Ўзбекистон | 20:00 / 20.01.2020
90598
3 дақиқада ўқилади

«Биз иттифоққа аъзо бўлиб кирмаяпмиз» — Президент ЕОИИ бўйича хавотирларга ўрин йўқлигини айтди

Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Сенатининг биринчи мажлисида Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳақида гапирди.

«Интеграциялашув ҳақида икки оғиз айтсам. Кўп одамларимиз чет элда ишлаб юрибди. Қозоғистон ва Россия. Уларга беписандлик билан қарашимиз мумкинми?

Битта нарсани билиб қўйинглар. Ҳеч ким мустақилликни ҳеч кимга бериб қўймайди. Мустақиллик халқ ишонган президентнинг қўлида. 

Биз иттифоққа аъзо бўлиб кирмаяпмиз. Биз аввал ҳозирги шароитда бу маъқулми, номаъқулми, шуни билишимиз керак. 

2 миллиард долларлик мева-сабзавотларимизни қайта ишлаш бўйича катта жараённи бошлаб юбордик. 

Шунча тайёрлаган маҳсулотимизни қаерга олиб борамиз? Ким кутиб турибди? Тўғри, Европада қимматроқ. Лекин стандартини қилиш керак. Йиллар давомида еримиз заҳарланган, сувимиз заҳарланган...», дея президентнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Президент Ўзбекистон ЕОИИга фақат кузатувчи мақомида киришини таъкидлади:

Мустақилликни бировга бериб қўяди, деган хомхаёл гаплар ҳою-ҳавас гаплар. Ким бериб қўяди мустақилликни?

Ислоҳотларимизга ҳамма хайрихоҳ бўлиб турсин, оёққа туриб олайлик.

Кузатувчи дегани — аъзо дегани эмас. Томошабин дегандек. Кузатувчи мақомида нима яхши, нима ёмонлигини кузатамиз.

Санкт-Петербургда Владимир Владимирович билан кўп нарсаларни келишиб олдик. Бир нарсага амин бўлинглар, ҳамма қилган ҳаракатларимиз миллатимиз манфаати, иқтисодиётимизнинг эртанги куни учун.

Иқтисодиётимизни барқарор қилиш учун ҳам бизга ҳозир 50 миллиард доллар керак. Бугун оғир, таҳликали замонда яшаяпмиз. Тўғри йўлни топиш узоқ, лекин шунга интилиш керак.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг октябрь ойида Россия Федерациялар Кенгаши спикери Валентина Матвиенко Тошкентга қилган сафари мобайнида (ҳали президент билан учрашмасдан туриб) Ўзбекистон Евросиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) аъзо бўлмоқчилиги ҳақида гапирганди. Шундан кейин Ўзбекистон томони бу борада музокаралар олиб борилаётганини тасдиқлаган, чуқур ўйлаб кўрилгандан кейингина бир қарорга келиниши маълум қилинганди. Ўтган вақт мобайнида Ўзбекистон жамоатчилиги ушбу иттифоққа кириш-кирмаслик масаласини муҳокама қилиб келди.

Шавкат Мирзиёев 26 декабрь куни зиёлилар билан учрашув чоғида ташқи сиёсатдаги айрим жиҳатларга тўхталган, мустақиллик ҳеч кимга бериб қўйилмаслигини айтганди.

ЕОИИ — халқаро иқтисодий тузилма ҳисобланади. Унинг мақсади мувофиқлаштирилган иқтисодий сиёсат юритиш ва маҳсулотлар, хизматлар, капитал ва ишчи кучи ҳаракатланиши учун эркин ҳудуд барпо этиш ҳисобланади. Бундай иттифоқ тузиш бўйича келишув 2014 йилда имзоланиб, 2015 йил 1 январида кучга кирган. Бугунги кунда иттифоқ таркибига Россия, Беларусь, Қозоғистон, Арманистон ва Қирғизистон аъзо ҳисобланади.

Мавзуга оид