Ўзбекистон | 13:54 / 25.12.2019
24394
2 дақиқада ўқилади

«Зарур материаллар прокуратурага тақдим этилди» — МСК Бектемир туманидаги сайлов округидаги ҳолат бўйича изоҳ берди

Марказий сайлов комиссияси Тошкент шаҳар Бектемир туман 18-Висол сайлов округидаги 105-сайлов участкасида комиссия аъзолари томонидан сайлов натижалари сохталаштирилгани акс этган видеоматериалга муносабат билдирди.

«Бу ҳолат Kun.uz сайтида эълон қилингач, тезда унга эътибор қаратдик, прокуратура идоралари билан боғландик, ўз вакилимизни жўнатдик. Ҳозирда ўрганиш жараёни кетмоқда. 

Албатта, бу қўпол қонунбузилиши ҳисобланади. Ҳолат натижаларга таъсир қилиш-қилмаслиги юзасидан ҳам ўрганилмоқда», дея изоҳ берди МСК раиси ўринбосари Маҳмуд Истамов Kun.uz мухбирининг шу ҳолат юзасидан берган саволига жавобан.

Айни вақтда МСК сайтида расмий муносабат билдирилди.

«Мазкур ҳолат Марказий сайлов комиссияси томонидан ўрганиб чиқилмоқда. Ушбу ҳолат юзасидан амалга оширилаётган қўшимча ўрганиш ва уларга ҳуқуқий баҳо бериш учун зарур материаллар прокуратура идораларига тақдим қилинди», дейилган Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати хабарида.

Бундан аввалроқ Kun.uz нашри Тошкент шаҳри Бектемир туман 18-Висол сайлов округидаги 105-сайлов участкасида комиссия аъзолари томонидан қутига бюллетенлар ташланаётгани тасвирланган видеоматериални эълон қилганганди.

Хабарда сайлов жараёни якунланишини кутиб турган кузатувчиларни «Адлия вазирлигиданмиз» деб таништирган номаълум шахслар кузатувчиларнинг ҳужжатларини текшириш баҳонасида бошқа хонага олиб чиқиб кетгани, сайлов участкаси мутасаддилари кузатувчиларнинг йўқлигидан фойдаланиб, олдиндан тайёрлаб қўйилган бюллетенларни сайлов қутисига ташлагани келтирилган. Бу ҳолат кузатувчилардан бирининг камерасига ёзиб олинган. 

Мавзуга оид