2013 йилда Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида Jeddah Tower деб аталган осмонўпар бино қурилиши бошланади. Бироқ 2018 йилда бинонинг 67 қавати кўтарилган пайтда молиявий муаммолар туфайли қурилиш тўхтатилади. Бундан бир неча кун олдин Қироллик оиласи Jeddah Tower қурилиши қайта бошланишини маълум қилди.

ХХ асргача олти қаватдан баланд бино қурилмаган. Бунга баланд биноларга зиналар ўрнатиш, унинг тепа қисмига сув чиқариш қийинлиги ва бошқа омиллар сабаб бўлган.

Электрдан фойдаланиш оммалашгандан сўнг ХХ аср бошларида баланд бинолар қурилиши бошланиб кетади. Осмонўпар бинолар қурилиши эса 1930-йиллардан авж олади.

Ҳозирги ўлчовларга кўра бино осмонўпар мақомини олиши учун у камида 150 метр ва ундан баланд қилиб қурилиши керак. Шунингдек, 300 метрдан баланд қилиб қурилганлари жуда баланд осмонўпар бинолар деб аталади.

Маълумотларга кўра, ҳозирги пайтда дунёда баландлиги 150 метрдан ошадиган қарийб 5 мингта бино бор. Яна мингга яқини қурилиш жараёнида.

Улар орасида қуриб битказилган жуда баланд осмонўпар бинолар сони 200 га яқин. Қурилаётганлари эса 130 тадан ошади. Шунингдек, 200 дан ошиқ осмонўпар бино қурилиши тўхтатилган. Улар орасида жуда баланд мақомига эга бўлганлари сони 40 та.

Бир пайтлар дунёда энг кўп осмонўпар бинолар АҚШда эди. Сўнгги 30 йилда вазият тубдан ўзгарди ва шиддат билан ривожланган Хитой биринчи ўринга чиқиб олди.

Ҳозирги кунда “Чин юрти”да 2 100 тадан ошиқ осмонўпар бино бор. Иккинчи ўринда АҚШ – 800 тадан ошиқ. Кейинги ўринларда БААда 252 та, Японияда 252 та, Жанубий Кореяда 220 та, Австралия 110 та, Сингапур ва Малайзияда 90 та.

Собиқ иттифоқ республикалари орасида энг кўп осмонўпар бино Россияда – 50 та атрофида.

Қурилиши тўхтатилган осмонўпар бинолар орасида Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида қурилаётган Jeddah Tower биноси ҳам бор. Яқинда саудияликлар қурилиш ишлари қайта бошланиши ҳақида хабар берди.

Бу бино шуниси билан аҳамиятлики, агар у битса Дубайдаги Бурж Халифани қувиб ўтади ва дунёдаги энг баланд бинога айланади.