Жаҳон | 20:22 / 28.07.2025
5033
5 дақиқада ўқилади

Исроил Ғазо блокадасини бузиш учун келган кемани қўлга олди

Исроил ҳарбийлари Ғазо секторидаги қамални ёриб ўтишга уринган «Handala» ёрдам кемасини қўлга олиб, Ашдод портига олиб кетди. Кемада шифокорлар ва ҳуқуқ фаоллари фаластинлик чақалоқлар учун озиқ-овқат, умумий егулик ва дориларни олиб келаётган эди.

«Handala» кемаси. Фото: Al-Jazeera

27 июл куни Исроил ҳарбийлари Ғазо секторига қамални ёриб ўтишга уринаётган «Handala» ёрдам кемасини тортиб, жанубий Исроилдаги Ашдод портига олиб борди. Бу ҳақда Исроил маҳаллий ОАВга таяниб Anadolu нашри хабар бермоқда.

«Handala» кемаси чақалоқлар учун озиқ-овқат, умумий егулик ва дориларни олиб кетаётган эди. У шанба кечаси Ғазо соҳиллари яқинида Исроил кучлари томонидан қўлга олинган.

Исроилнинг давлат телерадиокомпанияси Kanʼнинг хабар беришича, кемадаги фаоллар Ашдод портида сўроқ қилинди ва кейинчалик Исроил полициясига топширилади.

Бу кема «Озодлик Флотилияси Коалицияси» (Freedom Flotilla Coalition — FFC) томонидан йўлга чиқарилган бўлиб, узоқ давом этаётган Исроил қамалини ёриб ўтиш мақсадида Италиядан йўлга чиққанди. Ғазодаги 2 миллиондан кўпроқ аҳолининг очарчилик ёқасида эканини инобатга олиб, бу флотилия рамзий бўлса-да ёрдам етказишни режалаштирган.

«Handala» кемасининг қўлга олиниши. Фото: FFC

«Ғазо қамалини бузиш бўйича халқаро қўмита»нинг тасдиқлашича, Handala экипажи халқаро сувларда Исроил кучлари томонидан «ноқонуний тарзда қўлга олиниб», Ашдод портига олиб кетилган.

Қўмита маълум қилишича, ҳозирда Исроил ҳукумати томонидан рухсат кутаётган Исроилдаги "Adalah" ҳуқуқий маркази қўлга олинган экипаж билан учрашишга тайёр турибди.

«Handala» кемаси 13 июл куни Италиянинг Сиракуза портидан йўлга чиққан, бироқ 15-20 июл кунлари техник муаммоларни бартараф этиш ва тайёргарликни якунлаш учун Галлиполи портида бўлган.

Фото: CNN

20 июл куни кема Ғазо томонга йўл олган. У ерда Исроил блокадаси туфайли очликдан ўлим ҳолатлари қайд этилаётгани билдирилган. Маълумотларга кўра, бортда 10 мамлакатдан 21 нафар фаол бўлган.

Исроил Ташқи ишлар вазирлиги берган маълумотга кўра, халқаро сув ҳудудида тўхтатилган кема фаоллар билан бирга Исроил соҳилларига томон тортиб борилмоқда.

«Эркинлик флотилияси» коалицияси ижтимоий тармоқларда «Handala» бортида бўлган фаоллар томонидан аввалдан ёзиб олинган мурожаат видеоларини эълон қилди. Дўстлари, оилалари ва халқаро жамоатчиликка мурожаат қилган фаоллар ўз ҳукуматларига босим ўтказишни, уларнинг зудлик билан озод этилишини талаб қилишни сўради.

Сўнгги ойларда Исроил халқаро сувда Ғазога йўл олган бир нечта ёрдам кемаларини тўхтатди.

Жумладан, июн ойида «Мадлеэн» кемаси ҳам қўлга олинганди. Ўшанда ундаги 12 нафар халқаро фаол, жумладан, швед фаоли Грета Тунберг ва Европа парламенти аъзоси, француз сиёсатчиси Рима Ҳассан ҳибсга олинган ва кейинчалик депорт қилинган. Ундан аввал, май ойида «MV Conssience» кемаси эса Малта яқинида дронлар орқали ҳужумга учраган.

Исроил Ғазога 18 йилдан бери блокада ўрнатган. 2024 йил 2 мартдан эса барча чегара пунктларини бутунлай ёпиб, инсонпарварлик ёрдамини киритишга тўсқинлик қилиб келмоқда — халқаро чақириқларга қарамасдан бу позициясидан чекинмаган.

Фото: AFP

Жорий сешанба куни БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури огоҳлантириш бериб, Исроилнинг блокадаси сабаб Ғазо аҳолисининг учдан бир қисми кетма-кет бир неча кун давомида овқатсиз қолаётганини билдирган эди.

Исроил халқаро ҳамжамиятнинг ўт очишни тўхтатиш чақириқларини рад этиб, 2023 йил 7 октябрдан бери Ғазога қарши шафқатсиз ҳарбий юришни давом эттирмоқда. Бу юриш натижасида 59 700 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган, уларнинг аксарияти аёллар ва болалардир. Узоқ давом этаётган бомбардимонлар натижасида ҳудуд вайронага айланган, аҳолининг озиқ-овқат таъминоти издан чиққан. 

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид