Ўзбекистон | 18:26 / 20.07.2022
21895
3 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистон депутатлари президентдан фавқулодда ҳолатни юмшатишни сўради

Жўқорғи Кенгеснинг бугун, 20 июлдаги сессиясида Қорақалпоғистондаги фавқулодда ҳолат режимини юмшатиш бўйича президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат йўллаш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Фото: Жўқорғи Кенгес матбуот хизмати

Жўқорғи Кенгес ахборот хизмати хабарига кўра, мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенати аъзолари, депутатлари, муассасалар раҳбарлари, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, туман ҳокимлари сўзга чиқиб, содир бўлган нохуш ҳолатларга ўз муносабатини билдирган ҳамда тегишли қарор қабул қилинган.

3 июлдан жорий этилган фавқулодда ҳолат режими 2 август соат 00:00гача амал қилади.

Қорақалпоғистондаги сессияни ёритган “Янги Ўзбекистон” нашри дастлаб ўз хабарида қорақалпоғистонлик депутатлар президент Шавкат Мирзиёевдан фавқулодда ҳолатни бекор қилиш ва “айбсиз фуқароларни афв этиш”ни сўраётгани ҳақида ёзди, кейинроқ ўз хабарини таҳрирлади: унга кўра, президентга мурожаатдан фақат фавқулодда ҳолатни юмшатиш сўрови жой олади.

Эслатиб ўтамиз, 13 июл куни фавқулодда ҳолат режими юмшатилган, комендантлик соати 21:00 – 07:00 оралиғидан 23:00 – 05:00 оралиғигача қисқартирилган эди.

1-2 июл кунлари бўлиб ўтган намойиш ва тартибсизликлардан кейин киритилган режим қуйидагиларни назарда тутади:

  • комендантлик соати амал қилади;
  • жамоат тартибини, ўта муҳим ва тоифаланган объектларни ҳамда аҳолининг ҳаёт фаолиятини таъминловчи инфратузилма объектларини муҳофаза қилиш кучайтирилди;
  • Қорақалпоғистон ҳудудида ҳаракатланиш эркинлиги чекланди, шу жумладан транспорт воситалари учун ҳам;
  • фуқароларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар текширилмоқда, улар шахсий кўрикдан ўтказилмоқда, улардаги ашёлар ва транспорт воситалари кўздан кечирилмоқда;
  • Қорақалпоғистон ҳудудига кириш ва ундан чиқиш чекланди;
  • тинч йиғилишлар, кўнгилочар, спорт ва бошқа оммавий тадбирлар ташкил этилиши ва ўтказилиши тақиқланди;
  • юридик шахслар фаолиятини тўхтатиб туриш ёки тугатишга қаратилган иш ташлашлар ва бошқа ҳар қандай ҳаракатлар тақиқланди;
  • қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар, махсус воситалар, заҳарли моддалар сотилиши тақиқланди;
  • дори ва гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ҳамда этил спирти ва алкогол маҳсулотлари муомаласининг алоҳида тартиби жорий этилди;
  • жисмоний шахслардан қурол ва ўқ-дорилар, заҳарли моддалар, юридик шахслардан эса қурол, ўқ-дорилар ва заҳарли моддалар билан бир қаторда ҳарбий ва ўқув-ҳарбий техника, портловчи ва радиактив моддалар вақтинчалик олиб қўйилмоқда.
Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид