Ўзбекистон | 18:39 / 25.11.2025
13408
3 дақиқада ўқилади

Самарқанд шаҳридаги ташкилотлар кўчирилади, 700 дан ортиқ кўп қаватли уй қурилади

Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига ташрифи давомида шаҳар қиёфасини ўзгартириш ва Ургут тумани марказига алоқадор бир қатор йирик лойиҳаларни эълон қилди.

Фото: LiveJournal

Президент Шавкат Мирзиёев Ургут марказига “Янги Ўзбекистон” қиёфасини олиб кириб, энг замонавий ва кўркам шаҳарлардан бирига айлантириш бўйича алоҳида қарорни имзолади.

Туманнинг «Қуйи Камангарон» маҳалласидаги «Янги Ўзбекистон» массивига туташ ҳудуддан 90 гектар қўшимча жой ажратиб, замонавий урбанистика асосида 100 минг аҳолига мўлжалланган замонавий эко-шаҳар барпо этилиши эълон қилинди.

Янги шаҳарда йўл, сув, канализация, электр, мактаб, боғча, шифохона ва бошқа инфратузилма объектларини қуриш, тадбиркорлик лойиҳалари учун 50 миллион доллар ажратилади.

Янги шаҳарнинг 3 гектар майдонида туманнинг 35 та ташкилоти учун ягона маъмурий марказ қуриб берилади. Уларнинг бўшаган бинолари эса бизнес учун хусусий секторга таклиф қилинади.

Шунингдек, Оқдарё, Пайариқ, Пастдарғом, Тойлоқ ва Самарқанд туманидаги 17,5 минг гектар ҳудуд Самарқанд шаҳрига қўшиб берилади. Бунинг ҳисобига Самарқанд шаҳри аҳолиси 604 мингдан 882 мингга етади.

Шу боис, аҳолиси ва даромади кундан-кунга ўсиб бораётган Самарқанд шаҳрида замонавий уй-жойларга бўлган талабни таъминлаш учун 3 та йирик массив танлаб олинди.

Жумладан, «Ширин» массивида 180 минг, «Темирйўл орти» ҳудудида 100 минг, «Қорасув-2» массивида 30 минг аҳоли учун 700 дан ортиқ замонавий кўп қаватли уй барпо этилади.

Самарқанд шаҳридаги 49 та вилоят ташкилоти келаси йил «Ширин» массивига кўчади. Шу йил охиригача бу массивни шаҳар маркази билан боғловчи «Қорадарё» устидан ўтган 577 метрли кўприк ишга туширилади. Испаниялик инвесторлар билан хусусий шериклик асосида ушбу 3 та массивнинг канализация тизими янгиланади.

Шаҳарда юк транспорти ҳаракатини камайтириш мақсадида Оқдарё, Тойлоқ ва Самарқанд туманидан ўтувчи магистраль йўл бўйида 4 та логистика маркази барпо этилади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид