Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Асад ва Путинсиз бир йил. Янги ҳукумат Сурияни қаерга олиб бормоқда ва буёғига нима бўлади?
Роппа-роса бир йил муқаддам Башар Асад Суриядан Москвага, Владимир Путиннинг олдига қочган, Россия эса Яқин Шарқдаги муҳим иттифоқчисидан айрилганди. Асадлар сулоласи ҳокимиятда ярим асрдан узоқроқ вақт қолди. Энди эса мамлакатни бир йил олдин ҳам террорчи ҳисобланган Аҳмад аш-Шаръа бошқармоқда.
Сурия 12 ой ичида нималар ўзгарди ва бундан кейин нимани кутиш мумкин?
Сурия муваққат президенти тезлик билан халқаро майдонга чиқиб борди, Доналд Трамп билан икки марта учрашди, Кремл ва Оқ уйда меҳмон бўлди, Европа ва араб давлатлари қўллаб-қувватловига эришди, БМТ Бош Ассамблеясида нутқ сўзлади.
Унинг ташқи сиёсатдаги муваффақиятларини мўъжиза деб аташмоқда, у террорчи тамғасидан халос бўлди, Ғарбдагилар у билан қўл бериб кўришдан тортинмаяпти ва Суриядан санкцияларни олиб ташланишига оз қолди – 13 йиллик урушдан кейин ўзини ўнглай олиши учун унинг мамлакатига хориждан пуллар оқими жуда зарур.
Аммо Сурия ичкарисида ютуқлардан кўра муаммолар кўпроқ. Уруғ-аймоқчилик, этник ёки конфессионал асосдаги қотилликлар, судсиз қатллар, одам ўғирлаш ва собиқ тузум давридаги қотилликлар учун айбдорларни судга тортишга уринишлар.
Парчаланган мамлакат
Anadolu via Getty Images
Аш-Шаръа Асаддан хароба ҳолатдаги, давлат институтлари йўқ қилинган ва аҳолиси қашшоқларга айланган мамлакатни мерос қилиб олди.
У ҳозир ҳам мамлакат ҳудудининг учдан бир қисмини назорат қилмайди: шимоли-шарқдаги ҳудудлар курд кучлари, жануб – друзлар таъсирида, шимолда туркпараст тузилмалар ўрнашган, шунингдек, кўплаб қишлоқлар маҳаллий қабила қўмондонлари ҳукмронлиги остида.
Туркия Дамашқни ўз таъсирига олиш учун Қатар ва Саудия Арабистони билан баҳслашмоқда, Исроил Сурия жанубида операциялар ўтказмоқда ва аш-Шаръани Жўлан тепаликларидан воз кечишни назарда тутувчи тинчлик келишувига мажбурламоқда. Суриянинг ўтмишдаги асосий иттифоқчиси бўлган Россия ҳам Дамашқдаги таъсирини йўқотишни истамайди, аммо Москвага қочиб кетган Асадни янги ҳокимиятга топширишга рози эмас.
Сурияликларнинг аксарияти қашшоқлик чегарасида яшайди, кунига икки соат электр энергияси берилади, қурғоқчилик туфайли сувни цистерналардан олишга тўғри келади. Икки миллиондан ортиқ сурияликлар чодирларда яшамоқда. Давлат хизматчилари маоши Қатар ёрдамида тўланмоқда.
Оптимизм ва келажакдан қўрқув
Anadolu via Getty Images
Сурияликлар бир йил олдин аш-Шаръага катта ишонч билдиришганди, уни ҳали ҳам аҳолининг катта қисми қўллаб-қувватламоқда. Шунга қарамай, бир йил ўтгач, кўпчиликда яна қўрқув пайдо бўлган: зўравонлик авж олиши, алавийлар, друзлар ва насронийлар ўлдирилиши, аёллар ўғирланиши, уйлар олиб қўйилиши келажак учун қўрқувни кучайтиради.
Аш-Шаръа – сайланган президент эмас, Асадларнинг яккаҳокимлигидан кейин мамлакатда шаффоф сайловлар ўтказиш жуда мураккаб: марказий ҳокимият бутун Сурияни назорат қилмайди, аҳолини рўйхатга олиш эса охирги бор 15 йил олдин ўтказилган. Муваққат ҳукумат беш йил ичида мамлакатни адолатли сайловларга тайёрлашга ваъда бермоқда.
«Сурия аҳолиси бир хил эмас, диний ва ижтимоий келиб чиқишига қараб, Шаръага бўлган муносабат ўзгариб туради», – дейди BBC мухбирига Лион университетининг Сурия бўйича мутахассиси ва Вашингтон институти эксперти Фабрис Баланш.
Аҳмад Шаръа ўзи сунний бўлиб, ҳали ҳам суннийлар орасида, айниқса, қишлоқлардаги камбағал суннийлар (мамлакатнинг жами аҳолиси орасидаги улуши 30-40 фоиз атрофида) орасида анча катта обрўга эга. Суриядаги жами суннийлар эса аҳолининг тахминан 70 фоизини ташкил этади. Аммо бошқа гуруҳлар, жумладан, шаҳарлардаги суннийлар ва жамиятнинг илғор қатламлари орасида Асад кетгандан кейинги дастлабки кунларда пайдо бўлган эйфория аста-секин сўниб бормоқда, дейди эксперт.
NurPhoto via Getty Images
2011 йилдан бери ўтказилган энг йирик жамоатчилик сўрови (Arab Opinion Index тадқиқотида 3700 киши иштирок этган) шуни кўрсатдики, сурияликларнинг фақат 55 фоиздан ортиғи ўтиш даври ҳукуматига ишонади, 56 фоизи эса мамлакат тўғри йўналишда ҳаракатланмоқда, деб ҳисоблайди.
Кўплаб сурияликлар Асаддан қутулиш кўп қон тўкилиши ва янги вайронгарчиликларсиз амалга ошишига ишона олмасди. «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом»га эса Асадни президент саройидан чиқариб юбориш ва уни Россияга қочишга мажбур қилиш учун атиги 11 кун етарли бўлди.
Эндиликда, айниқса, этник ва диний озчилик вакиллари, жамиятнинг илғор қатламлари орасида кайфият кескин ўзгарди.
Улар ўзларини хавфсиз ҳис қилмаётгани, оптимизм ўрнини келажак учун қўрқув эгаллаганини айтишмоқда. Имконияти борлар эса хорижга чиқиб кетмоқда.
Сурияда янги авторитар ҳокимият
AFP via Getty Images
Март ойида Суриянинг соҳилбўйи ҳудудларида бир неча кун ичида тинч аҳоли вакиллари бўлган 1400 киши (асосан алавийлар) ўлдирилганидан кейин жамиятдаги кайфият ўзгарди. Ҳуқуқ ҳимоячилари ҳақиқий рақамлар бундан ҳам юқори эканини айтишади. Башар Асад ҳам алавийлардан эди ва энди улар қасос олиш ўтида ёнаётганлар учун асосий нишонга айланган.
Аш-Шаръа марказий ҳокимият қотилликларга алоқадорлигини қатъиян рад этди, адлия вазири эса айбдорлар устидан очиқ суд жараёнларини ўтказишга ваъда берган. Reuters агентлиги суриштируви эса ҳужум ижрочиси бўлган гуруҳларда тўғридан тўғри Суриянинг янги раҳбариятига бўйсунадиган одамларга олиб борадиган қўмондонлик занжирини аниқлаган.
Май ва июл ойларида жанубдаги Сувайда провинциясида динлараро зўравонликнинг навбатдаги авж олиши пайтида 1000 дан ортиқ одам, асосан друзлар ўлдирилди.
Шунингдек, ҳуқуқ фаоллари ноябрда Ҳомсда навбатдаги оммавий қатллар амалга оширилганини қайд этишди. «Сурия инсон ҳуқуқлари тармоғи» (SNHR) мониторинг гуруҳига кўра, Ҳомсда қотиллик ва одам ўғирлаш ҳолатлари авж олган.
Ҳуқуқ фаоллари аёлларга нисбатан кўплаб зўравонлик ва камситиш ҳолатлари, номаълум қуролли гуруҳлар томонидан аёллар ва қизларнинг ўғирланиши ҳақида хабар беради. Баъзилар жинсий зўравонликка учраган, баъзилар эса ўз хоҳишларига қарши турмушга берилган. Жабрланганларнинг оила аъзолари маҳаллий ҳокимият бедарак йўқолганларни қидириш учун ҳеч қандай чора кўрмаганидан шикоят қилади.
Фото: AFP via Getty Images
Мамлакатда христианлар шусиз ҳам жуда камайиб кетган – аҳолининг 1,5 фоизидан камроғи (2011 йилда мамлакатнинг христиан аҳолиси 1,2 миллион киши деб баҳоланган бўлса, ҳозирги маълумотларга кўра, 200–300 минг атрофида қолган), аммо улар ҳам кейинги нишон бўлишдан қўрқишади. Октябр ойида Сурия ғарбида Ливан билан чегарадаги Вади-Насара (Христианлар водийси)да икки ёш йигит ҳужум қурбони бўлди, июн ойида эса Дамашқдаги черковда худкуш ўзини портлатиши оқибатида 20 киши ҳалок бўлди.
Аш-Шаръа мамлакатни барча сурияликларнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ҳалол бошқаришга, шунингдек, аёллар ва этник озчиликлар ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлашга ваъда берганди.
Аммо ҳозирча ваъдалар қоғозда қолиб, амалда ҳокимият Аш-Шаръа ва унинг яқинлари қўлида жамланган –ҳукуматдаги муҳим лавозимларни унинг оға-инилари ва ҲТШдаги сафдошлари эгаллаган.
Айрим сурияшунослар фикрича, Шаръа темир қўл билан исломий Сурия қурмоқда ва норозиларнинг барчаси аста-секинлик билан сиқиб чиқарилади ва аввалги кўп конфессияли ва хилма-хил жамиятга барҳам берилади.
«Суриянинг янги ҳукумати Сурияда Ислом республикасини қурмоқда, бу эса барча сунний бўлмаган араблар сиқиб чиқарилишига олиб келади. Яъни аллақачон деярли тугаёзган алавийлар, друзлар, курдлар ва насронийлар», – дейди Фабрис Баланш.
Сурияликларнинг баъзи доираларида Асаднинг дунёвий авторитаризми ўрнига исломий йўналишдаги авторитаризм келиши ҳақидаги хавотирлар кучаймоқда.
«Ўтиш даври, ҳеч бўлмаганда ҳозирги пайтда, ҳокимият ҲТШнинг собиқ аъзолари қўлида аста-секин марказлашуви билан бирга кечади, бошқа сиёсий ва ижтимоий гуруҳлар эса жуда чекланган. Кўплаб сурияликларнинг [янги ҳокимият] инклюзив сиёсий тартиб ўрната олишига кўзи етмайди», – дейди Krisis Group нотижорат ташкилоти таҳлилчилари.
БМТда ҳам янги ҳокимиятнинг зўравонликка қарши курашиш истиқболлари эҳтиёткорлик билан баҳоланмоқда: «Ҳукумат томонидан давлат қурилиши йўлида қўйилган ижобий қадамларга қарамай, такрорий зўравонлик ҳолатлари эҳтимоли хавотир уйғотмоқда ва вақтинчалик ҳукуматнинг Суриядаги илдиз отган зўравонлик занжирига чек қўйиш қобилиятини шубҳа остига қўймоқда», – деди Суриядаги воқеаларни тергов қилиш бўйича мустақил халқаро комиссия раҳбари Паулу Сержиу Пинейру.
Бошқа таҳлилчилар Сурия ва ўтиш даври ҳукуматига йиллар давомида уруш ва ўзаро ишончсизлик туфайли тарқоқ бўлган жамиятни бирлаштириш учун кўпроқ вақт беришни таклиф қилмоқда.
Сурия аҳолиси – этник ва диний жамоаларнинг мозаикасидир, аммо бу этник ва диний гуруҳларнинг ўзи ҳам монолит эмас, деб эслатади Фабрис Баланш. Ҳозирда ҳеч бир жамоа ўзини хавфсиз ҳис қилмаяпти, дейди яқинда Сурияда бўлган эксперт.
Курдлар ва друзлар мухториятни кенгайтиришни талаб қилмоқда, алавийлар ажралиб чиқишни орзу қилади, бадавлат суннийлар Асадлар ҳукмронлиги даврида исёнкор Идлибга кетмаганликлари учун қабиладошлари томонидан қасос олинишидан қўрқмоқда, насронийлар эса радикал жангарилар таъсири кучайишидан хавотирда.
Дипломатик ғалабалар
Anadolu via Getty Images
Аш-Шаръа сўнгги бир йил ичида қўшнилар билан учрашди европаликлар олдига борди, Россияда ҳам, АҚШда ҳам бўлди, Яқин Шарқ институти эксперти Чарлз Листер қайд этишича, Асадлар ҳокимиятдаги 53 йил давомида қабул қилганидан кўра кўпроқ ғарб етакчиларини қабул қилди.
Ташқи дунё билан муносабатларда у прагматик йўл тутади ва ҳеч ким билан зиддиятга боришни хоҳламайди. У минтақа ва жаҳон державаларининг турли манфаатлари ўртасида муваффақиятли ҳаракат қила оладими ёки йўқми, буниси ҳозирча номаълум.
«Бундай курс унга халқаро легитимликни тақдим этади, аммо ташқи ўйинчилар ўртасида кучайиб бораётган қарама-қаршиликлар фонида сақлаб қолиш тобора қийин бўладиган жуда нозик мувозанатда туради», – дейди таҳлилчи Келли Кассис Бирлашган қироллик мудофаа тадқиқот институти учун мақоласида.
Россиянинг Сурияда иккита ҳарбий базаси бор ва Асад ҳокимияти қулаши билан уларнинг келажаги сўроқ остида қолди. Москвага ташрифи чоғида Шаръа Кремл билан аввал эришилган барча келишувларга амал қилишга ваъда берди. Москва буғдой ва нефт етказиб беришни қайта тиклади, шунингдек, Асад режими билан ишлаган «Гознак» компанияси орқали Суриянинг янги банкнотларини чоп этишга рози бўлди. Музокараларда президентнинг укаси, гинеколог, 20 йилдан ортиқ Россияда яшаб, ишлаган ва бугунги кунда амалда «вице-президент» лавозимини эгаллаб турган Моҳир аш-Шаръа муҳим рол ўйнади.
«Москва билан келишув Асад даврини белгилаб берган тузилмавий қарамликнинг яширинча тикланишидан ва у билан бирга Россия таъсирининг қайтишидан далолат беради. Бироқ, манфаатлар мос келишига қарамай, томонлар ўртасидаги муносабатлар ҳали ҳам ўзаро ишончсизлик ва ноаниқлик билан тўлиб-тошган. Бу узилиш қанчалик чуқур бўлиши ёки умуман содир бўлиш-бўлмаслиги энди Суриянинг кейинги сиёсий курсига боғлиқ», – дея фикр юритади Кассис.
Аш-Шаръанинг имкониятлари чекланган ва ташқи кучлар ёрдамисиз Сурияни тиклаш ва заиф ҳокимиятни сақлаб қолишнинг иложи йўқ. Жаҳон банкининг консерватив ҳисоб-китобларига кўра, мамлакатга 216 миллиард доллар керак, бу қашшоқ Сурия учун астрономик миқдор.
Anadolu via Getty Images
Октябр ойи охирида аш-Шаръа Ар-Риёдда бўлиб ўтган форумда сўзга чиқиб, Сурия аллақачон 28 миллиард сармоя жалб қилганини айтди. Аммо ҳозирча Сурияга қарши санкциялар туфайли бу пуллар мамлакатга кира олмаяпти.
АҚШ президенти Доналд Трамп май ойида Аш-Шаръа билан биринчи учрашувидаёқ Сурияга қарши санкцяларни олиб ташлашга ваъда берган, кейин эса ноябр ойида Оқ уйда бўлиб ўтган учрашувда ҳам худди шу ваъдасини такрорлаган, аммо ҳаммаси унчалик осон эмас. 2020 йилда кучга кирган ва «Цезар қонуни» деб номланувчи асосий санкцияларни бекор қилиш учун бу қарор АҚШ Конгрессида маъқулланиши талаб этилади.
Axios нашри ноябр ойида АҚШдагилар санкциялар тўлиқ бекор қилинишини эвазига Исроил ва Сурия ўртасида хавфсизлик шартномаси имзоланишини хоҳлашини ёзганди.
АҚШ Асад қулаганидан кейин Сурия жанубидаги ҳудудларга бостириб кирган ва Дамашқ жанубида қуролсизлантирилган ҳудуд яратишни талаб қилган Исроил билан Шаръа ўртасидаги хавфсизлик келишувида воситачи бўлишга ҳаракат қилмоқда. Шу йил ёзида Исроил Сурия жанубидаги друзларни сунний бадавийлар билан тўқнашувлардан кейин қўллаб-қувватлади, бу эса Дамашқ билан муносабатлардаги кескинликни кучайтирди.
Ким қаерни назорат қилади?

- ҲТШ (Аш-Шаръа раҳбарлигида) Суриянинг Идлибдан Дамашққача бўлган ғарбий қисмини;
- Курдлар (Сурия демократик кучлари) шимоли-шарқни назорат қилади; ташкилот лашкари 40–60 минг кишидан иборат.
- Друзлар: жанубдаги Сувайда вилояти Жанубий фронт ва маҳаллий айирмачилар қўлида.
- Туркия таъсиридаги кучлар (СНА) – Туркия билан шимолий чегара бўйлаб жойлашган ҳудудлар.
Сурия қочқинлари
AFP via Getty Images
Европа Сурияда барқарорлик бўлишидан манфаатдор – фуқаролик уруши даврида миллионга яқин сурияликлар ушбу қитъага кириб борган.
«Ушбу қочқинлар тез орада қайтиши мумкинлиги истиқболи Европани Дамашқ билан фаол ҳамкорлик қилиш ва унинг ўтиш жараёнини қўллаб-қувватлашга ундамоқда», – деб ёзади Яқин Шарқ бўйича эксперт Локман Радпей.
Бунга ҳали анча бор, дея таъкидлайди БМТнинг Қочқинлар ишлари бўйича бошқармаси. Ташкилот маълумотларига кўра, 2025 йил 8 декабрдан 24 июлгача янги Сурияга 720 минг суриялик қайтган, улар асосан қўшни давлатлардан (40 фоизи Ливандан, 37 фоизи Туркиядан, 15 фоизи Иорданиядан ва 5 фоизи Ироқдан) бўлиб, бу давлатларга турли йилларда жами 5,5 миллион киши қочиб ўтганди.
Европага бориб жойлашганлар эса ҳозирча қайтишга шошилмаяпти.
Европада яшовчи ва май ойида БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги билан суҳбатда бўлган суриялик қочқинларнинг 81 фоизи яқин бир йил ичида Сурияга қайтишни режалаштирмаётганини айтган.
Мавзуга оид
09:45 / 31.03.2026
Германия канцлери суриялик қочқинларни уйига қайтишга чақирди
20:27 / 28.02.2026
Яқин Шарқдаги можаронинг илк куни: Эрон, Сурия, Ироқ ва БААда қурбонлар қайд этилди
13:09 / 28.02.2026
Бундестаг Германияда бошпана бериш қоидаларини қатъийлаштирди
18:35 / 08.02.2026