Жамият | 11:55 / 23.06.2024
16085
3 дақиқада ўқилади

«4 соатда 6 та ухлатадиган укол қилишган» – Тошкент шаҳридаги 4-болалар шифохонасидан оналар норози

Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида жойлашган 4-болалар клиник шифохонасида беморларга яхши қаралмаётгани айтилмоқда. «Боламнинг иситмасини тушириш учун реанимация бўлимига олиб киришди, лекин у ерда бирор текширадиган аппаратни кўрмадик, иссиқдан хоналарда ўтиришнинг иложи бўлмаяпти, бино ўта абгор аҳволга келиб қолган», дейди Kun.uz суҳбатлашган оналар.

Фото: Kun.uz

Таҳририятга Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани Боғкўча даҳасида жойлашган шаҳар 4-болалар клиник шифохонасида даволанаётган болаларнинг оналаридан мурожаат келиб тушди. Унда шифохонага олиб борилган болаларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам ёмонлиги, касалхонада даволаниш учун етарли шароит йўқлиги айтилган. Kun.uz мухбири шифохонага бориб, оналар билан суҳбатлашди.

19 июн куни 6 ойлик чақалоғини шифохонага олиб келган Мадина Усмонова реанимация бўлимида боласининг иссиғини тушира олишмаётганидан шикоят қилди. Унинг айтишича, чақалоғига бронхопневмония ташхиси қўйилган, боласи 10 кун олдин иситмалашни бошлаган. Бу ерда келишдан олдин хусусий клиникада даволанган. Иситмаси тушавермагач, шаҳар 4-болалар клиник шифохонасига олиб келган.

«Олиб келганда фарзандимнинг иситмаси 38,5-39 даража эди. Шифохона қабулхонасига кирганимнинг ўзидаёқ ётайми-ётмайми деб иккиландим. Жуда абгор ҳолатда эди. Бизнинг туманга қарагани учун шу ерга келишга мажбур бўлдим. Фарзандим реанимацияда ётибди, бирорта замонавий техника йўқ, чақалоқлар ўтган асрда қолиб кетган темир кроватларда ётишибди. Сематика бўлимида 3 кун ётган бўлсам ҳам боламнинг иссиғи тушмади», – дейди аёл.

Жаҳона Мирвоҳидова ҳам фарзандини 19 июн куни шу шифохонага олиб келган. Унинг чақалоғи 9 ойлик бўлиб, унга пневмония ташхиси қўйилган.

«Келган куним жонлантириш бўлимига олиб киришди. 4 соат ичида иситмасини тушириш учун қаторасига 6 та аналгин қилишди, лекин иссиғи тушмади. Бош шифокор бирор марта келгани йўқ. Энди 5-сонли шаҳар шифохонасига йўлланма ёзиб беришларини кутяпмиз, боламни ўша ерга олиб бормоқчиман», – дейди у.

Фарзандини 20 июн куни шифохонага олиб келган Муниса Ҳусанова ҳам юқоридаги аёлларнинг гапларини такрорлади. У ҳам боласини олдин хусусий шифохонада даволатган. 4-шаҳар болалар клиникасига эса иссиғи тушмагани сабаб олиб келган.

«Боламни 40 даража иситма билан олиб келгандим. Томоғидан беряпти дейишди. Реанимацияга олиб кириб кетиб, эрталаб иситмаси тушди, 37,4 деб қайтариб беришди. Лекин термометрда ўлчасам 38,5 экан. Нега бунақа бўлди деб сўрасам, ҳозир тушган эди деб ўзларини оқлашди. Ҳозир САМПИга олиб келдик», – дейди 9 ойлик чақалоқнинг онаси.

Бундан ташқари, аёллар шифохонадаги бошқа шароитлардан ҳам норози. Улар раковиналар яхши ишламаётгани, иссиқда хонани совитишнинг иложи бўлмаётгани, бино эскириб, абгор ҳолатга келиб қолганини айтишган.

«Томлари қулаб тушгудек бўлиб турибди. Бинони кўрган киши уни пойтахтдаги болалар шифохонасига ўхшатмайди. Ахир пойтахтда аҳоли кўпайиб боряпти, шифохоналар беморлар билан тўляпти. Нега янги бино қуриш ҳақида ўйлашмаяпти?» – дейди Мадина Усмонова.

Зуҳра Абдуҳалимова
Муаллиф Зуҳра Абдуҳалимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид