Ғарбда ишлаб чиқарилган қирувчи самолётлар билан яхши таъминланган БАА ўзини ҳимоя қилиш учун ушбу қуроллардан фойдаланишга кўпроқ мойиллик кўрсатмоқда.

Бирлашган Араб Амирликлари АҚШ ва Исроил бошлаган уруш давомида Эронга ҳарбий зарбалар бермоқда. Бу ҳақда Wall Street Journal нашри масаладан хабардор шахсларнинг сўзларига таяниб маълумот берди. Бу ҳолат Эроннинг энг катта нишонига айланган Амирликлар – урушнинг фаол иштирокчиси сифатида намоён бўлаётганини англатади.

БАА ҳарбийлари Ғарбда ишлаб чиқарилган қирувчи самолётлар ва кузатув тармоқлари билан яхши таъминланган. Ушбу ҳужумлар мамлакат эндиликда ўз иқтисодий қудрати ва Яқин Шарқдаги таъсирини ҳимоя қилиш учун ушбу қуроллардан фойдаланишга кўпроқ мойиллигини кўрсатмоқда.

Лаван оролига ҳужум

БАА очиқчасига тан олмаган ушбу зарбалар орасида Форс кўрфазидаги Лаван оролида жойлашган нефтни қайта ишлаш заводига қилинган ҳужум ҳам бор.

Ушбу ҳужум апрел ойи бошида — президент Трамп урушда ўт очишни тўхтатиш ҳақида эълон қилаётган вақтга тўғри келган.

Ҳужум натижасида кучли ёнғин келиб чиқиб, Эрон заводи қувватининг катта қисми бир неча ойга ишдан чиққанди.

Эрон ўша пайтда нефтни қайта ишлаш заводи «душман ҳужуми»га учраганини айтган. Бунга жавобан БАА ҳамда Кувайтга қарши ракета ва дронлар билан қатор ҳужумлар уюштирганди.
 

Лаван оролидаги ҳужум оқибатлари / Фото: Ижтимоий тармоқлар

АҚШ ушбу ҳужумдан норози бўлмади, чунки сулҳ тартиби ҳали тўлиқ ўрнатилмаган эди, дейди манба. Шунингдек, Трамп маъмурияти БАА ёки жанговар ҳаракатларга қўшилишни истаган ҳар қандай араб давлатининг иштирокини «шовқинсиз мамнуният билан қарши олади».