Тошкент Кимё халқаро университетига Кореянинг нуфузли Pukyong миллий университетидан 50 нафар талаба ва профессор-ўқитувчилар ташриф буюрди. Ушбу ташриф илмий-тажриба алмашинуви, таълим ва маданиятлараро мулоқотни ривожлантиришга бағишланди.
Ташриф давомида корейс тили йўналиши талабалари билан фикр алмашинуви бўлиб ўтди, шунингдек, қизғин баҳс-мунозаралар ташкил этилди. Пукёнг миллий университети талабалари эса Корея маданиятининг ёрқин қирраларини намойиш этиш мақсадида K-POP рақслари ва таэквондо чиқишлари билан иштирокчиларга унутилмас таассурот улашди.

“Кимё халқаро университети Кореянинг нуфузли ТОП 1000 таликка кирадиган университетлари билан ҳамкорликни кундан кунга ривожлантиришда давом этмоқда. Шу ҳамкорлик муносабати билан Pukyong миллий университетидан меҳмонлар келишди. Улар бизнинг 3-4-курс талабаларимиз билан ўзаро тилни фақат ўрганибгина қолмасдан, уни амалиётга жорий этишда ҳам ҳамкорлигимиз янада мустаҳкамланди. Ҳамкор университетлардан нафақат вакиллар келди, балки у ерда таҳсил оладиган 50 нафар талабалар ҳам келишди. Улар бизнинг талабалар билан ўзаро мулоқотга киришишди. Улар ўртасида турли интеллектуал ўйинлар, биргаликда миллий таомлар тайёрлашни амалга оширишди. Ўрганилган тилни амалиётда татбиқ этишда бу муҳим саналади. Шунинг учун биз ҳамкор университетларни кенгайтиришни, улар билан 2+2, 3+1 дастурлари ёки бир семестрли ўқув дастурларини ҳам қўлга киритиб, айни пайтда 8 нафар талабамиз кетишга шай”, - деб таъкидлади Корейс филологияси кафедраси мудири Дурдона Эргашева.

Маданий алмашинув фақат санъат билан чекланиб қолмади – талабалар Жанубий Кореянинг машҳур миллий таомларидан бири кимпап тайёрлаш бўйича маҳорат дарсида иштирок этишди.

“Ўзбекистонга келиш, айниқса Тошкент Кимё Халқаро университети талабалари билан бугунги маданий алмашинувда иштирок этиш имкониятига эга бўлганимдан жуда хурсандман. Учрашув илиқ ва самимий муҳитда ўтди, бу эса менда унутилмас таассурот қолдирди.
Бугунги тадбирда ҳам барчанинг иштиёқ билан қатнашаётганини кўриб, бу алмашинув нақадар қимматли эканини яна бир бор ҳис қилдим”, дейди меҳмон талабалардан бири.















