Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Кастрация, изоляциялаш ва очиқ реестр: Ўзбекистон қонунчилигида педофилларни жазолаш ўзгарадими?
Жамият педофиллардан ҳазар қилиши керак. Уларнинг жамият билан бирга бўлишга ҳаққи йўқ. Кастрация масаласини қонунчиликка киритишга мажбурмиз, дейди профессор.
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси, депутат Бобур Бекмуродов педофилларни бичиш, изоляция қилиш ва очиқ реестрини юритиш амалиётини қонунчиликка киритиш таклифини билдирганди. Ушбу масала кенг жамоатчилик муҳокамаларига сабаб бўлмоқда. Kun.uz бу борада фаоллар ва мутахассислар фикрига қулоқ тутди.
Инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов Ўзбекистонда педофилия жиноятларини алоҳида қонунчиликка киритиш вақти аллақачон келганини таъкидлайди.
«Ўзбекистоннинг қонун ҳужжатларида педофилия жиноятларига нисбатан алоҳида тўхталиш йўқ. Ҳолбуки, жаҳон миқёсида, халқаро меъёрларда бу жиноят аниқ кўрсатилган. Ҳар бир мамлакатда жиноят ўсиб бориш нуқтайи назаридан уларга нисбатан жазо чоралари белгиланади. Масалан, Қозоғистонда яқинда қабул қилинган меъёрларга кўра педофилия жиноятида айбланган шахслар жарроҳлик йўли билан бичиш орқали жазоланадиган бўлди ва бошқа қамоқ жазолари ҳам бор.
Ўзбекистонда педофилия жиноятларини таснифлаш, квалификация қилиш масаласи илгаридан оғир бўлган, қонун меъёрларида бу нарса йўқ. Яъни бизда педофилия учрамайди деган ақида бор эди ва бундай жиноятлар тури анча-мунча яшириларди. Фикримча, жиноятларни ўсиб бориш тенденцияси ёки жиноятлар содир этилиш сонига қараб белгилаш керак. Чунки педофилия жиноятларини алоҳида тарзда қонунчиликка киритиш вақти келган ва ҳатто кечга ҳам қолинди», — дейди у.
Тиббиёт фанлари доктори, профессор Зарифбой Ибодуллаевнинг фикрича педофилларни кастрация қилиш жорий этилиши нафақат жиноятчиларни жазолаш, балки профилактик аҳамиятга ҳам эга.
«Йигирма нафар одам суицид хаёлида юрган бўлса, улардан биттаси шуни амалга оширади, дейилади. Балки, Ўзбекистонда 10 киши педофиллик хаёлида юриб, вазият тополмаганидан амалга оширолмаётгандир. Демоқчиманки, ҳар қандай вазиятда профилактика катта рол ўйнайди. Агар қонун қабул қилсак, педофилия кескин камаяди, бунақа хаёлда юрганлар ҳам фикридан қайтади», — дея фикрини асослайди шифокор.
Шунингдек, Ибодуллаев педофилларнинг шахси очиқ матбуотда кўрсатилиши керак деб ҳисоблайди:
«Илгари мохов касаллигига чалинганлар аҳоли яшайдиган жойдан 250 км узоқда яшаган. Педофилларни ҳам изоляция қилиш керак. Жамият улардан ҳазар қилиши керак, уларнинг жамият билан бирга бўлишга ҳаққи йўқ. Агар ҳозир кастрация масаласини қонунчиликка киритмасак, 5 йилдан кейин барибир киритишга мажбур бўлишади. Чунки бундай нарсалар кучайиб бораверади. Қўрқиш, андиша қилиш керак эмас, қонунни қабул қилиш шарт».
Болалар психологи Муаззам Ибрагимова педофилия тузалмас касаллик эканига урғу бериб, у фақат жиноятни содир этганларнинг эмас, мойиллиги бор шахслар рўйхатини ҳам ишлаб чиқишга чақиради.
«Ҳозир юзага чиқаётгани, жазолангани бир нечта, холос. Аксарияти парда ортида қолиб кетяпти. Уларга ҳам жиддий эътибор қилиш керак. Педофилнинг «ўлжаси» бир-иккита бўлмайди, кўп бўлади. Депутатлар иккига бўлинган... Қонун лойиҳасидаги керакли бандлар олиб ташланган. Бу эртага қандай оқибатларга олиб келишини ўйлаб кўришганмикан? Педофилия фожиасини тушуниш учун депутатлар орасида мутахассислар кўпроқ бўлиши керак. Кам бўлса, чақириб экспертлар билан бирга ишлаши керак. Бир-икки киши ёки депутатнинг кўрсатмаси билан даволанадиган иллат эмас бу... Агар муносиб қонун ишлаб чиқарилмаса, бошқа педофилларнинг ҳам бемалол ҳаракатланишига йўл қўйиб берилади. Фожиаларга фақат педофиллар эмас, қонунга панжа ортидан қараган депутатлар ҳам тенг шерик бўлади», — деди Муаззам Ибрагимова.
