Жаҳон | 22:23 / 20.08.2024
25941
2 дақиқада ўқилади

Лукашенко МДҲ давлатларини Россияга нисбатан худбинликда айблади

Беларус раҳбарининг айтишича, айрим давлатлар Россиядан фақат нимадир олмоқчи, лекин бермаяпти.

Фото: РИА Новости

Беларус президенти Александр Лукашенко баъзи постсовет давлатлари Россиядан ҳеч нарса таклиф қилмасдан фойда олишга интилаётгани ҳақида фикр билдирди. Бу ҳақда у «Россия» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди. Унинг сўзларидан «Газета.ру» иқтибослар келтирди.

«Россия ва мен аслида бир қайиқдамиз. Агар у ағдарилса, биз бирга чўкиб кетамиз. Иттифоқчилик муносабатларимизни яширишнинг ҳожати йўқ. Биз ўзимизни баъзи давлатлар каби тутмаймиз, улар Россиядан фақат олмоқчи, ҳеч нарса бермоқчи эмас», деди Лукашенко.

Унинг қўшимча қилишича, бу ҳолат давом эта олмайди.

«Қўллаб-қувватлаш учун Россияга мурожаат қилишингиз керак бўладиган вақт узоқ эмас. Инқироз юз берган тақдирда, худди Қозоғистонда бўлгани каби, ҳамма Путинга ёрдам сўраб мурожаат қилади. Биз эса (КХШТ) тезда жавоб қайтардик, у ерга куч юбордик ва тартибсизликларни тинчитдик», деди у.

У фавқулодда вазиятларда МДҲ давлатлари яна Россия ва Беларусдан ёрдам сўраб мурожаат қилишига ишонч билдирди. Президент постсовет ҳудудида иқтисодий алоқаларни сақлаб қолиш муҳимлигини ҳам таъкидлади.

«Америкада ёки Европа Иттифоқида Қозоғистон ёки Ўзбекистон товарларини ким кутмоқда? Йўқ, улар Россияга сотишга интилади. Бизда умумий бозор бор ва уни йўқотиш мақсадга мувофиқ эмас», деб қўшимча қилди Лукашенко.

Бундан ташқари, у Арманистондаги вазиятга изоҳ берди. Унинг сўзларига кўра, бу мамлакат МДҲ давлатларидан бошқа «ҳеч кимга керак эмас».

«Иқтисодиётини ривожлантириб, ресурсларига эътибор қаратишсин. Франция ёки Макрон? Эртага у кетади, шунда ҳамма Арманистонни унутади», деб хулоса қилди у.

Мавзуга оид