Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“25 дақиқада 1946 та робот йиғдик” – Гиннес рекордини янгилаган ўзбек ёшлари
Тошкент шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” боғида янги Гиннес рекорди ўрнатилди. Жараёнда жами 2 минг нафар ёш муҳандис қатнашди. Иштирокчилар дала шароитида пахтани тез ва аниқ теришга мослаштирилган 1946 та кичик роботни бир вақтнинг ўзида йиғишга муваффақ бўлди. Kun.uz мухбири билан суҳбатда рекордни янгилашда қатнашган ёшлар лойиҳанинг қандай ўтгани ва унга тайёргарлик жараёнлари ҳақида гапириб берди.
18 август куни “Янги Ўзбекистон” боғида 2000 нафар ёш муҳандис бир вақтнинг ўзида мини-роботларни йиғишга уриниб кўрди. Жараёнда комбайн вазифасини бажарувчи, яъни пахта терувчи кичик роботлар ясалди. Улардан 1946 таси ўша вақтнинг ўзида муваффақиятли ишга туширилди ва бу натижа билан Ўзбекистон муҳандислик йўналишида илк бор Гиннес рекордини янгилади.
Лойиҳада инженерлик бўйича бошланғич билимга эга, 15 ёшдан 25 ёшгача бўлган йигит-қизлар иштирок этди. Улар мамлакатнинг турли ҳудудларидан суҳбат ва амалий топшириқлар асосида танлаб олинди.
“Сараланган иштирокчиларга роботларни тўғри йиғиш бўйича мастер-класслар ташкиллаштириб, уларнинг бу борадаги кўникмаларини оширдик. Қатнашчиларнинг 1000 нафари ҳудудлардаги олий таълим муассасаларидан, 930 нафари Тошкент шаҳридаги олийгоҳлардан, 50 нафари Президент таълим агентлиги тизимидаги мактаблардан, яна 20 нафари имконияти чекланган ёшлардан иборат бўлди”, – дейди ташкилотчи Сардор Қиёмов.
Унинг айтишича, аввалги рекорд 2023 йилда Ҳиндистонда қайд этилган бўлиб, унда 1459 нафар ўқувчи робот йиғган эди. Бу сафар ўзбекистонлик ёшлардан ташкил топган жамоа 1946 та роботни йиғиб, натижани янгилади.
Рекорд ўрнатилгунга қадар бир неча ой давомида жараёнга тайёргарлик ишлари олиб борилган. Ўзбекистонда бу тажриба илк бор синаб кўрилгани учун бир қатор камчиликлар ҳам кузатилган. Жумладан, лазер станокдаги хато сабаб минглаб деталлар куйиб кетган, кейин ташкилий жамоа уларни қайтадан йиғишга мажбур бўлган. Шунингдек, айрим тўпламларнинг ичига нотўғри деталлар аралашиб жойлангани учун икки кеча давомида 2 000 та робот қайта очилиб, таркибий қисмлари такроран текшириб чиқилган.
“Ҳар бир босқич: пайкалаш, 3D принтердан чиққан деталларни текшириш, моторларни улаш, қадоқлаш – ҳаммаси алоҳида жамоавий меҳнат талаб қилди. Биз шунчаки 25 дақиқада робот йиғмадик, бунинг орқасида бир неча ҳафталик машаққатли меҳнат турибди”, – дейди ташкилотчи Мирқобил Мирвосилов.
Иштирокчиларга 25 дақиқа ичида мини-роботларни йиғиб, уларни ишга тушириш топшириғи берилган эди. Қатнашчиларнинг айримлари 3,5 дақиқа ичида қурилмани ясашни тугаллаган бўлса, баъзилари техник камчиликлар ва ҳаяжон туфайли бунинг уддасидан чиқа олмаган.
“Рекорд ўрнатишда иштирок этиш қизиқ бўлди, лекин ҳаммаси ҳам осон кечмади. Энг катта қийинчилик вақт босими эди. Кўп нарсани қисқа муддатда бажаришимизга тўғри келди. Баъзи деталларнинг етиб келиши кечикди, бу эса роботни йиғиш ишларини секинлаштирди. Кўпчилик бир жойда ишлагани учун тартибни сақлаш ҳам муаммо бўлди. Кимдир электр симларини улаётганда шошганидан узиб юборди. Айрим роботлар эса синов жараёнида ишламай қолди. Ўша пайтда бироз тушкунликка тушдик, лекин жамоавий ҳисобда рекордни янгилаганимиздан кейин ҳаммаси ўтиб кетди”, – дейди Муҳсинжон Мовуталиев.
Ўзбекистон шу пайтгача Гиннес рекордлар китобига асосан ошпазлик каби маиший йўналишларда кирган эди. Эндиликда эса техник интеллект ва муҳандислик бўйича ҳам тарихий натижа қайд этилди. Иштирокчиларнинг фикрича, бу рекорд ёшларда муҳандисликка бўлган ишонч ва қизиқишни янада оширади.
“Гиннес рекордларидаги натижа орқали бутун дунё Ўзбекистон ёшларини кўрди. Биз муҳандисликда салоҳиятимиз борлигини исботладик. Энди бу соҳага мамлакатимизда янада яхшироқ эътибор қаратилишига умид қиламиз”, - дейди Диёрбек Рисқибоев.
Интервюни тўлиқ ҳолда Kun.uz’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
Журналист: Диёрахон Набижонова,
операторлар: Абдуллоҳ Ҳасанов, Зияддин Мамматжонов,
монтаж устаси: Абдуллоҳ Ҳасанов.
Мавзуга оид
07:59 / 22.12.2025
Star Wars’га ўхшаш Phantom: АҚШдаги янги ҳарбий ҳуманоид лойиҳа
14:29 / 02.12.2025
Япония Наманганда робот-ассистент хирургиясини жорий этади
22:02 / 16.11.2025
Маск ўзининг одамсимон Optimus роботи қашшоқликни йўқ қилишини айтди
14:08 / 15.11.2025