Ўзбекистон | 12:47 / 19.11.2025
9470
3 дақиқада ўқилади

Экология вазирлиги ҳукумат таркибидан чиқарилиб, мустақил қўмитага айлантирилди

Президент қарори билан, Экология вазирлиги негизида Экология қўмитаси ташкил этилди. Қўмита Вазирлар Маҳкамаси тизимидан ташқарида бўлади. Азиз Абдуҳакимов президент маслаҳатчиси – Экология қўмитаси раиси этиб тайинланди. Туман экология бўлимлари ҳокимлар бўйсунувига ўтмайдиган бўлди. Туризм қўмитаси экология органи таркибидан чиқарилди.

Экология вазирлиги (эндиликда қўмита) биноси / Фото: Wikipedia

Ўзбекистонда экология ва туризм соҳаларидаги бошқарув тизими ўзгаради. Бу ҳақда президент фармони ва қарори қабул қилинди.

Қарорга асосан, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси тизимидан чиқарилиб, унинг негизида амалдаги штат бирликлари сақланган ҳолда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ташкил этилади.

Қўмита ўз фаолиятида бевосита Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳисобдор ҳисобланади.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси эса экология органидан ажратилиб, Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси сифатида қайта ташкил этилади.

Ўрмон агентлиги, Ўзгидромет ва Чиқиндиларни бошқариш агентлиги Экология қўмитаси ҳузурида қолдирилди.

Экология қўмитасининг жорий фаолиятига Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси – Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси раҳбарлик қилади. Бу лавозимга экология вазири сифатида фаолият юритиб келган Азиз Абдуқаҳҳорович Абдуҳакимов тайинланди.

Азиз Абдуҳакимов 2023 йил июн ойидан буён экология вазири сифатида фаолият юритиб келмоқда. / Фото: Қонунчилик палатаси матбуот хизмати

Экология қўмитаси раисининг 4 нафар ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади; мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий хизмат ва транспорт таъминоти шароитлари бўйича тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси ўринбосарларига тенглаштирилади.

Қўмита ўз фаолиятини ҳар қандай давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда амалга оширади ҳамда унинг фаолиятига ушбу мансабдор шахсларнинг аралашуви тақиқланади.

Қонуности ҳужжатларида белгиланган экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги Вазирлар Маҳкамасининг ваколатлари, уларга тегишли ўзгартиришлар киритилгунга қадар, бевосита Экология қўмитаси томонидан амалга оширилади.

Экология қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари ва туман (шаҳар) бўлимлари маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари тузилмасига кирмайди ва ўз фаолиятини мустақил амалга ошириб, Экология қўмитаси олдида ҳисобдор бўлади.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 21 октябр куни қабул қилинган президент фармонига асосан, 7 та вазирлик, хусусан Экология вазирлигининг ҳам республика бўйича 41 та туман ва 4 та шаҳардаги бўлимлари тажриба-синов тариқасида маҳаллий ҳокимликлар тузилмасига ўтказилиши белгиланган эди. Эндиликда бу рўйхатдан экология бўлимлари чиқиб кетади.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид