Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Эрон катта хатога йўл қўйди ва бунинг учун тўлов қилади». Исроил жавоб қайтариш билан таҳдид қилмоқда
Эрон олий раҳнамоси оятуллоҳ Али Хоминаий Ғарб Яқин Шарқдаги ишларга аралашмаслиги зарурлигини айтди.
Фото: AFP
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу сешанба куни кечқурун мамлакат бўйлаб ёпирилма ракета зарбаларини йўллаган Эрон «катта хатога йўл қўйгани ва бунинг учун тўлов қилиши»ни айтди. Эрон ҳужумни «тажовузкор ҳаракатлар» учун жавоб деб атаб, ҳужум нишони — ҳарбий объектлар бўлганини таъкидлаган.
Нетаняҳу нималар деди?
«Эрон бугун кечқурун катта хатога йўл қўйди. Ҳали бунинг учун жавоб беради. Эрондаги режим ўзимизни ҳимоя қилиш ва душманларимиздан ўч олишга бўлган қатъиятимизни тушунмаяпти, — деган Нетаняҳу ўз мурожаатида. — Биз ўзимиз ўрнатган принципларга содиқмиз: бизга ким ҳужум қилмасин, албатта, унга ҳужум қиламиз».
Исроиллик ҳарбийлар мамлакат бўйлаб учирилган 180 ракетанинг катта қисми тутиб қолинганини маълум қилган. Эрон ҳужуми вақтида Иорданнинг ғарбий соҳилида бир фаластинлик ҳалок бўлган, Исроил марказида мактаб биноси, Тел-Авивда ресторан шикастланган.
Исроил мудофаа армияси вакили Даниэл Ҳагари мамлакат ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари америкаликлар билан ҳамкорликда самарали иш олиб борганини таъкидлаган.
«[Эрон] Яқин Шарқни эскалацияга тортмоқда. Бугунги воқеалар оқибатга эга бўлади», — дея огоҳлантирган Ҳагари. «Бизнинг режаларимиз бор ва биз қарор қилинган жойда ва вақтда ҳаракатга тушамиз», — дея қўшимча қилган у.
Эрон ҳужумидан бир неча соат ўтиб исроиллик ҳарбийлар «Ҳизбуллоҳ»нинг Байрут жанубидаги объектларига ҳужум қилди. Бундан олдин Исроил мудофаа армияси маҳаллий аҳолига эвакуация зарурати ҳақида огоҳлантириш юборган.
Эрон расмийлари нималар деди?
Эрон ҳукуматидагилар Исроилда фақат ҳарбий объектларга зарбалар йўллагани ва кенг кўламли урушни истамаслигини, шу билан бирга, ўзини ҳимоя қилишга ҳақли эканини айтмоқда.
Маҳаллий давлат ахборот агентликлари ҳужумлар нишони исроилликларнинг учта ҳарбий базаси бўлганини ёзган. Исроил томони ҳужум оқибатлари юзасидан маълумот бермаган.
Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси Исроил бўйлаб зарбалар Теҳронда Ҳамас сиёсий етакчиси Исмоил Ҳания ўлдирилгани, шунингдек ўтган жума куни кечқурун Байрутга авиазарба натижасида «Ҳизбуллоҳ» раҳбари Ҳасан Насруллоҳ ўлдирилганига жавоб бўлганини айтмоқда.
Корпусдагилар ракеталарнинг 90 фоизи ўз нишонларига муваффақиятли зарба берганини билдириб, Исроил томони жавоб қайтарадиган бўлса, «янада ҳалокатли ҳужумларга дучор бўлиши»дан огоҳлантирган.
Эрон президенти Масъуд Пизишкиён X ижтимоий тармоғида ёзишича, зарбадан мақсад Исроилга Эрон ўз манфаатлари ва фуқароларини ҳимоя қилишга тайёр эканини намойиш этиш бўлган.
Унинг сўзларига кўра, сешанба куни Эрон ўз имкониятларидан фақат бир қисмини кўрсатган. Пизишкиён Исроил ҳукуматини вазиятни кескинлаштириш оқибатларидан огоҳлантирган.
