Ўзбекистон | 16:33 / 20.03.2021
23621
5 дақиқада ўқилади

«Обнал иши» бўйича суд бошланди. ОАВ судни тасвирга олишига солиқчилар қарши чиқди

19 март куни Тошкент туманлараро маъмурий судида «обнал иши» бўйича тадбиркорнинг солиқ органига нисбатан аризаси юзасидан суд жараёни бошланди.

Тошкент шаҳрида фаолият юритадиган тадбиркорнинг «обнал иши» юзасидан Тошкент шаҳар солиқ бошқармасига нисбатан аризаси Тошкент туманлараро маъмурий судида кўриб чиқила бошланди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Суд аввалида Kun.uz жараённи тасвирга олиш учун судьядан рухсат сўради. Солиқ органи вакили жараён тасвирга олинишига қаршилик билдирди, даъвогар эса (тадбиркор) бу масалани судга ҳавола қилди. Судья жараённи видеотасвирга олишга рухсат этилмаслиги тўғрисида ажрим чиқарди.

Маълум бўлишича, тадбиркор Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси битимларни кўзбўямачилик учун тузган деб ҳисоблаб, ҚҚС солиғи бўйича 691 миллион сўм солиқ мажбуриятини юклашини қонунга хилоф, деб топиш тўғрисида ариза билан судга мурожаат қилган. Тадбиркор солиқ органининг унга нисбатан амалга оширган хатти-ҳаракатини қонунга зид деб ҳисобламоқда.

Солиқ органи шу йил 3 февралда тадбиркорга юборган хатида МЧЖнинг 2020 йилда тузилган бир қатор битимлари солиқ органи томонидан кўзбўямачилик учун тузилган деб топилиб, Солиқ кодексининг 266-моддаси асосида ҳисобга олишни бекор қилиши маълум қилинган.

Даъвогарнинг аризасига кўра, Тошкент шаҳри ДСБ томонидан Солиқ кодексининг ушбу моддасида назарда тутилган «далиллар»га эга бўлмай туриб сотиб олинган товар бўйича солиқни ҳисобга олишни бекор қилиб, тадбиркорга «асоссиз равишда» 691 миллион сўм солиқ тўлаш мажбурияти юклатилган.

Кодексга кўра, агар ҳисобга олиш ҳуқуқи товарларни (хизматларни) олиш бўйича қалбаки ёки кўзбўямачилик учун тузилган битим натижасида вужудга келганига оид далиллар мавжуд бўлса, солиқ органлари ҳисобга олишни бекор қилишни ёки унга тузатишни амалга оширишга ҳақли деб белгиланган. Тадбиркор солиқ органида битимларни ҳақиқий эмас деб топиши учун далиллар мавжуд эмас деб ҳисоблаб, битимларни кўзбўямачилик учун тузилган деб топилишига норози эканини билдирмоқда.

«СКнинг 14-моддасига асосан, солиқ тўловчи норози бўлган тақдирда солиқ органларининг даъвоси суд томонидан амалга оширилади, бироқ бугунги кунда Тошкент шаҳар ДСБ ихтиёрида корхонамизнинг битимлари кўзбўямачилик учун тузилган деб топилгани тўғрисида суд қарори мавжуд эмас», – дейилади аризада.

Суд жараёнида томонларнинг фикрлари тингланди. Тадбиркор даъвосига нисбатан солиқ органи вакиллари ўз эътирозларини билдирди.

«ҚҚС бу – занжир. Дейлик, деҳқон маҳсулот етиштирди, уни 100 сўмга сотаётганда ҚҚС билан 120 сўмга сотади, ҳар сафар сотилганда маҳсулот устига 15 фоиз ҚҚС ҳисоблаб кетилади. Маҳсулот ҚҚС тўловчиси бўлмаган тадбиркор қўлига келганда занжир узилади. Бунда ҚҚС ҳисобга олинмайди. Корхона бу ҳолатда ҚҚС суммасини тўламаган бўлса-да, ҚҚСни ҳисобга олган. Чунки унинг контрагенти ноҳалол солиқ тўловчиси рўйхатига кириб, ҚҚС гувоҳномаси бекор бўлган. Ҳолат контрагент билан бўлган муносабатдан келиб чиқмоқда.

Ноҳалол солиқ тўловчиларни «Хавфни бошқариш» автоматик дастури нега олдин билмаган-у, энди биляпти? Ноҳалол солиқ тўловчи «обналчи» корхона рўйхатига кириши учун дастур 15та категория асосида автоматик таҳлил қилади. Дастур «ноҳалол» солиқ тўловчилар рўйхатини ўзи шакллантиради. Ҳозирги айтган ҳолатимизда контрагентнинг ҚҚС тўловчи сифатидаги гувоҳномаси бекор қилинганидан сўнг корхонанинг ҚҚСни ҳисобга олиш ҳуқуқи бекор бўляпти. Контрагентлар бўйича корхона солиқ мажбуриятидан келиб чиқаётгани боис, контрагентларни иқтисодий судга бериб ундирилган солиқ суммасини (улардан) ундириб олиши керак эди», – деди солиқ органи вакили.

Тадбиркорнинг даъвосига кўра, у контрагент билан ишлаганда (ўтган йилларда) ҳамкорининг гувоҳномаси ҳақиқий бўлган, солиқ қўмитаси шубҳали корхоналар рўйхатини 2021 йил феврал ойида эълон қилди.

Томонларнинг эътироз ва фикрлари тинглангач, суд 26 мартга қадар танаффус эълон қилди.

Маълумот учун, феврал ойида Давлат солиқ қўмитаси «нақдлаштирувчи» (обналчи) фирмалар билан кураш бошлаб, 396та корхонани шубҳали корхоналар рўйхатига киритган эди. Натижада улар билан ҳамкорлик қилган 10 мингга яқин тадбиркорлик субъектларининг ҳисобга олинган ҚҚС суммаси бекор қилинган.

ДСҚ шубҳали корхоналар билан ҳамкорлик қилган 10 мингга яқин тадбиркорлик субъектларидан бюджетга тўланмаган 1 триллион сўмга яқин ҚҚС суммаси ундирилишини маълум қилгач, тадбиркорлар эътироз билдира бошлади.

23 февраль куни тадбиркорлар билан учрашган Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев ҚҚС суммасини тўлашга 6 ойлик амнистия берилишини билдирди.

19 март куни ДСҚ камерал текширув натижасида 1,2 триллион сўмдан ортиқ ҚҚСни ноқонуний ҳисобга олиш фактлари тасдиқланганини маълум қилди.

Мавзуга оид