Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бошпанасиз шаҳар – Тошкент зилзиладан қандай оёққа турган?
Бундан 56 йил олдин 26 апрел куни Тошкент шаҳри аҳолиси кучли силкинишдан уйғониб кетади. «Зилзила жуда қаттиқ бўлганидан, ётган жойдан туриб кетишнинг иложи йўқ эди», деб эслайди сейсмограф Қаҳҳорбой Абдуллабеков. Kun.uz «Кинофотофоно» ҳужжатлар архиви билан ҳамкорликда 1966 йилдаги зилзила ва ундан шаҳар қандай оёққа тургани суратларини тақдим этади.
Фото: KUN.UZ
1966 йил 26 апрел тонгги 5:23да Тошкент шаҳрида эпицентрдаги ер юзасида сейсмик таъсир 8 баллдан ортиқ даҳшатли зилзила рўй беради. 10-12 сония давом этган зилзила талафот майдони 10 километрга етган. Бу шаҳарни тўлиқ йўқ қилиб юбормаган. Уйлар ёрилган, ўнлаб жамоат бинолари қулаб тушган.

Расмий маълумотларда, зилзилада 8 киши ҳалок бўлгани ва 200 минг киши жароҳат олгани айтилади. 300 мингдан ортиқ аҳоли бошпанасиз қолади.

С.Мавлонов номли сейсмология институти ходими, академик Қаҳҳорбой Абдуллабеков 1966 йил 26 апрел тонгини шундай хотирлайди.
«Ўша пайтда жуда қаттиқ уйқуда эдик. Тўсатдан зилзила бўлди. Интенсивлиги жуда қаттиқ эди. Жуда қаттиқ силкитиб ташлади, ётган жойдан туриб кетишнинг иложи йўқ эди. Зилзила ўчоғи бевосита шаҳар остида эди. Шунинг учун кўтариб ташлашлар тикка, вертикал бўлди. Шунинг учун кўп иморатлар қуламаган», – дейди академик Ўзбекистон 24 телеканалига берган интервюсида.

Абдуллабеков зилзила бўлган куниёқ Москвадан Брежнев, Косигин каби иттифоқнинг биринчи раҳбарлари Тошкентга келгани ва зудлик билан ҳукумат комиссияси ташкил қилинганини айтади. «Ҳамма нарса издан чиққанди, сув, электр. Шуларнинг барини жойига қўйиш керак эди», – дейди у.
Зилзиладан талафот кўрган одамларни рўйхатга олиш ва уларга ёрдам беришга қатнашганлардан бири сеймограф Турдиали Ортиқов эди.
«Шаҳар марказини, Лабзак атрофида бўлган ҳолатларнинг ҳаммасини, бузилган уйларни, одамларни ўз кўзим билан кўрганман. Шаҳарнинг очиқ жойларига палаткалар олиб келиб, одамларни ўша уй-жойларга кўчиришган. Лабзак атрофи, Туркистон кинотеатри атрофидаги уйлар, ҳовлилар, боғларнинг деярли ҳаммаси ишдан чиққанди», – дейди профессор Ортиқов.

Зилзила бир неча сония давом этиб тўхтаган бўлса-да, ундан кейин анча вақтгача афтершоклар бўлиб турган.
«Ер остида йиғилган куч битта зилзилада сарф бўлмайди. Ҳар кунда 10 мартагача кичик силкиниш – афтершоклар бўлиб турган», – дейди академик Абдуллаев.
«Зилзилали автошоклар бўлган пайтда, – Ортиқовнинг айтишича, – бинолар қимирлаши ва ҳоказолар кўп одамнинг психикасига таъсир қилди. Эшик қаттиқроқ очилса ҳам одамлар ташқарига югурадиган даражагача борган. Қаттиқроқ зилзила бўлган пайтда, одамлар ўзини 2-қаватдан, юқори қаватлардан ташлаб юбориш, қочиб югуриб, зинадан йиқилиб, оёғини синдирган ҳолатлар ҳам кўп бўлган».
Журналист Фарҳод Ҳожиевнинг архив ҳужжатлари бўйича маълумот беришича, зилзила натижасида 2 миллион метр квадратдан зиёд турар жой, 2236та маъмурий бино, 700га яқин савдо ва умумий овқатланиш шохобчалари, 26та коммунал хўжалик корхонаси, 180га яқин ўқув юрти, 8 минг ўринли мактаблар, 36та маданий-маиший муассаса, 185та тиббиёт ва 245та саноат корхонаси бинолари зарар кўрган.






Қисқа муддат ичида (3,5 йилда) зилзила оқибатлари бартараф этилди. Янги даҳалар, йўлдош шаҳар – Сергели бунёд этилди. 300 минг тошкентлик уй-жой билан таъминланди.

