Наманганда президент борган маҳаллани ободонлаштириш бошланди. Вилоят ҳокими шу маҳаллага кўчиб келишини айтди
Президент Шавкат Мирзиёев Наманганга ташрифи чоғида шаҳарнинг «Бунёдкор» маҳалласида бўлиб, у ердаги инфратузилма учун масъулларни танқид қилганди.
Эртасига вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов шу маҳаллага кўчиб ўтишини эълон қилди. Kun.uz мухбирининг хабар беришича, айни пайтда маҳаллани ободонлаштириш ишлари бошланиб кетган.
«Ҳар куни ўзим шу ерда бўламан. Уйим шу маҳалла идорасининг рўпарасида бўлади. Бугун контейнер ўрнатилади. «Вилоят ҳокимининг уйи» деб катта қилиб ёзиб қўяман. Шу ерга келиб, нима гап бўлса, [мурожаат қилишинглар мумкин].
Маҳалла раисини ҳам алмаштираман. Маҳалла раислигига тушунган, келажакда ҳоким бўладиган болаларни қўяман. Чунки маҳалла раиси қайси масала қандай ҳал этилишини билиши керак: йўл қаердан ҳал бўлади, сув қандай ҳал бўлади, мактабни қандай яхшилаш керак, қандай қилиб ишлаб чиқариш қилса бўлади... Ёнимда турадиган одам бўлиши керак», – деди Шавкат Абдураззоқов 20 феврал куни аҳоли олдидаги чиқишида.
Айни пайтда маҳаллада ерларни текислаш, электр тармоқлари тортиш, ободонлаштириш ишлари бошланган. Маҳаллага тоза ичимлик суви келтирилади.
Вилоят ҳокимлиги узоқ йиллар давомида фойдаланишда бўлган чиқиндихона ёпилиши, маҳалла идораси эса қайта қурилишини маълум қилди.
«Бу ерда 3 гектар жойда кичик саноат зонаси ташкил этамиз ва камида 10 та корхона очамиз. Бунинг ортидан 12 минг киши яшайдиган маҳаллада 1000 нафар одам ишли бўлади», – деган вилоят ҳокими.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев маҳалла ташрифи чоғида у ердаги аҳвол учун шаҳар ҳокими ва прокурори, шунингдек маҳалла раисига танбеҳ берганди.
Давлат раҳбари шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосарини ишдан бўшатди. Унинг ўрнига вилоят ИИБнинг ёшлар етакчиси, 31 ёшли Достонбек Абдуқаҳҳоров тайинланди.
Мавзуга оид
16:39 / 15.11.2024
Наманган вилоят суди раиси ўринбосарининг қилмиши яширилмоқда: ёпиғлик қозон ёпиғлигича қоладими?
12:19 / 07.10.2024
Наманганда ўзганинг фотосуратларини интернетда тарқатишини айтиб пул талаб қилган шахс ушланди
18:33 / 02.10.2024
Наманганда қадимий ерости йўлаклари, иситиш тизими ва сопол қувурлар топилди
21:19 / 05.09.2024