Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Синдоров Номзодлар турниридаги пешқадамликни давом эттирмоқда
У навбатдаги турда дуранг ўйнаганига қарамай, энг яқин таъқибчиси билан орадаги фарқни узайтирди – иккинчи ўриндаги Фабиано Каруана бу турда Ҳикару Накамурага ютқазиб қўйди.
Ўзбекистонлик шахматчи Жавоҳир Синдоров 7 апрел куни Номзодлар турнирининг саккизинчи турида россиялик гроссмейстер Андрей Есипенко билан дуранг қайд этди.
Рақиблар 24-юришдан кейиноқ дурангга рози бўлишди.
Andrey Esipenko and 🇺🇿 Javokhir Sindarov draw their Round 8 game in the FIDE Candidates 2026 by threefold repetition! ♟️#FIDECandidates #FIDE #Chess #Cyprus pic.twitter.com/RT8SASlFIF
— International Chess Federation (@FIDE_chess) April 7, 2026
Эндиликда ўзбекистонлик шахматчи 8 имкониятдан 6,5 очко (5 ғалаба ва 3а дуранг) жамғариб, турнир жадвалидаги якка пешқадамликни давом эттирмоқда.
Очко йўқотганига қарамай, у энг яқин таъқибчиси – Фабиано Каруана билан орадаги фарқни ошириб олди. Америкалик шахматчи АҚШнинг бошқа бир вакили Ҳикару Накамурага мағлуб бўлди ва энди Синдоровдан 2 очкога ортда қолмоқда.
Учинчи ўринда келаётган нидерландиялик Аниш Гири ва тўртинчи ўриндаги ҳиндистонлик Рамешбабу Прагнанандҳа ўртасидаги баҳс ҳам дуранг билан якунланди ва улар ҳам юқорига кўтарила олмади. 5 ва 6-ўринлардаги германиялик Маттиас Блюбаум ва хитойлик Вей И ҳам дурангга имзо чекишди.

Бугун, 8 апрел куни Синдоров тўққизинчи тур доирасида Блюбаумга қарши қора доналарда ўйнайди. Ушбу шахматчиларнинг биринчи даврадаги баҳсида дуранг қайд этилганди.

Ўзбекистонлик шахматчи Есипенко билан баҳсдан кейин берган интервюсида таваккалчиликни эмас, ишончли стратегияни танлаганини айтган.
«Рақибимдан каталонча бошланишга ўхшаш вариант кутгандим. Дебютдан кейин тайёргарлигимдаги позиция юзага келди ва у менга ёқа бошлади. Андрей узоқ ўйлади. Бир пайт тушундимки, агар пиёда қурбон қилмасам, шунчаки бироз устунликка эга, лекин чўзилган ўйин бўлади. Шу туфайли ташаббус учун пиёда қурбон қилдим», дейди у.
Унинг фикрича, шу қурбонликдан кейин позиция анча қулай бўлган: «Ўша вазият менга жуда ёқди. Умуман олганда, бугунги натижани яхши деб баҳолайман».
Дуранг натижа унинг ўйинига таъсир қиладими, деган саволга Синдаров қуйидагича жавоб берди:
«Олдин ҳам дуранглар бўлган. Мен учун энг муҳими сифатли шахмат ўйнаш. Имконият пайдо бўлса, ҳар доим рақибга босим қилишга ҳаракат қиламан».
Шунингдек, у партиядаги биринчи юриш бразилиялик футболчи Давид Луиз томонидан амалга оширилганини ҳам эслаб ўтди:
«Мен ҳам, Андрей ҳам футбол мухлисимиз. Бундай меҳмонлар келганда жуда хурсанд бўламан».

Ўз тайёргарлигининг тарқалиб кетгани ҳақида гапираркан, у гап эски вариантлар ҳақида кетаётгани, шундан сўнг ўзи анча эҳтиёткор бўлиб қолганини қайд этди.
Тайёргарлик жараёнининг бир қисми аввалроқ Lichess платформасида сизиб чиққани ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Синдаров буни жиддий муаммо деб ҳисобламаслигини таъкидлади:
«Умуман олганда – йўқ, бу муаммо эмас. Ушбу ёзувларни охирги марта қачон очганимни ҳам эсламайман. Лекин Жаҳон кубоги пайтида мухлисларим менга: „Ҳой, материалларинг махфий эмас экан…“ деб ёзишганди».
Унинг сўзларига кўра, ўшандан бери у «анча эҳтиёткор бўлиб қолган ва бундай таҳлиллардан фойдаланмасликка ҳаракат қилмоқда».
«Агар кимдир уларни кўрган бўлса ҳам, бу катта эҳтимол билан эски вариантлардир. Кимдир буни кўра олгани ҳақиқатан ҳам ҳайратланарли, чунки мен доим ҳамма нарсани махфий ҳолатда очардим. Аммо у ерда махфийлик режимини икки марта ёқиш керак экан, мен эса буни тез-тез унутиб қўярдим. Балки кимдир вариантларни кўриб қолгандир. Лекин бу мен учун аҳамиятсиз, чунки улар эски тайёргарликлар», – дея тушунтирди Синдаров.
Магнус Карлсен каби жаҳон юлдузларининг эътибори ҳақидаги саволга жавоб бераркан, гроссмейстер ташқи баҳоларга чалғимасликка ҳаракат қилаётганини таъкидлади.
«Ҳа, ҳозирги иштироким жуда кучли кўринаётганини тушуниб турибман. Аммо бу шунчаки битта турнир… Мусобақа ҳали давом этмоқда ва мен бундай нарсаларга чалғишни истамайман», – деди у.
Якунда у ватандоши Нодирбек Абдусатторовнинг илиқ сўзларига ҳам муносабат билдирди. Аввалроқ Абдусатторов Синдоров ушбу турнирда ўзининг асл салоҳиятини кўрсатаётгани ва ғалабага лойиқлигини айтганди.
«Буни эшитиш жуда ёқимли. Биз ҳақиқатан ҳам бирга ўсдик, кўплаб турнирларда бирга ўйнадик, яқин дўстлармиз… Мен у учун жуда хурсандман – у қаторасига учта йирик турнирда ғолиб чиқди. Умид қиламанки, қачондир у ҳам жаҳон чемпиони бўлади», – деди Жавоҳир.
Маълумот учун, 29 март куни Кипрда бошланган 2026 йилги Номзодлар турнири 15 апрелга қадар давом этади. Унда сайёранинг 8 нафар кучли гроссмейстери иштирок этмоқда. Иштирокчилар икки даврада (жами 14 тур) ўзаро кураш олиб боради. Ғолиб амалдаги жаҳон чемпиони Доммараджу Гукеш билан шахмат тожи учун баҳс юритиш ҳуқуқини қўлга киритади.