Зилзила магнитудаси кўп ҳам юқори эмасди (Рихтер шкаласи бўйича М=5,2). Лекин зилзила ўчоғи у қадар чуқурликда бўлмагани сабабли (3–8 км) ер сиртида 8-9 балли қимирлашларни келтириб чиқарган ва шаҳар марказига жиддий талафот етказган. Бор-йўғи 10-12 сония давом этган зилзиладан максимал талафот майдони 10 квадрат километрни ташкил этган.

Тошкент зилзиласининг нисбатан кам қурбонлар сони (8 киши ўлган ва бир неча юз киши жароҳатланган) вертикал силкинишлар юз бергани билан тушунтирилган. Яъни агар горизонтал силкинишлар рўй берганида пахса ва гувалакдан қурилган уйларнинг барчаси тўкилиб битарди. Одамлар орасида совет тоталитаризми даврида қурбонларнинг ҳақиқий сони яширилгани ҳақидаги гумонлар ҳам юради.






Зилзила натижасида Тошкентнинг марказий қисми бутунлай вайрон бўлади. 2 млн квадрат метрдан ортиқ яшаш майдони, 236та маъмурий бино, 700дан ортиқ савдо ва умумий овқатланиш объектлари, 26та коммунал корхона, 181та ўқув муассасаси, 185та тиббиёт ва 245та саноат бинолари вайрон бўлади.