«Жаҳон тажрибасида бундай одамларнинг жамоат ва болалар ҳаракатланиши мумкин бўлган жойларга яқинлашишига тақиқ қўйилади. Ва жиноятни қайта содир этганда, қатъий жазолар қўлланади. Нега энди биз бу амалиётни Ўзбекистонда ҳам қўлламаслигимиз, қонунларда мустаҳкамламаслигимиз керак? Шунинг учун мен ҳам бу амалиётнинг қонунан мустаҳкамланиши, болалар ҳуқуқлари кафолатланиши тарафдориман», — дейди Швециянинг «Марказий Осиё уюшмаси» ННТ директори Гулноз Мамарасулова.
Адвокат Жаҳонгир Муталипов эса педофилга оғир жазо берилмаслигининг оқибатларини оғир деб баҳолайди.
«Статистикага қарасак, педофилизм 97 фоиз ҳолатда тузалмайди, қайта жиноят қилишади, демак, уларга ишонч йўқ. Ҳар қанча жазо берилмасин, педофилга бунинг аҳамияти кам, чунки унинг мияси шуни хоҳлаб туради. Ўнлаб давлатларда ўлим жазоси берилади, ҳатто Африкада бундай одамларни ёқиб юборишади. Саудия Арабистонида педофилнинг бошини олиб, телевидениеда кўрсатади. Яқин Шарқ мамлакатларида педофил осилади. Оқибати оғир бўлгани учун ҳам шундай қилишади. Албатта, жазони оғирлаштириш керак деб биламан. Жазо қанча оғир бўлса, одамлар шунча жиноятдан қайтади. Педофилга узоғи 20 йил жазо берилса ва у 10 йилда чиқиб келса, қонунга, давлатга ишончсизлик бўлади, одамлар «самосуд» қилишни режалайди. Бунинг оқибатлари жудаям оғир» – дейа таъкидлайди адвокат.
Баъзи ҳуқуқшунослар фикрига кўра, педофилларни бичиш амалиётини жорий этишнинг турли жиҳатлари бор. Улар инсон ҳуқуқлари тарафидан бу амалиётни қўлламаган ҳам маъқуллигини айтишади.
Бу ёндашувга Зарифбой Ибодуллаев буткул қарши эканлигини билдирди.
«Педофилияда кимёвий ёки жисмоний кастрация яхшимас, улар ҳам одам, дейдиган бўлсак, нега унда кучли демократик давлатларда бундай жазо қабул қилинган? Битта педофилни деб эртага етук инсон бўладиган болаларимиз руҳияти синаверсинми? Педофил ҳужумига учраган боланинг отаси, ака-укаси депрессияга тушади. Бир оилада 4 фарзанд бўлиб, улардан бири педофил ҳужумига учраган бўлса, қолган болаларнинг ҳам тақдири хароб бўлади. Инсонийлик нуқтаи назаридан олганда, бу қонунга аҳолининг соғлом қатламини асраш жиҳатидан қарашимиз керак. Ҳеч қандай раҳмдиллик бўлиши керак эмас», — дейди профессор.
Психолог Муаззам Иброҳимова педофилия ҳолатларини яширмасликка чақирди.
«Қанчалик беркитганимиз сари педофилия ҳам ривожланиб бораверади. Масалан, 5 ёшли қизча ўз амакиси (отасининг укаси) томонидан мунтазам зўрланган, ота-онаси Россияда бўлган. Лекин суд жараёнида маҳалла, ишхонаси томонидан жазони енгиллаштириш учун жиноятчига кафолат хатлари берилган, иш эса педофилия деб малакаланмади», – деди у.
Адвокат Жаҳонгир Муталипов Ўзбекистон қонунчилигида педофилларга нисбатан жазо чоралари кучайтирилиши билан боғлиқ яна бир масалани тилга олди. У кимёвий кастрация жорий қилиниши катта харажатни талаб қилишини айтади. Жаҳонгир Муталиповга кўра кимёвий кастрация учун ишлатиладиган дорилар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайди. Ҳар йили камида 4 марта эмлаш талаб қилинади. Бир чораги учун бошқа мамлакатларда 10-12 минг доллар сарфланади, бир йилда 30-50 минг доллар кетади.
Мақсуда Абдуқаюмова, журналист
Тасвирчи ва монтаж устаси: Асрор Алмуродов
Мавзуга оид
17:20 / 01.04.2026
Абдураҳмон Ташановга қарши маъмурий иш судда тугатилди
16:12 / 30.01.2026
ИИВда катта "тозалаш" ва коррупцияда айбланётган амалдорлар: Бу нималарга ишора?
17:16 / 24.01.2026
Ўзбекистонда педофилия учун умрбод озодликдан маҳрум этишгача бўлган жазо белгиланиши кутилмоқда
12:20 / 25.12.2025