Ўзбекистон | 18:56 / 23.12.2023
24939
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда 17 ёшли қизнинг тўйи ва у билан боғлиқ маросимлар тўхтатилди

Болалар омбудсмани эрта никоҳ билан боғлиқ ҳолатни ўрганиб, тўйнинг олдини олгани таъкидланмоқда.

Фото: Болалар омбудсмани

Қашқадарё вилояти, Косон туманида 17 ёшли қизнинг белгиланган тўйи ва у билан боғлиқ барча маросимлар тўхтатилди. Бу ҳақда болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова маълум қилди.

Қайд этилишича, ФҲДЁ томонидан бериладиган никоҳ гувоҳномаси бўлмай туриб, шаръий никоҳ ўқиган диний вакил ҳам жавобгарликка тортилган. Унга қандай чора кўрилганига аниқлик киритилмаган.

Ўзбекистон қонунчилигига кўра, эркак ва аёллар 18 ёшдан турмуш қуриши мумкин.

Болалар омбудсмани 22-23 декабр кунлари эрта никоҳлар ва мактаб ёшидаги қизларга нисбатан унаштирув маросимлари ўтказилиши каби салбий ҳолатлар юзасидан Қашқадарё вилоятининг Кўкдала, Касби ва Косон туманида ўрганишлар ўтказган.

Фарзандларини эрта турмушга бермоқчи бўлган ота-оналар суҳбатга чақирилиб, эрта никоҳнинг салбий оқибатлари тушунтирилган. Бундай ҳолатга йўл қўйган ота-оналар маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлиги эслатилган.

Таъкидланишича, болалар омбудсмани унаштирув маросими ўтказилгани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар юзасидан ҳар бир қиз билан учрашиб, суҳбат ўтказган.

Аввалроқ, Қашқадарё вилоятида 7-синф қиз унаштирилгани ҳақида видеолавҳа тарқалган, унинг ота-онаси бу ҳолат аслида фарзандининг туғилган куни муносабати билан ўтказилган тадбир экани тўғрисида тушунтириш берган эди.

Мавзуга оид