Даулетияр Бахтиярович Худайбергенов Тошкент шаҳри ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари – Тошкент шаҳри иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бошлиғи бўлди, дея хабар бермоқда ҳокимлик.

Даулетияр Худайбергенов 1990 йилда Нукус шаҳрида туғилган. 2013 йилда Тошкент давлат юридик институтини бакалавриат, 2015 йилда магистратура босқичларини тамомлаган.
У 2024 йилда Санкт-Петербург давлат иқтисодиёт университетини қайта тайёрлаш йўналиши бўйича тугатган, 2025 йилда Ўзбекистон Банк-молия академиясининг магистратура босқичини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 2014 йилда бошлаб, қатор вазифаларни бажариб келган.
Хусусан, Президент администрациясида ишлаган даврида халқаро молия институтлари иштирокидаги лойиҳаларни амалга ошириш ва молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш, юқори ликвидли ва монопол товарларни сотиш жараёнларига бозор механизмларини жорий этиш, саноат корхоналарининг экспорт салоҳиятини ошириш, қурилиш ва коммунал соҳани ҳамда ҳудудларни ривожлантириш бўйича ишларда иштирок этган.
Шу кунга қадар Худайбергенов Президенти администрацияси Ҳуқуқий экспертиза ва комплекс таҳлил қилиш департаменти бошқарма бошлиғи лавозимида ишлаган.
Ушбу лавозимда 2024 йил июн ойидан ишлаган Бахтиёр Ҳайдаров 2026 йил февралида Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги раҳбари лавозимига ўтказилгач, унинг ўрни бўш қолаётганди.
Алишер Исматиллаевич Дўсмуҳамедов Тошкент шаҳри ҳокимининг ахборот технологияларини жорий этиш бўйича ўринбосари – Рақамли ривожланиш департаменти раҳбари лавозимига тайинланди.

















