Жаҳон | 22:18 / 15.01.2026
6576
8 дақиқада ўқилади

Гренландияга европалик ҳарбийлар кела бошлади

Дастлабки ҳарбий мутахассислар гуруҳи оролдаги шароитларни кўздан кечириб, бу ҳудудда кўпроқ ҳарбийлар жойлаштириш ва ҳарбий машғулотлар ўтказиш имкониятларини ўрганади.

Фото: Reuters

Гренландия пойтахти Нуук шаҳрига 15 кишидан иборат француз ҳарбий контингенти етиб келди ва Европанинг яна бир қанча давлатлари Дания бошчилигидаги «Арктика бардоши» разведка операцияси доирасида у ерга ўз аскарларини юбормоқда. Бир кун аввал Гренландия ва Дания вакиллари Вашингтонда АҚШ вакиллари билан учрашган, бироқ дунёдаги энг катта оролнинг келажаги бўйича келишувга эришилмаганди. Президент Трамп қандай қилиб бўлмасин, орол устидан АҚШ назоратини ўрнатмоқчи ва бу йўлда куч ишлатишни истисно қилмаяпти.

Аллақачон Франция, Швеция, Германия, Буюк Британия ва Норвегия ушбу қўшма машғулотларда қатнашиши ҳақида маълум қилган, кейинроқ уларнинг сафига Нидерландия ҳам қўшилди.

Дания ташқи ишлар вазири Ларс Лёкке Расмуссен чоршанба куни Гренландияда айни вақтда 200 нафарга яқин америкалик аскар борлигини айтди – бу совуқ уруш давридагидан анча камроқ. Орол аҳолиси 57 000 минг киши атрофида.

Дания мудофаа вазири Троэлс Лунд Поулсен оролда европалик ҳарбийлар сони кўпроқ бўлишини таъминлаш режалаштирилаётганини айтди. Европа ҳарбий контингенти миқдорини қанчага етказиш ҳақида ҳозирча маълум қилинмаган. Ҳозирча гап бор-йўғи бир неча ўнлаб ҳарбий хизматчилар ҳақида кетмоқда ва улар бу ерда қанча вақт қолиши номаълум. Нуук шаҳрига А400М транспорт самолётида 13 нафар аскар юборган Германия ўз ҳарбийлари Гренландияда фақат шанба кунигача қолишини маълум қилган.

Франция Гренландияга тоғли ҳудудларда жанговар ҳаракатлар олиб боришга ихтисослашган 15 га яқин мутахассисни, Швеция уч нафар офицерни, Норвегия икки, Нидерландия эса бир нафар флот офицерини юборади. Буюк Британиядан ҳам бир нафар офицер ажратилган.

Полша бош вазири Доналд Туск ўз мамлакати Европанинг Гренландиядаги ҳарбий машғулотигга қўшилишни режалаштирмаётганини айтди, бироқ АҚШнинг орол ишларига ҳар қандай ҳарбий аралашуви «сиёсий фалокатга айланиши» ҳақида огоҳлантирди.

«НАТО аъзоси ҳудудининг НАТОнинг бошқа аъзоси томонидан аннексия қилинишига уриниш ёки можаро биз билган дунёнинг – узоқ йиллар давомида хавфсизлигимизни таъминлаб келган дунёнинг тугаши бўлади», – деди у матбуот анжуманида.

Россиянинг Белгиядаги элчихонаси эса Арктикада содир бўлаётган воқеалардан «жиддий хавотирда» эканини билдириб, НАТОни «Москва ва Пекин таҳдиди кучайиб бораётганини баҳона қилиб», у ердаги ҳарбий иштирокни кучайтиришда айблади.

АҚШ президенти Доналд Трамп стратегик муҳим нуқтада жойлашган ва фойдали қазилмаларга бой бу орол АҚШ хавфсизлиги учун жуда муҳимлиги ва Америка уни Россия ёки Хитой эгаллаб олмаслиги учун назорат қилиши кераклигини айтиб келмоқда.

У Гренландияни сотиб олишни таклиф қилмоқда, аммо куч билан босиб олиш имкониятини ҳам истисно этмаяпти. Гренландия ва Дания ҳукуматлари эса орол сотилмаслиги, куч билан таҳдид қилиш эса ақлга сиғмаслигини таъкидламоқда. Европа Иттифоқи давлатлари раҳбарлари Данияни қўллаб-қувватлади. Аммо Трамп Дания Россия ва Хитойнинг Арктикадаги таъсирига қарши тура олмаслигини рўкач қилмоқда.

«Муаммо шундаки, агар Россия ёки Хитой Гренландияни босиб олишни истаса, Дания ҳеч нарса қила олмайди, биз эса ҳамма нарсани қила оламиз. Сиз буни ўтган ҳафта Венесуэла билан бўлган ҳолатда билиб олдингиз», – деди Трамп чоршанба куни Овал кабинетда журналистларга. У куч ишлатишни истисно қилмаган, лекин қандайдир ечим топилишига умид билдирган.

Чоршанба куни АҚШ, Дания ва Гренландия юқори мартабали вакилларининг учрашуви бўлиб ўтди.

Дания ташқи ишлар вазири Ларс Лёкке Расмуссеннинг айтишича, музокаралар конструктив бўлган, бироқ томонлар ўртасида «фундаментал келишмовчиликлар» сақланиб қолмоқда.

Reuters’нинг қайд этишича, ўтган йили Украина президенти Володимир Зеленский бошидан кечирганидек ошкора шармандаликсиз ўтган бўлса-да, учрашувда баҳсга ечим топилмаган.

«Американинг Гренландияни босиб олиш амбициялари ўз кучида қолмоқда», деди Дания бош вазири Метте Фредериксен пайшанба куни Reuters учун ёзма изоҳида ва у ҳам «фундаментал келишмовчиликлар»ни қайд этди.

«Бу, албатта, жиддий, шунинг учун биз бундай сценарийнинг [орол америкаликлар томонидан эгаланишининг] олдини олиш учун саъй-ҳаракатларни давом эттирмоқдамиз», – деб ваъда берди у.

АҚШ ва Дания орол билан боғлиқ кенг кўламли масалаларни муҳокама қилиш учун ишчи гуруҳ тузади, деди Дания ва Гренландия вакиллари музокаралардан сўнг.

Учрашувдан олдинроқ Гренландия ва Дания НАТО иттифоқчилари билан яқин ҳамкорликда орол ва унинг атрофида ҳарбий иштирокни кўпайтиришни бошлаганини маълум қилганди.

«Дания қуролли кучлари Европадаги иттифоқчилари билан биргаликда яқин ҳафталарда Арктикадаги ҳарбийларни жойлаштириш ва машғулотлар ўтказиш имкониятларини ўрганади», – дея маълум қилган Дания мудофаа вазирлиги.

Европалик ҳарбийларнинг Гренландияда бўлиши АҚШ маъмурияти учун икки томонлама маънога эга, деб ҳисоблайди Дания қироллик мудофаа коллежи таҳлилчиси Марк Якобсен.

«Биринчидан, тийиб турувчи: агар сиз ҳарбий йўл билан ҳаракат қилишга қарор қилсангиз, биз Гренландияни ҳимоя қилишга тайёрлигимизни кўрсатиш. Иккинчидан, шуни билдириш: биз сизнинг танқидларингизни жиддий қабул қиламиз, иштирокимизни кучайтирамиз, суверенитетимиз ҳақида қайғурамиз ва Гренландияни кузатишни яхшилаймиз», – дея тушунтирди у Reuters’га берган изоҳида.

Франциянинг Арктика ва Антарктика ишлари бўйича элчиси Оливе Пуар д’Арвор France Info нашрига берган изоҳида бу орқали АҚШга НАТО минтақада экани ва Европа иттифоқи унинг хавфсизлигини таъминлашга ҳисса қўшаётганини кўрсатиш режалаштирилаётганини айтган.

Британия ҳукумати вакиллари Буюк Британия президент Трампнинг хавфсизлик масалалари бўйича хавотирларига қўшилиши ва кучларни жойлаштириш «Россия тажовузкорлиги ва Хитой фаоллигини тийиб туриш мақсадидаги жадал машғулотлар ўтказиш»ни назарда тутишини қайд этган.

Бирлашган Арктика қўмондонлигининг Нуукдаги штаб-квартираси
Alessandro Rampazzo / AFP via Getty Image

Дания ташқи ишлар вазири Расмуссен АҚШ вакиллари билан музокаралардан сўнг АҚШнинг хавфсизлик масалалари бўйича хавотирларига маълум даражада қўшилиши, бироқ айни пайтда Хитой ёки Россия томонидан Дания ва Гренландия дош бера олмайдиган «бевосита таҳдид» йўқлигини айтди.

«АҚШ президентининг мақсадлари – муҳокама жараёнида, – деди у Fox News’га берган изоҳида. – Албатта, бизнинг ўз қизил чизиқларимиз бор. Ҳозир 2026 йил: одамлар билан савдо қилиш мумкин, лекин одамларни савдо қилиб бўлмайди».

Гренландия бош вазири Йенс-Фредерик Нилсен пайшанба куни яна бир марта орол юрисдикцияни ўзгартирмоқчи эмаслигини маълум қилди.

«Гренландия Қўшма Штатларга тегишли бўлишни хоҳламайди. Гренландия Қўшма Штатлар томонидан бошқарилишни хоҳламайди. Гренландия Қўшма Штатларнинг бир қисми бўлишни хоҳламайди», – дея қайд этган у.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид