Спорт | 15:36 / 03.11.2025
5574
11 дақиқада ўқилади

Ҳоланд «Сити»ни иккинчи ўринга олиб чиқди, Ямал яна гол уришни бошлади

«Милан» «Рома» яккапешқадам бўлиб олишига йўл қўймади. Якшанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

 

 

Англия: сафар комплекслари

«Вест Ҳэм» – «Нюкасл Юнайтед» 3:1
Голлар:
Мёрфи, 4 (0:1). Лукас Пакета, 35 (1:1). Ботман, 45+5 - в свои ворота (2:1). Соучек, 90+7 (3:1)
«Вест Ҳэм»: Ареола, Килман, Тодибо, Диуф, Ван-Биссака, Лукас Пакета, Поттс, Фернандеш (Игор, 85), Саммервилл (Уокер-Питерс, 79), Боуэн, Уилсон (Соучек, 61)
«Нюкасл Юнайтед»: Поуп, Ботман (Барнс, 65), Тшау, Берн, Крафт (Шер, 46), Тонали, Жоэлинтон, Гимарайнс, Гордон (Рэмси, 46), Мёрфи (Эланга, 77), Волтемаде (Осула, 46)
Огоҳлантиришлар: Лукас Пакета, 90 – Гимарайнс, 30. Рэмси, 90

«Вест Ҳэм» ўтган ойда Грэм Поттерни ишдан бўшатиб, унинг ўрнига Нуну Эшпириту Сантуни тайинлади. Португалиялик мутахассис илк ўйинида «Эвертон» билан сафарда дурангга эришганди, аммо шундан кейинги уч ўйинда анчадан буён гол ҳам ўтказмаётган «Арсенал», шунингдек, нисбатан осон рақиблар бўлган «Брентфорд» ва «Лидс»га ютқазди. Лекин «болғачилар» «Нюкасл»га жиддий муаммо туғдира олди.

Ҳолбуки «қарғалар» учун ўйин идеал бошланганди — Мёрфи қарши ҳужумда тезкор гол урди. Аммо бўлим давомида Лукас Пакета жарима майдони ташқарисидан йўллаган кучли зарбаси билан Поупни иложсиз аҳволда қолдирди, биринчи бўлимга қўшиб берилган бешинчи дақиқада эса лондонликлар Ботманнинг автоголи эвазига ҳисобда олдинга чиқиб олди. Ўйиннинг иккинчи бўлимида эса «Вест Ҳэм» ҳисобни сақлаб қолиш учун ўйнади. Жарима майдони атрофида «автобус» қўйган мезбонлар қарши ҳужумда имкон излади. Аввалига АПЛнинг жорий мавсумида илк бор бошланғич таркибда тушган Поттснинг голи ҳужумда иштирок этган Соучек офсайдда қолиб кетгани туфайли бекор қилинди, аммо айнан ушбу чехиялик футболчи ўйин охирида учинчи голни урди.

«Вест Ҳэм» мухлислари ниҳоят жамоанинг уйдаги илк ғалабасига гувоҳ бўлишди, турнир жадвалининг иккинчи қисмидан чиқа олмаётган «Нюкасл» эса сафар ўйинларидаги нохуш серияни давом эттирмоқда: қаторасига саккиз сафар ўйинида 4 дуранг ва тўрт мағлубият – бунақаси сўнгги тўрт йилликда кузатилмаганди.

«Манчестер Сити» – «Борнмут» 3:1
Голлар:
Ҳоланд, 17 (1:0). Адамс, 25 (1:1). Ҳоланд, 33 (2:1). О`Райли, 60 (3:1)
«Манчестер Сити»: Доннарумма, Рубен Диаш, Гвардиол, О`Райли, Матеус Нунес, Гонсалес, Бернарду Силва (Аит Нури, 90), Фоден (Родри, 90), Доку (Рейндерс, 73), Шерки (Савио, 73), Ҳоланд (Мармуш, 82)
«Борнмут»: Петрович, Сенеси, Диаките, Трюффер, Хименес (Кук, 62), Скотт (Кристи, 73), Адамс (Доук, 80), Брукс (Клюйверт, 62), Семенё, Таверниер, Крупи (Эванилсон, 62)
Огоҳлантиришлар: Доннарумма, 26. Фоден, 45 – Трюффер, 65. Клюйверт, 87

Эрлинг Ҳоланд «Сити»ни ёлғиз ўзи олдинга бошлашда давом этмоқда. Бу сафар унинг голлари мавсум кашфиёти, саккиз ўйиндан буён мағлубиятсиз серия қайд этаётган «Борнмут»ни енгиш учун қўл келди. Ираола шогирдлари бу тур арафасида иккинчи ўринда, Гвардиола шогирдлари эса саккизинчи ўринда эди. Аммо биринчи бўлимда «олчалар» жамоаси Ҳоланддек тезкор ҳужумчига қарши юқори чизиқда ҳимояланиши панд берди. Норвегиялик форвард икки бор Шеркининг узатмаларини голга айлантирди ва Доннарумманинг хатоси туфайли ўтказилган гол аҳамиятини йўққа чиқарди. У мавсумнинг 10 ўйинида урган голлари сонини 13 тага етказиб олди. Бу АПЛдаги бошқа исталган футболчининг натижасидан етттитага кўпроқ.

Иккинчи бўлимда О'Райли ўзининг бу мавсумдаги илк голи билан амалда ўйин тақдирини ҳал қилди, унга шу куни АПЛдаги юбилей 200-ўйинида майдонга тушган Фоден ассистентлик қилди. «Борнмут» сафар ўйинларида ўзи учун ўта ноқулай бўлган рақибга бу сафар ҳам ютқазди, ушбу жамоа «Этиҳад»даги сўнгги тўққиз ўйинининг барчасида ютқазган, тўплар нисбати 4:34! Бу ғалабадан кейин «Сити» иккинчи ўринга кўтарилди, аммо биринчи ўриндаги «Арсенал» билан фарқ олти очкони ташкил этмоқда. «Борнмут» эса қўшимча кўрсаткичлар туфайли учинчи ўринни ҳам «Ливерпул»га топшириб, тўртинчи ўринда жойлашган.

Испания: «Барса» класикодан кейин тезда ўзига келди

«Барселона» – «Элче» 3:1
Голлар:
Ямал, 9 (1:0). Торрес, 11 (2:0). Мир, 42 (2:1). Рэшфорд, 61 (3:1)
«Барселона»: Шченсни, Араухо, Гарсия, Балде (Мартин, 74), Кунде, Касадо, Фермин Лопес (Олмо, 66), де Йонг, Рэшфорд (Левандовски, 74), Ямал (Фернандес, 88), Торрес (Баржи, 88)
«Элче»: Пеня, Бигас (Форт, 70), Аффенгрюбер, Нунес, Педроса (Доналд, 82), Агуадо, Фебас, Нето (Мендоса, 46), Мир, Валера (Сантяго, 70), Андре Силва (Родригес, 74)
Огоҳлантириш: Нето, 35

Каталонияликларнинг якшанба кунги ўйинидан олдин инсайдерлар Ямал машъуқаси билан алоқаларини узиб, бор эътиборини футболга қаратмоқчи экани ҳақида хабарлар тарқатди. Бундан ташқари, у сўнгги вақтларда оғриқ билан ўйнагани ва бу унинг ҳаракатларига таъсир кўрсатгани, аммо энди махсус дастур ва тикланиш машқлари уни бундай муаммолардан халос қилгани хабар қилинди.

«Элче»га қарши ўйин бошланганида эса футболчи бу хабарларни тасдиқлагандек, дарвозани ишғол қилди. Аммо амалда кўк-анорранглилар ғалабага осон эришмади, «Элче» эса қарши ҳужумда Фермин Лопес ва Ферран Торреснинг комбинациясидан кейин иккинчи голни ўтказиб юборганида ҳам ҳужумкорликни камайтирмади. Биринчи бўлим охирида ҳисобни қисқартирган Рафа Мир иккинчи бўлимда дарвоза тўсинини пойлади, Рэшфорднинг голига жавобан уюштирилган қарши ҳужумда эса унинг зарбаси устунга борди. «Элче» тўпга эгалик қилиш бўйича ҳам «Барса»дан устунлик қилди (51 фоиз), бунақаси Сегундадан чиққан жамоаларнинг каталонияликларга қарши ўйинларида 20 йилдан буён кузатилмаганди.

Якунда ғалабали ҳисобни сақлаб қолган «Барса» турнир жадвалида «Вилярреал»ни қувиб ўтиб, яна иккинчи ўринга қайтди. Пешқадам «Реал» билан орадаги фарқ 5 очколигича қолмоқда.

Италия: Меняндан мўъжизавий сейв ва «Интер»нинг характери

«Верона» – «Интер» 1:2
Голлар:
Зелински, 16 (0:1). Жоване, 40 (1:1). Фресе, 90+4 - автогол (1:2)
«Верона»: Монтипо, Нелссон, Фресе, Белла-Котчап, Акпа-Акпро (Арруи, 88), Бернед (Нясс, 73), Галярдини, Брадарич, Белгали, Орбан (Москера, 73), Жоване (Сарр, 80)
«Интер»: Зоммер, Биссек, Бастони, Аканжи, Зелински (Дюмфрис, 55), Сучич (Фраттези, 88), Ҳоқон Чалхонўғли, Карлос Аугусту (Димарко, 65), Луис Энрике (Барелла, 55), Мартинес, Бонни (Эспозито, 55)
Огоҳлантиришлар: Орбан, 41. Белла-Котчап, 90 – Биссек, 67

«Интер» яна «Ювентус»дан узоқлашди ва қийин ғалабага эришиб, live режимида учинчи ўринга кўтарилди. Ҳолбуки турнир жадвалининг қуйи қисмидаги жамоага қарши ўйинда нерадзуррилар муаммога дуч келиши тахмин қилинмаётганди. Амалда ҳам меҳмонлар тезкор гол билан ҳисобни очишди, 16-дақиқада Ҳоқон Чалхонўғли бурчакдан тўп узатди, жарима майдони чизиғи яқинида ҳаводаги тўпни тўхтатмай зарба берган Зелински чемпионатда мавсум ҳит-парадидан ўрин оладиган голлардан бирини урди. Аммо «Верона» биринчи бўлимдаёқ ҳисобни тенглаштирди, иккинчи бўлимда эса мардонавор ҳимояланди. Фақат ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда Барелла жарима майдонига узатган тўпни мезбонлар ҳимоячиси Фресе ўз дарвозасига киритиб қўйди ва жамоасининг аламли мағлубиятига сабабчи бўлди.

«Милан» – «Рома» 1:0
Гол:
Павлович, 39 (1:0)
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Дибала, 82’
«Милан»: Менян, Габбиа, Павлович, де Винтер, Риччи, Модрич, Фофана, Бартесаги, Салемакерс (Атекаме, 88), Леау (Томори, 90+4), Нкунку (Лофтус-Чик, 84)
«Рома»: Свилар, Н`Дика, Эрмосо (Цимикас, 84), Манчини, Ал-Айнавий (Пеллегрини, 52), Коне, Уэсли Винисиус, Зеки Челик (Довбик, 77), Кристанте, Соуле (Бэйли, 51), Дибала (Балданци, 84)
Огоҳлантиришлар: Фофана, 78 – Ал-Айнавий, 34. Уэсли Винисиус, 74. Зеки Челик, 75. Эрмосо, 83. Манчини, 90

«Рома» учун «Сан-Сиро»даги ўйин турнир жадвалида яккапешқадам бўлиб олиш учун жангга айланди ва римликлар аввалига рақибга қараганда ўткирроқ ҳаракатланишди. Дибала шедевр гол муаллифи бўлиши мумкин эди, аммо унинг бутсасининг ташқи қисми билан олис «тўққизлик»ка йўллаган зарбаси бироз хато кетди. Рақиб ҳужумчиси Рафаэл Леау эса чинакамига чиройли голли ҳаракатни амалга оширди, у ўз услубида қанотда ҳимоячидан қочиб кетди ва жарима майдонига ёриб кириб, тўпни қулай нуқтада ўзини таклиф қилган Павловичга оширди. Бир неча дақиқа ўтиб Фофана ўйин тақдирини ҳал қилиб қўйиши мумкин эди, аммо унинг қулай позициядан йўллаган зарбасига аниқлик етишмади.

Иккинчи бўлим бошида россонерилар римликлар дарвозасини қамал қилди. Меҳмонлар дарвозабони Свилар Леау ўзи ҳам гол уришига йўл қўймади, ҳолбуки бу вазиятда тўп Манчинининг оёғига теккан ҳолда йўналишини ўзгартириб, унинг вазифасини янада қийинлаштирганди. Кейин эса «бўрилар»ни устун қутқариб қолди. Вазиятлардан фойдалана олмаган «Милан» жазоланиши мумкин эди, 84-дақиқада жонли деворда турган Фофана тўпни қўли билан ўйнади ва мезбонлар дарвозасига пеналти белгиланди. Аммо Менян деярли иложсиз ишни амалга ошириб, Дибала ижросидаги пеналтини бартараф этди. Римликлар учун янада аламлиси, аргентиналик ҳужумчи зарба бериш чоғида оёғини қайириб олди ва майдонни эрта тарк этишга мажбур бўлди.

А Сериянинг бу мавсумида ҳам турнир жадвалининг юқори қисмида жиддий кураш кетмоқда. Бу турда голсиз дуранг қайд этганига қарамай, «Наполи» биринчи ўринни ўзида сақлаб қолди. Лекин «Интер», «Милан» ва «Рома» бир очколик фарқ билан таъқиб қилмоқда.

Муаллиф:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид