Жаҳон | 10:46
487
4 дақиқада ўқилади

Ўн давлат ТИВ раҳбарлари: Ғазода гуманитар вазият ёмонлашди

Кучли ёмғирлар фонида Ғазо сектордаги 740 000 киши оқова сувлар билан сув босиш хавфи остида экани ҳақида Канада, Франция, Буюк Британия ва бошқа давлатлар ташқи ишлар вазирларининг баёнотида айтилди. Улар Исроилни зудлик билан чора кўришга чақирди.

Фото: Reuters

Кучли ёмғирлар ва ҳаво ҳароратининг пасайиши сабаб Ғазо сектордаги вазият ёмонлашди. Шу муносабат билан Канада, Дания, Финландия, Франция, Исландия, Япония, Норвегия, Швеция, Швейцария ва Буюк Британия ташқи ишлар вазирлари қўшма баёнот билан чиқди. Ҳужжат сешанба, 30 декабр куни Буюк Британия ҳукуматининг сайтида жойлаштирилди.

“Қиш келиши билан Ғазодаги тинч аҳоли даҳшатли шароитларга дуч келмоқда”, — деб қайд этди ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари. Улар маълумотларига кўра, 1,3 миллион киши турар жой билан таъминлаш бўйича зудлик билан ёрдамга муҳтож. Эксклавдаги тиббий муассасаларнинг ярмидан кўпи фақат қисман ишлаяпти ва жиҳозлар ҳамда материаллар етишмовчилигини бошдан кечирмоқда. Инфратузилманинг тўлиқ инқирози оқибатида 740 000 киши оқова сувлар билан сув босиш хавфи остида қолгани ҳужжатда кўрсатилган.

Шу муносабат билан баёнот муаллифлари Исроилни шошилинч чоралар кўришга чақирди. Хусусан, ҳужжат тузувчилари таъкидлашича, Исроил ҳукумати халқаро нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ)га Ғазода “доимий ва олдиндан башорат қилинадиган асосда” фаолият юритиш имконини таъминлаши керак.

Ҳужжатда эслатилишича, 2026 йил бошидан бошлаб ҳамкор ННТнинг кўпчилиги Исроил ҳокимияти талаблари сабаб Ғазода рўйхатдан ўтказиш ҳуқуқидан маҳрум бўлиши мумкин. Агар шундай бўлса, у ердаги ҳар учинчи тиббий муассаса ёпилиши таъкидланган.

Ташқи ишлар вазирлари қайд этишича, Исроил ҳукумати БМТ ва унинг ҳамкорлари, жумладан Фаластин қочқинларига ёрдам кўрсатиш ва ишларини ташкил этиш бўйича Яқин Шарқ агентлиги ўз ишини давом эттира олишини таъминлаши лозим. Шунингдек, Исроил ҳокимияти “икки мақсадли товарлар” импортига қўйилган “асоссиз чекловлар”ни ҳам бекор қилиши керак — бунга зудлик билан зарур тиббий жиҳозлар ва турар жой қуриш учун техникалар ҳам киради. Ниҳоят, вазирлар фикрича, “чегарадаги ўтиш пунктлари очилиши ва Ғазога гуманитар ёрдам оқими кўпайтирилиши” зарур.

Яқин Шарқдаги вазият 2023 йил 7 октябр куни кескинлашди. Европа Иттифоқи ва АҚШ томонидан террористик ташкилот деб тан олинган ҲАМАС ҳаракати Исроилга кенг кўламли ҳужум уюштирди. Жангчилар Исроилга оммавий ракеталар ҳужумини амалга ошириб, унинг ҳудудига кириб борди ва тахминан 1200 киши ҳалок бўлди. Шунингдек, жангчилар 250 нафардан ортиқ гаровга олинганларни тутқун қилиб, уларни Ғазо секторига олиб кетди. Гаровдагиларнинг бир қисми алмашинув ёки озод қилиш орқали қайтарилган, бир қисми ҳалок бўлган.

Исроил жавобан ҲАМАСга қарши уруш эълон қилди. Ғазода қуруқлик амалиёти ва бомбардимонлар натижасида 70 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган, яна 169 мингдан зиёд киши яраланган. 

Ғазо секторда ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув Мисрда 13 октябр кунига келиб эришилган. Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги келишувлар бажарилишининг кафиллари сифатида АҚШ, Туркия, Қатар ва Миср чиққан.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид