Азамат Акбаров туризм университетига қайтмоқда. Унинг дипломи сохта экани исботланмагани айтилди
Самарқанддаги «Ипак йўли» туризм халқаро университетининг биринчи проректори Азамат Акбаров шу йил бошида лавозимидан бўшатилган, бунга сабаб сифатида унинг фалсафа доктори (PhD) илмий даража дипломи қалбаки деб топилгани кўрсатилган эди. Университет ректори бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов бўлгани боис амалда туризм университетининг ички ишларини бошқарган Азамат Акбаров атрофидаги бу воқеалар шов-шувларга сабаб бўлганди.
Бугун, 29 сентябрь куни «Ипак йўли» туризм халқаро университетининг расмий сайтида Азамат Акбаровнинг дипломи сохталиги ҳақидаги хабарларга раддия пайдо бўлди. Унда айтилишича, Акбаров дипломи сохталиги учун эмас, ўз аризасига кўра ишдан кетган.
Шунингдек, хабарда Азамат Акбаровнинг дипломи сохталиги тўғрисидаги айбловлар тергов суриштрувлари давомида ўз исботини топмагани айтилган.
«2020 йил январ ойида ОАВда «Ипак йўли» туризм халқаро университетининг биринчи проректори Азамат Акбаровнинг дипломи сохталиги юзасидан мақолалар берилган эди. Ушбу мақолаларга кўра, Азамат Акбаров университетнинг биринчи проректорлигидан дипломи сохта бўлганлиги сабабли бўшатилди, деб иддао қилинган. Ваҳоланки, Азамат Акбаровнинг ўз хоҳишига кўра у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Ваколатли органлар томонидан олиб борилган тергов ҳаракатларида ушбу айблов ўз исботини топмаган ва бугунги кунда жиноят иши тугатилган.
Таъкидлаш лозимки, Азамат Акбаров «Ипак йўли» туризм халқаро университетида фаолият юритган даврда ушбу университетнинг фаолиятини халқаро талабларга мос равишда ташкил этиш, унинг нуфузини янада оширишга қаратилган бир қатор ижобий ишлар амалга оширилган. Хуллас, ҳақ ўз ўрнини топди», – дейилган баёнотда.
Kun.uz мухбири Азамат Акбаровнинг ўзи билан боғланди. Унинг айтишича, университетга қайтиши кутилмоқда ва бу борада таклиф олган.
Туризм университети вакиллари эса Акбаров ишга қайтаётганини тасдиқлай олмасликларини маълум қилишди. Шунингдек, улар раддия нега 8 ой ўтгандан кейин эълон қилинганига ҳам изоҳ беришмади.
Эслатиб ўтамиз, Азамат Акбаровнинг дипломи сохта деб топилгани ҳақида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбоев ҳам гапирган эди.
«Бу масала ОАК томонидан ўрганилган. Ҳақиқатан ҳам, Азамат Акбаров олган хорижий фалсафа доктори (PhD) илмий даража диплом нотўғри олингани ёки сохта эканлиги изоҳлаб берилди.
Ўрганишларда аниқландики, Азамат Акбаров Сараево шаҳрида (Босния ва Герцеговина давлати) жойлашган BURCH халқаро университетидаги профессорлик фаолияти давомида Россия томонидан берилган диплом асосида фаолият юритган. Бизга келганда эса BURCH халқаро университетида берилган диплом асосида ишга қабул қилинган. Аммо маълум бўлдики, Босния ва Герцеговина давлати университети дипломи сохта бўлиб чиқди», деганди Тошкенбоев.
Мавзуга оид
09:18 / 17.11.2024
Болалар омбудсмани Самарқандда жинсий зўравонлик қурбони бўлган қиз билан учрашди
23:25 / 09.11.2024
Самарқандда Қуролли кучлар хизматчиси, солиқчи, Миллий гвардия ва кадастр ходимлари пора билан ушланди
15:06 / 01.11.2024
Самарқанд вилоятида иситиш мавсуми 1 ноябрдан бошланди
10:59 / 25.10.2024