Эрон ТИВ раҳбари Аббос Ароқчи тунда X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида эронликлар амалиёти якунлангани ҳақида ёзди.
«Агар Исроил жавоб чораларини кўрмайдиган бўлса, бизнинг ҳаракатларимиз якунланди. У ҳолатда бизнинг жавобимиз янада кучлироқ бўлади», — деган вазир чоршанба тонгида ёзган навбатдаги твитида.
Эронда парвозлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида бир кун муддатга барча авиарейслар бекор қилинди.
2 октябр куни Эрон олий раҳнамоси, оятуллоҳ Али Хоминаий Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи етакчиси Ҳасан Насруллоҳнинг ўлими ва минтақадаги умумий вазият юзасидан муносабат билдирди.
У Яқин Шарқдаги кескинликда «минтақага тинчлик ва хотиржамлик олиб келиши мумкинлиги ҳақида сохта баёнотлар бераётган АҚШ ва Европанинг айрим мамлакатлари»ни айблаган.
Хоминаий Ғарб мамлакатлари минтақа мамлакатлари тинч-тотув яшаши учун Яқин Шарқдан «даф бўлиши» кераклигини таъкидлаган.
У Насруллоҳ учун аза тутгани, аммо Эрон раҳбарияти билан учрашувни ортга қолдирмасликка қарор қилгани, чунки мотам Эрон учун «отлантирувчи ва ҳаракатлантирувчи куч» бўлиши кераклигини айтган.
Reuters агентлиги маълумотига кўра, Эроннинг Исроил бўйлаб ракета зарбаси мамлакатдаги барча муҳим қарорларни қабул қилишда ҳал қилувчи сўзни айтадиган Хоминаийнинг буйруғи билан амалга оширилган.
АҚШдагилар нима демоқда?
АҚШ президенти Жо Байденнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Эроннинг зарбаларини «жиддий эскалация» деб атади ва Теҳрон жами 200 га яқин баллистик ракета учирганини айтди.
Салливан Исроил ёки АҚШ томонидан жавоб чоралари эҳтимоли бўйича изоҳ беришдан бош тортди. У Америка эсминецлари эронликларнинг ракеталарини уриб туширишда Исроилга ёрдам кўрсатганини тасдиқлади.
Пентагон вакили Пэт Райдер брифингда хабар беришича, ҳужумни қайтаришда АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг Ўрта ер денгизи шарқида турган иккита эсминеци иштирок этган. Америка ҳарбий идораси маълумотига кўра, сешанба кунги зарбалар Эроннинг жорий йил апрелида Исроилга қилган биринчи ҳужумидан «икки баравар каттароқ» бўлган.
АҚШ президенти Жо Байден Вашингтон Исроилни тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирган. Байденнинг сўзларига кўра, унинг бевосита буйруғи билан америкалик ҳарбийлар эронликлар ҳужуми вақтида «Исроил мудофаасини фаол қўллаб-қувватлаган». У шунингдек эронликлар ҳужуми тўлиқ қайтарилгани ва самарасиз бўлганини қўшимча қилган.
Вице-президент ва ноябрдаги сайловларда Демократик партиядан президентликка номзод бўлган Камала Ҳаррис ҳужумни Оқ уйда Байден билан биргаликда реал вақт режимида кузатиб борганини айтган. У Байденнинг Америка кемалари Исроилга учирилган ракеталарни уриб тушириши бўйича буйруғини тўла қўллаб-қувватлашини билдирган.
АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин чоршанбага ўтар кечаси X ижтимоий тармоғида Вашингтон ҳамон можарони дипломатик йўл билан ҳал қилиш тарафдори эканини, шу билан бирга зарурат туғилганда Исроилни Эрон тажовузидан ҳимоя қилишга тайёрлигини ёзган.
Мавзуга оид
21:04 / 01.06.2026
Нима олдин тугайди – нефт ёки уруш? Эрон Трампни тинчликка қандай мажбурламоқда?
10:17 / 01.06.2026
АҚШ ва Эрон яна зарбалар алмашди
07:47 / 01.06.2026
Трамп Эрон билан деярли тайёр бўлган келишувга ўзгартиришлар киритмоқчи — ОАВ
17:43 / 31.05.2026