12:48 / 07.03.2018
212052

Собиқ бош прокурор Рашиджон Қодировнинг ўғли қидирувга берилди

Фото: ИИВ

Ўзбекистон Республикаси собиқ бош прокурори Рашиджон Қодировнинг ўғли Алишербек Қодиров Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги томонидан қидирувга берилди. ИИВ расмий сайтида бу борада тегишли маълумот эълон қилинган.

Қайд этилишича, 1979 йилнинг 21 апрель куни туғилган А.Қодиров Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми А-банди (такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган товламачилик), 165-моддаси 3-қисми А-банди (жуда кўп миқдордаги товламачилик), 168-моддаси 3-қисми А-банди (кўп миқдордаги фирибгарлик), 168-моддаси 4-қисми А-бандида (жуда кўп миқдордаги фирибгарлик) назарда тутилган жиноятларни содир этишда гумонланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 24 февраль куни Ўзбекистон Республикасининг собиқ Бош прокурори Рашид Қодиров Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодекси 221-моддаси тартибида ушлангани ҳақида хабар берилган эди. Қодировга нисбатан «Товламачилик», «Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш», «Пора олиш» моддалари бўйича жиноят иши очилган. Шунингдек, ушбу жиноят иши бўйича бош прокурорнинг собиқ ўринбосарлари ҳамда Тошкент вилоятининг собиқ прокурорлари бўлмиш Жамшид Файзиев ва Улуғбек Суннатов ушланган.

Top