Ўзбекистон | 23:37 / 20.08.2025
3221
7 дақиқада ўқилади

Президентнинг тадбиркорлар билан мулоқоти, фуқароларни ватанга қайтариш, махсус шифохоналар ва МИБнинг янги рекорди – маҳаллий дайжест

Президент тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда бизнес учун янги имтиёзлар эълон қилди. Инсулт ва инфаркт касалликларига қарши курашиш мақсадида махсус шифохона ташкил этилади. Тошкентда тунги автобуслар ҳаракатини йўлга қўйиш режаси эълон қилинди. Хорижда қийналиб қолган юртдошлар Ватанга қайтарилмоқда – шу ва бошқа муҳим хабарлар билан Kun.uzʼнинг маҳаллий янгиликлар дайжестида таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан анъанавий очиқ мулоқот ўтказди

Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан анъанавий очиқ мулоқот ўтказди. Учрашувда мамлакатда бизнес муҳитини яхшилаш ва янги имкониятлар яратишга қаратилган бир қатор муҳим қарорлар қабул қилинди.

Жумладан, 1 ноябрдан тадбиркорларга барча мобил тўлов иловаларида ишлайдиган универсал QR-код берилади. Айланмаси бир миллиард сўмгача бўлганлар учун солиқ бир фоиз қилиб белгиланди. Экспорт қарздорлигига мораторий эълон қилинди, полиэтилен гранулалари импортига акциз солиғи нол қилиб белгиланди. Шунингдек, импорт товарлар учун ҳар бир партияга алоҳида сертификат талаб қилинмайди.

Туризм соҳасида оилавий меҳмон уйлари кенгайтирилади, тадбиркорларнинг ижара ҳуқуқлари кучайтирилади. Янги рақамли платформа орқали инвестиция жалб қилиш соддалашади ва стартаплар учун 100 миллион доллар ажратилади. Шундан ташқари, 80 та туманда мактаб ва боғчаларнинг бўш ерларида янги боғчалар қурилади.

Солиқчилар аниқлаган айрим хато ва камчиликлар бўйича амнистия эълон қилинди. Корхона олдидаги қарзини ўз вақтида тўламаганларга эса пеня ҳисобланади.

Президент таъкидлаганидек, бу қарорлар тадбиркорлик муҳитини яхшилаш, янги иш ўринлари яратиш ва инвестицияларни кўпайтиришга хизмат қилади.

600 нафардан ортиқ фуқаро Ўзбекистонга қайтарилди

Миграция агентлигининг маълум қилишича, 639 нафар фуқародан ватанга қайтариш юзасидан мурожаатлар қабул қилинган ҳамда 30 июлдан 18 августгача Миграция жамғармаси маблағлари ҳисобидан 621 нафар фуқаро Ўзбекистонга олиб келинган.

Уларнинг 326 нафарини аёллар, 295 нафарини эркаклар ташкил этади ҳамда шундан 189 нафари вояга етмаган болалардир.

Энг кўп фуқаролар Россия Федерациясидан қайтган – уларнинг сони 460 нафарни ташкил этади. Шунингдек, Туркиядан 71, АҚШдан 56, Қозоғистондан эса 17 нафар ватандошимиз олиб келинган.

“Ватанга қайтариш” акцияси Миграция агентлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда тегишли идоралар ҳамкорлигида амалга оширилмоқда. Лойиҳа орқали хорижда турли қийинчиликларга дуч келган ҳамюртларимиз ватанга қайтарилиб, уларнинг ижтимоий ҳимояси таъминланиши кўзда тутилган.

Саида Мирзиёева Қирғизистон раҳбари билан учрашди

Ўзбекистон Президенти администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Бишкекка ташрифи доирасида Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан учрашди. Мулоқот очиқ ва самимий руҳда ўтиб, икки мамлакат муносабатларининг бугунги юқори даражаси алоҳида қайд этилди. Саида Мирзиёеванинг таъкидлашича, президент Шавкат Мирзиёев Қирғизистонни Ўзбекистоннинг энг яқин қўшниси ва стратегик ҳамкори сифатида кўриб, муносабатларни мустаҳкамлашга катта эътибор қаратмоқда.

Учрашувда чегара масалалари бўйича эришилган келишувлар, миллий ID ҳужжатларини ўзаро тан олиш, қўшма корхоналар ташкил этиш ва Қамбарота ГЭС-1 ҳамда Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темирйўли каби йирик лойиҳалар икки давлат ҳамкорлигининг ёрқин намунаси сифатида тилга олинди.

Шунингдек, «Заковат» интеллектуал ўйинининг аҳамиятига ҳам эътибор қаратилди. Бу мусобақа икки мамлакат ёшлари ўртасида дўстона алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим ташаббус сифатида баҳоланди.

Инсултни даволаш учун махсус шифохона очилади

Сўнгги йилларда инсулт ва инфарктга олиб келадиган касалликлар кескин кўпайиб, уларнинг 85 фоизи ногиронликка олиб келаётгани қайд этилмоқда. Шу боис Миллий неврология ва нейрореабилитация тиббиёт маркази ташкил этиладиган бўлди.

Президент Шавкат Мирзиёев 19 август куни соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар билан танишди. Марказ Тошкент шаҳрида қурилиб, 250 ўринга мўлжалланади ва йилига 3 мингдан зиёд жарроҳлик амалиёти ўтказиш имконияти яратилади. Лойиҳага 150 миллион доллар йўналтирилиши режалаштирилган.

Шунингдек, 150 нафар мутахассис хорижда малака оширади, Самарқанд ва Бухоро тиббиёт университетлари клиникалари замонавий ускуналар билан таъминланади. Япония ҳамкорлигида халқаро стандартлар асосида эрта реабилитация хизматлари йўлга қўйилади.

Бу чоралар ногиронлик ва меҳнатга лаёқатсизликни камайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

«Афросиёб» тезюрар поездларида Wi-Fi хизмати йўлга қўйилди

Транспорт вазирлиги маълум қилишича, эндиликда «Афросиёб» тезюрар поездлари йўловчилари сафар давомида интернетдан фойдаланиш имкониятига эга бўлади.

Йўловчилар тармоққа уланиб, филмлар кўриши, мусиқа тинглаши ёки турли контентлардан баҳраманд бўлиши мумкин. Интернетдан фойдаланишнинг дастлабки 30 дақиқаси мутлақо бепул қилиб белгиланган.

Маълумотга кўра, Wi-Fi хизмати поездларнинг барча вагонлари ва йўналишларида ишлаб турибди.

Алимент тўлаш бўйича рекорд янгиланди

Тошкент шаҳрида 4 нафар фарзанди учун алимент тўлаётган эркак рекорд кўрсаткич қайд этди.

Маълумотларга кўра, Учтепа туманида яшовчи қарздор Ш.Ж. суд қарорига асосан фарзандлари учун даромадининг ярми миқдорида алимент тўлаши керак эди. Ижро жараёнида унинг мол-мулкига оид ҳеч қандай маълумот топилмаган. Шу боис у ўз хоҳиши билан фарзандлари вояга етгунига қадар ҳисобланадиган алимент миқдорини бирйўла тўлаб беришни сўради.

Ҳисоб-китоблар натижасида 16 йиллик алимент суммаси 2 миллиард 442 миллион сўмни ташкил этди. Қарздор ушбу маблағни уй кўринишида ундирувчига тақдим этди. Шу билан ижро ҳужжати якунланган ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Нукусда бир эркак 2 миллиард 270 миллион сўм миқдорида алиментни олдиндан тўлаб, рекорд ўрнатган эди.

Тошкентда тунги автобуслар йўлга қўйилади

Пойтахтда 2025 йил охирига қадар тунги автобусларнинг илк йўналиши иш бошлайди. Бу ҳақда шаҳар транспорт бош бошқармаси раҳбарияти маълум қилди.

Автобуслар ҳар куни соат 22:00 дан 06:00 гача ҳаракатланади. Улар аэропортлар, вокзаллар, метро бекатлари, тунда гавжум бўладиган туризм кўчалари, савдо ва кўнгилочар марказлар, бозорлар ва шифохоналардан ўтиб, фуқароларга қулайлик яратади.

Лойиҳа икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда 8 та йўналиш йўлга қўйилиб, жами 31 та автобус хизмат қилади. Улардан илк йўналиш – Т1 сифатида белгиланган бўлиб, Ҳусайн Бойқаро кўчасидан Қўйлиқ бозоригача қатнайди.

Иккинчи босқичда яна 7 та йўналиш очилиши режалаштирилган. Умуман олганда, пойтахтдаги тунги автобуслар сони 54 тага етади. Автобуслар қизил рангда бўлади, чипта нархи эса кундузги қатновлар билан бир хил белгиланган.

Шу тариқа, тунги вақтда ҳам аҳолининг ҳаракатланиши учун қулай ва хавфсиз транспорт хизмати йўлга қўйилади.

Мавзуга оид