ўша суҳбатдан кейин ҳам орадан деярли 1 ҳафта ўтмоқда, аммо пулдан дарак йўқ.

Обломуродовнинг матбуот котиби Исмат Дўстмуродов бугун, 25 ноябр куни қўмитада бўлиб ўтган учрашувда ҳолат юзасидан тайинли муносабат билдира олмади. Фақатгина тадбиркор шу ерда экани, уни қўмита раиси ўринбосарларидан бири қабул қилаётганини айта олди холос.

Интизор Абдалниёзованинг иддаолари нечоғли ҳақиқатга яқин эканига ойдинлик киритиш мақсадида берган саволларимизга эса жавоб ололмадик.

Жамшид Ниёзов,
журналист

Мавзуга оид