Жаҳон | 08:55 / 06.06.2026
6245
2 дақиқада ўқилади

Эрон Кувайт ва Баҳрайн томон еттита баллистик ракета учирди

АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) Эрон Кувайт ва Баҳрайн йўналишида еттита баллистик ракета учирганини маълум қилди. Америка ҳарбийларига кўра, ракеталарнинг олтитаси ҳавода йўқ қилинган, яна бири эса нишонга етиб бормаган.

Фото: REUTERS

CENTCOM'нинг дастлабки баҳолашларига кўра, ҳужум вақтида учирилган еттита ракетадан олтитаси ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан тўсиб қолинган. Қолган битта ракета эса белгиланган нишонга етиб бормаган.

Айни пайтда Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) воқеалар ривожига ўз муносабатини билдирди. Корпус маълумотига кўра, шанбага ўтар кечаси тўртта нефть танкери Теҳрон билан келишмасдан Ҳўрмуз бўғози орқали ҳаракатланишга уринган.

ИИМК даъво қилишича, мазкур танкерлардан бири зарбага учраб тўхтатилган, қолган учта кема эса ортга қайтишга мажбур бўлган.

Эрон ҳарбийлари баёнотида қайд этилишича, шундан сўнг АҚШ кучлари минтақадаги радиолокация объектларига ҳаво зарбалари берган. Бунга жавобан ИИМК Кувайтдаги АҚШ ҳарбий базаси ҳамда Баҳрайнда жойлашган АҚШ Бешинчи флоти қароргоҳига баллистик ракета зарбалари берганини маълум қилган.

Ҳозирча мазкур ҳужумлар оқибатида қурбонлар ёки йирик вайронгарчиликлар ҳақида расмий маълумот берилмаган.

Кузатувчилар фикрича, Ҳўрмуз бўғози атрофидаги вазиятнинг кескинлашиши Форс кўрфазида хавфсизликка оид хавотирларни янада кучайтирмоқда. Чунки ушбу бўғоз дунё нефть ва газ савдосининг муҳим қисми ўтадиган стратегик денгиз йўли ҳисобланади.

Томонларнинг ўзаро зид баёнотлари воқеаларнинг ҳақиқий кўлами ва оқибатлари юзасидан мустақил тасдиқланган маълумотлар ҳали тўлиқ мавжуд эмаслигини кўрсатмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид