Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Исроил Нетаняҳу БААга махфий ташриф буюрганини айтди. БАА рад қилди
Ушбу даъво ва раддия Исроил ҳамда Бирлашган Араб Амирликлари муносабатлари нақадар яқинлашганини, аммо бу алоқалар анча нозик бўлиб қолаётганини кўрсатмоқда.
Бинямин Нетаняҳу / Фото: AFP
2026 йил баҳорда – Исроилнинг Эрондаги ҳарбий кампанияси авжига чиққан пайтда бош вазир Бинямин Нетаняҳу БАА раҳбари билан учрашиш учун ушбу мамлакатга «махфий ташриф буюрган». Бу ҳақда 13 май куни Исроил бош вазири идораси баёнот берди.
Нетаняҳунинг идораси ташриф айнан қачон бўлгани, у қандай саёҳат қилгани ёки амирликлар етакчиси шайх Муҳаммад бин Зоид Наҳаён билан нималарни муҳокама қилганига аниқлик киритмади. Баёнотда ушбу ташриф БАА ва Исроил ўртасидаги муносабатларда «тарихий бурилиш ясагани» айтилган.
БАА рад қилди
Исроил ҳукумати баёноти эълон қилинганидан бир неча соат ўтгач, БАА бундай ташриф амалга оширилганини рад этди.
«Бирлашган Араб Амирликлари Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг БААга тахмин қилинаётган ташрифи ёки мамлакатда Исроилнинг ҳар қандай ҳарбий делегациясини қабул қилганлик ҳақида тарқалаётган хабарларни рад этади», дейилади БАА ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.
Шунингдек, баёнотда БАА Исроил билан муносабатларини очиқ-ошкора олиб бориши айтилган. Шунинг учун «эълон қилинмаган ташрифлар ёки ошкор этилмаган келишувлар ҳақидаги ҳар қандай даъволар, агар улар БААнинг тегишли органлари томонидан расман эълон қилинмаса, мутлақо асоссиздир».
New York Times'нинг ёзишича, ушбу зиддиятли баёнотлар муносабатлардаги нозик жиҳатларни намоён этмоқда.
Уруш давомида Эроннинг қўшни давлатларга ҳужумларидан энг кўп зарар кўрган Амирликлар Исроил билан иттифоқни янада мустаҳкамлаган. БААга Исроил мудофаа тизимлари ўрнатилди ва юқори даражадаги раҳбарлар ўртасида телефон мулоқотлари олиб борилмоқда. Шунга қарамай, араб дунёсидаги жамоатчилик фикри асосан Исроилга қарши бўлиб қолмоқда.
Эрон ҳам масалага аралашди
Эрон ҳам бу масалага ўз огоҳлантириши билан аралашди. Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи ижтимоий тармоқдаги постида «Исроил билан тил бириктириш кечириб бўлмас ҳолат» эканини айтди. Шундан сўнг у Исроил билан ҳамкорлик қилаётганлар «жавобгарликка тортилишини» ваъда қилди. Аммо Амирликларнинг номини тўғридан тўғри тилга олмади.
Эрон расмийлари Амирликларни 2020 йилда ҳам «Иброҳим келишувлари» орқали Исроил билан ўрнатган яқин алоқалари учун танқид қилганди. Аммо Эроннинг БААга ҳужумлари Амирликларни Исроилга янада яқинлаштирган кўринади.
Урушнинг ортидан яқинлашаётган БАА ва Исроил
28 февралда АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши бошланганидан бери Амирликлар бошқа ҳар қандай давлатга қараганда кўпроқ Эрон дронлари ва ракета зарбаларига дуч келди. Ушбу ҳужумлар энергетика объектлари, аэропортлар ва меҳмонхоналарга талафот етказди ҳамда камида 10 нафар тинч аҳолининг ҳаётига зомин бўлди.
Май ойида Эрон ташқи ишлар вазирлиги, агар Амирликлар Исроил ва АҚШдан узоқлашмаса, «хавфли оқибатларга» дуч келиши ҳақида огоҳлантирганди. Бир неча соат ўтгач, БАА Эроннинг янги ракета ва дрон ҳужуми ҳақида хабар берди. Шундан сўнг, Нетаняҳу шайх Муҳаммад Зоидга қўнғироқ қилиб, унга бирдамлик билдирди.
Ўтган ҳафтада Исроил ўзининг «Темир гумбаз» (Iron Dome) ҳаво мудофаа тизимини Амирликларга жойлаштиргани ҳақида хабар берилганди. Бу ҲҲМ тизимининг араб давлатини ҳимоя қилиш учун ишлатилгани маълум бўлган биринчи ҳолатдир. АҚШнинг Исроилдаги элчиси Майк Ҳакаби эса сешанба куни ушбу жойлаштиришни тасдиқлади.
«БААга миннатдорчилик, чуқур эҳтиром ва ҳайратимни билдира оламанми? Улар «Иброҳим келишуви»нинг биринчи аъзоси бўлишди, бунинг натижасида қандай манфаатлар кўрганларига бир қаранг», деди Ҳакаби Тел-Авивдаги конференцияда.
NYT'нинг ёзишича, узоқ вақтдан бери араб давлатлари томонидан яккаланиб келаётган Исроил учун бу келишувлар – Яқин Шарққа кенгроқ интеграциялашув йўлида жуда қадрли.
«Иброҳим келишувлари»лари имзоланганидан бери исроиллик сайёҳлар ва инвесторлар Амирликларнинг энг йирик шаҳри – Дубайга оқиб кела бошлади. Технология ва энергетика компаниялари янги шартномалар имзолади. Нетаняҳунинг ўзи ҳам йиллар давомида БААга расмий ташриф буюриш бўйича кўплаб режалар қилган. Аммо уларнинг ҳеч бири шу пайтгача амалга ошмаганди.