Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Исроил ўнлаб нотижорат нодавлат ташкилотларига Ғазода ишлашни тақиқлади
Қора рўйхатга киритилганлар орасида энг машҳур гуманитар ташкилотлар, жумладан, «Чегара билмас шифокорлар», «Дунё шифокорлари», Норвегия қочқинлар ишлари бўйича кенгаши ва бошқалар бор.
Исроил янги йилдан бошлаб Ғазо секторида «хавфсизлик ва шаффофлик стандартлари» талабларини бажармаган 37 та нотижорат нодавлат ташкилоти (ННТ) фаолиятини тўхтатди. Улар 1 мартдан кечиктирмай ҳудудни тарк этиши керак.
Қора рўйхатга киритилганлар орасида энг машҳур гуманитар ташкилотлар, жумладан, «Чегара билмас шифокорлар», «Дунё шифокорлари», Норвегия қочқинлар ишлари бўйича кенгаши ва бошқалар бор.
Исроилда маълум қилинишича, янги қоидаларга кўра, ташкилотлар лицензияни узайтириш учун ўз ходимлари ҳақидаги батафсил маълумотларни ўз ичига олган ҳужжатларни тақдим этиши керак эди. Аризалар бир қатор асосларга (Исроилнинг яҳудий ва демократик давлат сифатида мавжудлигини рад этиш, мамлакатни обрўсизлантириш кампанияларини тарғиб қилиш, ташкилот ёки унинг ходимларидан бирининг Исроилни бойкот қилишга чақириши ва бошқалар) кўра рўйхатдан ўтказишни рад этиш ҳуқуқини олган идоралараро гуруҳ томонидан кўриб чиқилди.
Расмийларнинг аниқлик киритишича, қоидаларни кучайтириш зарурати хавфсизлик хизматларининг айрим нодавлат ташкилотларнинг террорчилар билан алоқалари ҳақидаги маълумотлари билан боғлиқ.
Исроилнинг Фаластин анклавига бир қатор ННТ киришини ёпиш қарори дунёнинг камида 10 та давлати танқидига учради. Қўшма баёнотда Буюк Британия, Франция, Канада, Дания, Финляндия, Исландия, Япония, Норвегия, Швеция ва Швейцария ташқи ишлар вазирлари Ғазога гуманитар ёрдам кўрсатишда ННТ муҳим рол ўйнаши ва уларнинг фаолиятини чеклашга қаратилган ҳар қандай уринишни «қабул қилиб бўлмаслигини» билдирган. Улар Исроилни инсонпарварлик гуруҳларига Ғазода «доимий ва олдиндан айтиб бўладиган асосда» ишлаш имкониятини таъминлашга чақирди.