Ўзбекистон | 08:50 / 01.06.2021
20220
14 дақиқада ўқилади

Ёшлар орасида хорижга интилиш кучаймоқда. Бу нимани англатади?

Ўзбекистонлик ёшларнинг яқин ва узоқ хориж мамлакатларига ўқиш ёки ишлаш учун чиқиб кетиши сезиларли ошиб бормоқда.

Фото: Pinterest

Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси маълумотларига кўра, 2020 йилнинг биринчи ярмида Россияга 181 500 нафар хорижлик ўқиш учун борган бўлса, шундан 24 минг нафари – ўзбекистонликлардир.

Тожикистон томонидан олинган маълумотларга кўра, айни пайтда республикада ўзбекистонлик талабалар сони 3 мингга етган. Бу кўрсаткич, қўшни Қирғизистонда 30 минг, Қозоғистонда 26,5 минг, Жанубий Кореяда 10 минг, Хитойда 5 минг, Германияда 2 минг, Латвияда – 1,5 минг, Туркияда – 3,5, Беларусда – 2 минг, Украинада 4 минг, Японияда 750 ва Миср Араб Республикасида 550 нафардан ортиқроқни ташкил қилади.

Қолган хорижий давлатлардаги ёшлар ҳам умумлаштирилганда, ҳозир ўзбекистонлик 112 850 нафардан ортиқ ёшлар хорижда ўқияпти (рақамлар бундан юқорироқ бўлиши мумкин – Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси).

Мамлакат ёшларининг хорижга интилиши

Табиий саволлар туғилади: ёшлар орасида мактабни тугатгач кўп ўтмай хорижга интилиш истаги пайдо бўлиши замирида нималар ётибди? Умуман, ёшларнинг хорижга интилиши ижобий ҳолатми ёки салбий? Агар салбий бўлса, ҳукумат бу борада нималар қилиши керак? Шунингдек, бу ҳолат ўзбек таълими ва меҳнат шароитлари борасида нималарни билдиради?

Kun.uz мухбири қатор мутахассислар билан суҳбатлашиб, шу каби саволларга жавоб излади.

«Асосийси – салоҳиятли кадрларни ушлаб қолиш» — Камолиддин Раббимов

Сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг фикрича, Ўзбекистон ёшларининг четга кетиш истаги замирида бир қанча табиий ва ижтимоий-иқтисодий омиллар бор.

«Ёшлар – қизиқувчан демографик қатлам, улар дунёни кўришни, ўқиш ва тажриба тўплашни исташади. Ўрта ёшдан ўтганда, инсонларда маълум ёпиқлик, консерватизм шаклланиб бошлайди. Лекин, унгача, айниқса, ёшларда ташқи дунёга интилиш – бу фақат иқтисодий омиллар билан боғлиқ бўлмаган ҳолат.

Ўзбекистонда, ёшларнинг ташқи дунёга интилиши замирида, назаримда, уч йирик омил мавжуд.

Биринчи омил – ижтимоий-иқтисодий зарурат ёки қийинчиликлар. Постсовет давлатлари орасида, бир одам бошига тўғри келадиган йиллик ёки ойлик ялпи ички маҳсулот улушига кўра, Ўзбекистон анча орқада. Расмий маълумотларга кўра, йиллик ЯИМ аҳоли жон бошига 1700 доллардан тўғри келади.

Ўзбекистондаги доллар валютасини сотиб олиш қобилияти нисбатан юқорилиги, ёки фаслий ва маҳаллий маҳсулотларнинг арзонлиги инобатга олинганда ҳам, бу миқдор – анча паст экани маълум. Демак, Ўзбекистон ёшларининг хорижга интилиши замиридаги биринчи омил – шахсий ва оилавий ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилишга интилиш.

Иккинчи омил – демографик ўсиш суръатининг юқорилиги. Ўзбекистон, постсовет ҳудудидаги энг катта реал рақамларда демографик ўсиш қилаётган давлат ҳисобланади. Иттифоқ қулаган 1991 йилда Ўзбекистон аҳолиси 19 миллион 900 минг атрофида деб ҳисобланган бўлса, бугунга келиб 35 миллионга яқинлашиб қолди.

Ўзбекистонда, миллий бойлик яратишга нисбатан демографик ўсиш пропорцияси юқорироқ бўлиб қолмоқда. Яъни иқтисодий ўсиш суръатларидан кўра, демографик ўсиш ҳолати юқорироқ.

Унинг устига, Ўзбекистонда ҳали ижтимоий ҳимоя тизими деярли мавжуд эмас. Ҳар бир инсон ва оила, ўзи учун фақат ўзи ҳаракат қилиши лозим. Натижада, демографик ўсиш суръати, ижтимоий-иқтисодий зўриқишга қўшимча босим сифатида юзага чиқмоқда, ёшларимизнинг четга интилишига қўшимча омил бўлмоқда.

Учинчи омил – ёшларга хос ташқи дунёга талпиниш, ўқиш-изланиш, иш ўрганиш – дунёни кўриш. Миграция ва эмиграция бутун инсоният тарихи давомида ривожланишнинг муҳим омили бўлган. Таъкидлаш лозимки, бугунги тараққий этган, бой давлатлардан хорижга кўчиб кетиш ҳам мавжуд.

Масалан, Франциядан Канадага ёки АҚШга кўчиб кетиш, ўқишга ёки узоқ муддатга яшашга кетиш ҳам оддий ҳолат. Ривожланган давлатлар ўртасидаги миграция ва эмиграция оқими ҳам кичик эмас. Ўзбекистонда хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш, янгиликлар қилиш орқали янги бизнес лойиҳалари яратишга интилиш жиддий кучайиб боряпти. Ёшлар тушунадики, келажакда рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш учун малакали кадр бўлиш керак.

Жумладан, РФда меҳнат муҳожири бўлиб ишлаб, қайтиб келаётган ёшларимиз ҳам, ўзлари билан нафақат моддий, балки жиддий тажрибавий капитал ҳам олиб қайтишади.

Кейинги йилларда ёшларимизда хорижга ўқишга бўлган рағбат жиддий кучайди. Бу қисман давлат сиёсати, унинг тафаккури ўзгаргани билан ҳам боғлиқ. Биринчи маъмурият даврида хорижга чиқиш ўта машаққатли, сиёсий жиҳатдан рискли иш бўлган бўлса, бугун давлатнинг ўзи хорижда ўқиш ва малака тўплашни рағбатлантирмоқда», – деб ҳисоблайди таҳлилчи.

Камолиддин Раббимовга кўра, дунё тажрибасини кузатган ҳолда миграция ва эмиграция жараёнига нормал қаралиши керак ва ҳолат доим ҳам давлатдаги фундаментал инқироз билан боғлиқ бўлавермайди.

Асосийси, дейди у, салоҳиятли кадрларни ватаннинг ичида ушлаб туриш ва бу орқали миллий тараққиёт учун керакли бўлган ғоялар, дастурлар ва сиёсий курс ишлаб чиқара оладиган шахслардан унумли фойдалана олиш.

«Бу вазифа, ўз ўрнида, Ўзбекистонда рақобатга асосланган сиёсий тизим зарурлигини кўрсатади. Дунёда айнан демократик давлатлар ўта катта миллий бойлик яратгани, қудратли сиёсий, иқтисодий, ҳарбий ва мафкуравий тизим шакллантиргани замирида, айнан инсон омилидан тўғри фойдалана оладиган тизим мавжудлиги туради.

Инсон мияси – ниҳоятда қудратли интеллектуал орган. Агар унинг тўғри ишлашига, рақобат орқали ўз манфаатларини қондиришга имконият берилса, давлатдаги ва жамиятдаги барча муаммоларга тизимли жавоб топиш қийин эмаслигини кўриш мумкин. Ўзбекистонда кейинги йилларда жиддий ўзгаришлар бўлмоқда.

Қўшимча қилиш муҳим бўлган асосий нуқта – маъмурий сиёсий ислоҳотлар жадаллашиши керакки, жамиятнинг ижтимоий энергияси бостирилиши эмас, бу энергия парваришланиши ва тараққиёт, ишлаб чиқариш, саноатлаштириш, илм-фан, экология ва бошқа барча соҳалар ривожи учун йўналтирилиши керак», – деди у.

«Ёшларнинг Ўзбекистондан «қочиши»га сабаб – шароитлар етишмаслиги» — Дониёр Рўзметов

Сиёсий таҳлилчи, блогер Дониёр Рўзметов мавзу юзасидан фикрларини билдирар экан, «миялар қочиши», ёшларнинг чет элларга кетиши билан боғлиқ муаммо дунёдаги барча давлатларда, жумладан, ривожланган кучли еттилик давлатларида ҳам борлигини таъкидлади.

«Шу маънода бу ҳолатни фожиа, деб кўрмаслик ва ўзбек жамиятининг ўзига хослиги деб қарамаслик мумкин. Шу сабабдан, ёшларнинг четга чиқиб кетишларига куч билан ёки сунъий тўсиқлар билан курашиш бефойда, бесамар ва адолатсизлик бўлади. Агар кимдир бирор жойдан кетишни хоҳлаётган бўлса ва унинг кетишини хоҳламасак, уларни кетишга мажбур қилаётган сабаблар ўрганилиши ва уларга шу ерда қолиш истагини бериш керак.

Одатда «миялар», яъни жамиятнинг билимли, илғор вакиллари қочишига соддалаштириб жавоб берилса, иккита сабаб бўлади: ё унинг ҳаёти хавф остида бўлади, ёки шароитлар уни қаноатлантирмайди.

Ўзбекистон шароитида ёшларнинг қочишига менимча, кўпроқ иккинчи сабаб, шароитлар етишмаслиги сабабдир. Сабаблар орасида моддий сабаблар ҳам бор бўлса-да, наздимда асосийси бу эмас.

Бизда шунингдек, қадр ва қонунлар, жумладан, меҳнат қонунчилиги устуворлиги ҳамда кафолатлари етишмаслиги ҳам ҳал қилувчи жиҳатлардан бири.

Чет элларда таҳсил олиб Ўзбекистонга боргач, на давлат, на жамият томонидан қадрланмаган, аксинча, «илғор ва ёт фикрлари» учун камситишларга учраган, натижада яна чет элларга кетиб қолган ёшлардан бир нечтасини биламан. Ҳатто давлатнинг ўзи катта ваъдалар бериб чақиргандан кейин ҳам қадрланмаган ва маълум муддатдан кейин ҳеч қандай меҳнат шартномалари нормаларига қарамасдан, кўчада қолдирилган ёшларга ҳам мисоллар бор.

Чет эллардаги кўплаб «миялар» Ўзбекистонда чет элдагидан камроқ маошга ишлашга розилар. Улар фақат қадрига етишларини, уларга ишонч билдирилишини, меҳнат кафолатлари берилишини, қайсидир гапи ёки қарашлари ёқмай қолса, кўчанинг эшиги кўрсатилмаслигини истайдилар. Табиийки, Ўзбекистондан энди қочиш орзусидаги «миялар» ҳам чет эллардаги ватандошлари каби мазкур кафолатлар бор давлатларга кетишни орзу қиладилар.

Агар ҳукумат «миялар» қочмаслигини чин дилдан истаса, фақат президент айтгани ва статистикалар учун эмас, балки том маънода «миялар» қадрланиши, меҳнат қонунчилиги кафолатлари «муқаддас» даражага олиб келиниши ва албатта, улар моддий томондан рағбатлантириб турилиши керак», – таъкидлади Рўзметов.

«Ўзбекистондаги ҳозирги таълим сифати билан жаҳон меҳнат бозорида юқори талабдаги кадр бўлиш имконсиз» — Фируз Аллаев

Тадбиркор, Asaxiy.uz лойиҳаси асосчиси ва раҳбари Фируз Аллаев – бир неча йиллар аввал ватандан кетиб, яна қайтганлардан бири.

У мавзу юзасидан фикрларини билдирар экан, аввало, одамлар четга чиқишни бирданига яхши ҳаёт, доллар ёки еврода катта пул топиш, деб тушунмаслигини қайд этди.

«Унутмаслик керакки, бегона юртга мослашиш, тил ўрганиш ва провардида яхши ҳаётга эришиш учун ҳар қандай жойда қаттиқ меҳнат талаб қилинади. Яъни хориж фақат яхши ҳаёт, дегани эмас.

Ҳар қандай ривожланган давлатда ҳам янги одамнинг оёққа туриб, ҳаётини стабиллаштириб олиши учун 4-5 ва ҳатто 10 йил вақт кетади. Менимча, ўзимизда ҳам шундай қийналиб ишлаган, ўқиган одам маълум ютуқларга эришиши мумкин.

Бу ерда инобатга олиш керак бўлган яна бир жиҳат бор: ҳозир бутун дунёда ёшлар миграцияси ортиб боряпти. Ёшлар интернет, ижтимоий тармоқлар ва ОАВ орқали ўзи яшайдиган дунёдан бошқа дунёлар борлигини ҳам кўряпти. Табиийки, уларда бу юртларни кўришга қизиқиш уйғоняпти.

Шунингдек, ёшларда турли юртларни кўриб, ўзликни топишга интилиш бўлиши ҳам табиий.

Биласизми, Европа иттифоқида ҳам ёшлар миграцияси жуда кучли. У ерда ёшлар ҳатто Непал, Бангладеш каби давлатларга бориб, ўзлигини қидиришга уринади.

Ўйлашимча, ижобий реформалар қилина бошлар экан, Ўзбекистонга ҳам хорижий давлатлардан кўчиб келишлар ортаверади. Бу асосан Покистон, Эрон ва ён қўшни давлатлардан бўлиши мумкин.

Яна бир нарсани эслатиш жоиз, ёшларнинг четга чиқиб кетишга интилиши сабаб эмас, аввало, натижадир. Чунки четга кетаётган ёшлар ўқиш ва кейин ишлашни мақсад қилади. Бу – ичкаридаги таълим ўз вазифасини бажара олмаётганидан далолат.

Ўзбекистонда аксарият ёшлар тушуняптики, ҳозир ичкаридаги таълим билан жаҳон меҳнат бозорида юқори талабдаги кадр бўлиш имконсиз. Олий таълим тизимимиз бугунги замон талабига умуман жавоб бермайди. Ўрта ёки паст маълумотли ишчиларга эса юқори ҳақ тўланувчи иш берилмайди. Ёшлар паст маълумотдан зерикиб ҳам хорижга кетяпти.

Ўйлашимча, ҳукумат бу масалани жиддий таҳлил қилиб кўриши керак. У аввало, олий таълимнинг сифатини яхшилашга ҳаракат қилиши керак. Олий таълим эркин, сифатли ва турли ғоявий босимлардан тоза соҳага айлансагина мамлакатда нимадир ўзгаришларни кутиш мумкин.

Шунингдек, турли грантлар орқали хорижий давлатларга имкон қадар сифатли кадрларни чиқараверишимиз керак. Биз четга қанча кўп сифатли кадр чиқарсак, шунча яхши. Чунки уларнинг бир қисми барибир ўзимизга қайтади. Қайтмаганлари мамлакатга пул юборади.

Ҳукумат ҳозир миграцияга тўсиқ қўйиши эмас, аксинча, четга кетган кадрларга қўшимча имкониятлар яратиш орқали, келажакни уларнинг тажрибаси, билими устига қуриши керак», – деди тадбиркор.

«Жараённинг асосий фактори – глобаллашув» — Алишер Алихон

Бирлашган Араб Амирликларида дарс берувчи ўзбекистонлик ўқитувчи Алишер Алихоннинг айтишича, ёшларнинг мамлакатни тобора кўп тарк этаётгани тенденцияси, аввало, глобаллашув билан боғлиқ.

«Иккинчи фактор – мамлакатнинг иқтисодий ҳолати. Дунё харитасига қарайлик. Ривожланган давлатларнинг аҳолиси ривожланмаган давлатларга унчалик интилмайди. Аксинча, ривожланмаган давлат аҳолиси ривожланган давлатга қараб интилади.

Айнан ақл эгаларининг мамлакатдан кетиб қолишида иқтисодий факторлар катта рол ўйнайди. Улар ўз даражасига яраша яхшироқ ҳаёт кечириш, яхшироқ яшашга интилади.

Учинчи фактор сифатида инсон учун фуқаролик ва инсоний ҳақ-ҳуқуқлар таъминланган жамиятда яшаш жуда муҳим.

Кузатишларим бўйича, Ўзбекистонда инсоний ҳақ-ҳуқуқлар бузилиши, поймол этилиши ҳолатлари ҳамон кўп учраяпти. Одамлар мана шу ҳолатлардан ҳам қочишга интилади.

Албатта, ҳукумат инсоний ҳуқуқлар, қадр-қиммат масалалари ҳимоясига озми-кўпми интиляпти. Бу жуда яхши. Айнан инсоний ҳақ-ҳуқуқларни таъминлаш борасидаги ишлар жиддий қайта кўрилиши зарур. Шунингдек, таълим сифати тубдан қайта ўйланиши зарур.

Реформаларга қўл уришдан, уларни амалга оширишдан қўрқмаслик керак. Унутмаслик керакки, Ўзбекистоннинг келгусидаги драйви – ёшлар. Уларни эса тўғри йўналишларга бура олиш жуда муҳим», – деди Алишер Алихон.

Юқорида қайд этилганидек, ёшларнинг хорижга чиқиб кетаётганини бир томонлама, фақат муаммоли жиҳат деб бўлмайди. Глобаллашув жараёни кечар, Ўзбекистон дунёга ўз эшикларини очар экан, миграция ва эмиграция жараёнларининг кучайиши ҳам табиий.

Аммо, ёшларнинг, айниқса билимли ва шижоатли ёшларнинг мамлакатни тарк этаётгани ҳукуматни ўз бирламчи вазифаларини қай даражада уддалай олаётгани ҳақида ўйлашга ундаши зарур.

Сифатли таълим, иш ўринлари ва яхши меҳнат шароитлари, ақл эгаларига муносабат, жамиятда фикрлар хилма-хиллигини таъминлаш айни шундай жиҳатлардир.

Илёс Сафаров тайёрлади. 

Мавзуга оид