Жамият | 14:42 / 19.07.2021
23086
4 дақиқада ўқилади

Коронавирусни уй шароитида қандай даволаш мумкин? Мутахассис тавсиялари

Коронавирус инфекцияси тарқалганига бир йилдан ошганига қарамасдан, дунё тиббиётида касалликни даволаш ҳақидаги маълумотлар турлича. Шунинг учун касалликка қарши курашда мутахассислар тавсияларига амал қилиш муҳим.

Касаллик белгилари намоён бўлганда шифокорга мурожаат қилмай, бошқа беморлар ёки мутахассис бўлмаган кишилар берган тавсияларга кўра даволаниш оқибатида айрим беморларнинг умумий аҳволига салбий таъсири кузатилмоқда. Коронавирусни даволаш ҳамда даволаниш ҳақидаги саволга Тошкент давлат стоматология институти ректори Нодир Ҳайдаров қуйидагича жавоб берди.

— Айрим беморлар ўзида коронавирус хасталиги белгилари пайдо бўлганда, ундан ҳадиксирагани ёки ўз саломатлигига лоқайдлиги туфайли касалликнинг бошланғич вақтида уй шароитида нотўғри даво тактикаларини қўллаш натижасида бемор умумий аҳволи ўта оғир ҳолатга келиб, стационар даволанишга мажбур бўлмоқда.

Коронавируснинг бугунги кунда беш хил: симптомсиз, енгил, ўрта оғир, оғир, ўта оғир даражалари мавжуд.  

1. Симптомсиз даража. Бунда хасталик сезиларсиз белгилар билан кечади. Масалан, кунига бир-икки маротаба умумий ҳолсизлик, толиқиш ёки тана ҳароратининг 37 даражагача кўтарилиши ҳолати кузатилиши мумкин. Аммо ушбу ҳолатда ПЗР текширувидан ўтганда унда коронавирус инфекцияси борлиги аниқланиши мумкин.  

2. Енгил даража. Ҳароратнинг 38 даражагача кўтарилиши, томоқнинг қичиши, вақти-вақти билан йўтал ҳамда организмдаги ҳолсизлик, бўғимлар қақшаши кузатилади. Қайд этилган ушбу икки босқичда уй шароитида оилавий поликлиника шифокори билан ҳамкорликда, яъни уларнинг тавсиялари асосида даволаниш мумкин.  

3. Ўрта оғир даража. Бунда юқорида қайд этилган белгилар кучайгани учун беморнинг шифохонага ётқизилиши тавсия этилади. Бундай беморларга қатъий тартибдаги даволаниш чоралари ва доимий мутахассислар назорати керак бўлади. Шунингдек, хавфлилик даражаси юқори бўлган кишилар: яъни беморларнинг ёши 50-60 ва ундан катта бўлганда ёки вирусга чалинган кишининг ёндош касалликлари бўлса, ҳомиладор аёлларда коронавирус аниқланса, уларга ўрта оғир даража белгиланиб, стационар даволаш услуби қўлланилади.  

4. Оғир даража. Бунда беморларда юқоридаги белгилар яққол намоён бўлиши билан бирга нафаснинг ўткир етишмовчилиги, руҳият ўзгариши, хусусан, ўлим талвасаси ҳамда барча аъзоларида касалликнинг таъсири сезила бошлайди. Табиийки, ушбу ҳолатда ҳам, албатта, стационарда даволаш зарур.  

5. Ўта оғир даража. Бунда эса, беморлар фақатгина шифохоналарнинг жонлантириш бўлимларида даволаниши керак бўлади. Уй шароитида коронавируснинг зарарли таъсирини камайтириш учун хоналар тез-тез шамоллатиб турилиши, уйнинг тозалигига ва ундаги озиқ-овқат маҳсулотларининг тўғри сақланишига қаттиқ эътибор берилиши лозим.  

Шунингдек, уй шароитида коронавирусдан даволанаётган беморлар ўз яқинларининг саломатликларини ўйлаган ҳолда, улардан ўзини иложи борича изоляциялаши керак. Бемор турган хонага ёш болаларнинг ва кекса ёшли оила аъзоларининг киришлари чекланиши керак. Беморнинг овқатланиш идишлари алоҳида бўлишига эътибор бериш лозим. Иложи борича кўпроқ суюқлик истеъмол қилиш тавсия қилинади.  

COVID-19нинг янги штаммлари аввалгиларидан кўра юқувчанлиги билан фарқ қилмоқда. Шунинг учун ҳам тиббий ниқоб ва антисептик ҳар бир инсоннинг доимий ҳамроҳи бўлиши керак. Уй шароитида даволанаётган беморга ўзбошимчалик билан даво муолажалари қилиш тақиқланади. Коронавируснинг енгил штаммини ўтказаётган беморларнинг ҳолидан ҳудуддаги бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаси ходимлари хабар олиб туришади. Уларнинг аҳволи оғирлашгудек бўлса ёки бирор маслаҳат зарур бўлса, оилавий шифокор билан маслаҳатлашиш зарур.  

"Витамин С", "витамин Д" ва "Цинк" каби дори воситаларини касалликни бошдан ўтказаётган беморларгина эмас, у билан бирга яшаётган оила аъзолари ҳам профилактика мақсадида қабул қилишлари мумкин. Бунда албатта, оилавий шифокор тавсиясига амал қилиш шарт.  

Мавзуга оид