Агар пул ўтказмалари кўпаймаганда, бу йил 8 та вилоятда аҳоли камбағаллашган бўларди: Тимур Ишметовнинг божларни камайтириш чақириғига янги маслаҳатчи Обид Ҳакимов қандай қарайди? Пойтахт ҳокимлиги 174 та дарахтни қириб ташлади: шунга қарамай жойлардаги экология бошлиқлари ҳокимларга бўйсундириладими? Ҳайдовчиларнинг хоҳлаганча қоида бузиш “ҳуқуқи” бекор бўлади, лекин янги “лазейка”га чора борми?

Ҳафтанинг Ўзбекистон ҳаётига оид долзарб мавзулари – Kun.uz дайжестида.

Пул ўтказмалари – аҳолининг харид қобилиятини ўстираётган асосий омил

Статистика агентлиги Ўзбекистон аҳолисининг топиш-тутиши ҳақидаги янги маълумотларни эълон қилди. Маълум бўлишича, бу йил аҳолининг реал даромадлари ўсиши бироз тезлашган. Ўтган йили январ-сентябр ойларида аҳоли жон бошига реал даромадлар ўсиши 5,5 фоиз бўлган бўлса, бу йил 6,3 фоизга етган. Яъни ҳозирги ўртача ўзбекистонликнинг харид қобилияти ўтган йилгисидан 6,3 фоизга юқорироқ. Лекин бу республика миқёсидаги умумий кўрсаткич бўлиб, ҳудудлар кесимида жиддий фарқ қилади.

Масалан, Тошкент шаҳрида яшовчиларнинг топиш-тутиши бу йил 10,3 фоизга яхшиланди, фарғоналикларнинг реал даромади эса бундан-да кўпроқ – 13,3 фоизга кўпайди. Худди шу пайтда Фарғонанинг ёнидаги Андижонда реал даромадларнинг ўсиши атиги 1,1 фоиз бўлгани ҳайратланарли. Икки қўшни вилоят ўртасидаги бунчалик фарқли тенденциянинг сабаби тушунарсиз.

Республиканинг энг бой ҳудуди бўлмиш Тошкент шаҳрида жон бошига 9 ойлик умумий даромад 52 млн сўм бўлган. Пойтахтдан бошқа ҳудудларда эса бу кўрсаткич ўртача 19,8 млн сўмга тенг. 5 йил олдин тошкентликлар қолган 13 та ҳудуд аҳолисига нисбатан ўртача 2 баробар кўп пул топарди, ҳозир эса бу фарқ 2,6 баробарга етган. Хусусан, Тошкент ва Қорақалпоғистондаги аҳоли даромадлари нақ 3,5 баробарга фарқ қиляпти.

Шунга ўхшаш тафовутни ойлик маошлар статистикасида ҳам кўриш мумкин. Январ–сентябр ойларида Тошкент шаҳридаги ўртача ойлик 10 млн 380 минг сўмни ташкил этган бўлса, пойтахтдан бошқа ҳудудларда ўртача 5 млн сўм бўлган. Республика бўйича ўртача ойликлар 6 млн 167 минг сўмга етган, бу – ҳисобот давридаги ўртача курс бўйича 483 долларга тенг. Бундан даромад солиғини чегириб ташласак, ойлик маошдан бошқа даромади йўқ ўзбекистонликлар ўртача 425 долларга кун кечираётгани маълум бўлади.