Ўзбекистон | 16:47 / 09.08.2020
46370
2 дақиқада ўқилади

«Чорвоқ» сув омборида чўмилиш ва моторли қайиқлардан фойдаланиш тақиқланиши мумкин

Бўстонлиқ туманидаги «Чорвоқ» сув омборининг санитария хавфсизлигига оид ҳукумат қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Фото: lookmytrips.com

Қарор билан сув омборида сузиш воситаларидан фойдаланиш ва аҳолининг чўмилиши тақиқланиши мумкин.

Изоҳланишича, Тошкент шаҳри ва вилояти аҳолисини ичимлик суви билан таъминлашда стратегик аҳамиятга эга сув омборида сувнинг санитария-гигиеник ҳолати маиший ва кимёвий чиқиндилар ташланиши сабабли ёмонлашиб бормоқда.

Шунингдек, «Чорвоқ» сув омбори жойлашган ҳудуд рельефининг мураккаблиги, сувнинг чуқурлиги 220 метрдан ошиши, сувда сузувчи транспорт воситаларидан фойдаланиш ва аксарият ҳолатларда аҳоли томонидан чўмилиш қоидаларига риоя этилмаслиги чўкиш билан боғлиқ нохуш ҳолатларга олиб келган.

Хусусан, 2та скутернинг тўқнашиши оқибатида 2017 йилда 2 нафар ва 2015 йилдан 2020 йилнинг июль ойига қадар 8 нафар фуқаро чўкиш оқибатида вафот этган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, омбор суви ифлосланишининг олдини олиш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида:

  • «Чорвоқ» сув омборида моторли қайиқлар, катерлар, яхталар, гидроцикл ва бошқа сузувчи воситалардан фойдаланишни тақиқлаш;
  • пляжлар ташкил этишни ва сув омбори қирғоғида аҳолининг чўмилишини тақиқлаш;
  • махсус вазифаларни бажариш ваколатига эга вазирлик ва идораларга ўз моторли қайиқларидан фойдаланишларига рухсат бериш;
  • Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги томонидан юқоридаги талабларга риоя этилиши бўйича профилактик тадбирларни кучайтириш таклиф этилмоқда.

ФВВ томонидан ишлаб чиқилган қарор лойиҳаси 23 августга қадар муҳокамада бўлиши белгиланган.

Мавзуга оид