Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Чўнтагингизни қоқиб олишгани қолади». Жамоатчилик фаоли – онкология соҳасидаги муаммолар ҳақида
«Telegram-каналимда одамлардан саратон билан боғлиқ бахтли якун топган ҳикояларни юборишларини сўрадим. Менга 150дан зиёд ҳаётий ҳикоя юборишди. Уларнинг деярли ҳаммаси одамлар ўз яқинларини касалликка бой бергани ҳақида эди».
Фото: technovation.uz
15 феврал – Халқаро болалар онкологиясига қарши курашиш кунида, Ўзбекистонда онкологик ташхис қўйилган болаларга ёрдам кўрсатувчи «Эзгу амал» жамоат фонди ўз фаолиятига доир ҳисобот тақдимотини ўтказди.
Тақдимотда иштирок этган жамоатчилик фаоли, журналист Ирина Матвиенко ўз мисолида онкология соҳасида дуч келган муаммолари ҳақида сўз юритди.
«5–6 йил аввал онкологик касалликка чалинганларга ёрдам берувчи фонд очишни режалаштиргандим. Қўл меҳнати билан тайёрланган буюмлар савдосини йўлга қўйиш ва бундан тушадиган маблағга беморларга ёрдам кўрсатиш назарда тутилганди. Фонд учун ҳомийлар ҳам топилган, пул беришга тайёр бўлганлар бор эди.
Аммо фондни рўйхатдан ўтказиш учун Адлия вазирлигидан 4 маротаба рад жавобини олганман. Вазирлик ходими чақириб: «Фонд низоми мукаммал ишлаб чиқилган, аммо сизга юқоридан рухсат беришмаяпти, шунинг учун барибир рад қилишда давом этамиз», деган.
Шундан кейин қанотларим синди ва бу ишни ташлаб қўйдим. Ҳозир «Эзгу амал» жамоат фонди сингари бу билан шуғулланаётганлар борлигидан хурсандман.
Ўшанда беморларга «SMS» орқали маблағ йиғишни йўлга қўйиш учун мобил алоқа операторлари билан гаплашганмиз. Маълум бўлишича, «SMS» орқали ўтказиладиган ҳар бир маблағдан тахминан 30 фоиз атрофида автоматик равишда солиқ ушлаб қолинар экан. «SMS»дан тушаётган пуллар сайтда кўриниши керак эди. Дейлик, бир киши 10 минг сўм хайрия қилса, шундан фақатгина 7 минг сўм ҳисобга тушганини сайтдан кўради. 3 минг автоматик равишда солиққа кетади. Beeline компанияси билан бу борада гаплашганимизда масалани ҳал қилишга уринишган, лекин бу борада қонунчиликда ҳеч қандай имтиёз кўзда тутилмаган. Шунда компаниядагилар солиққа кетаётган фоизни ўз ҳисобларидан қоплаб беришларини айтишган.
Лекин нега? Бу фарқни алоқа оператори ёпиши керак эмас. Майли, компания истаса агар, ўзи кўнгилли равишда беморларга ёрдам учун пул ўтказиши мумкин. Лекин у солиқдаги фарқни қоплашга мажбур эмас. Бу – давлатнинг мажбурияти. Давлат хайрия мақсадида амалга ошириладиган ҳар қандай тўловларни солиқдан озод қилиши лозим. Балки шунда Ўзбекистонда беморлар учун «SMS» орқали керакли маблағни йиғиш амалиётини ҳам йўлга қўйса бўлади», – дейди у.
Матвиенко республика онкология маркази ҳақида тўхталди.
«Эзгу амал» онкология соҳасидаги муаммоларни кўтариб чиққач, Республика онкология маркази гўёки ҳаммаси жойида экани ҳақидаги материални чоп этди. Шунда мен ўз Telegram-каналимда одамлардан саратон билан боғлиқ бахтли якун топган ҳикояларни юборишларини сўрадим.
Ишонасизми, менга 150дан зиёд ҳаётий ҳикояни юборишди. Бу – одамлар ўз яқинларини касалликка бой бергани ҳақида, беморларнинг яқинларидан муолажа учун пул шилиб олишгани ҳақидаги ҳикоялар. Улар орасида ижобий якунланган ҳикоя фақатгина битта эди. Бир қиз унга даволанишга ёрдам беришганини, аммо бу шаҳар онкология марказига келгани учунгина бўлганини ёзган. Унинг айтишича, дастлаб республика онкология марказига борганида унга: «Бу ердан кетинг, акс ҳолда чўнтагингизни қоқиб олишгани қолади холос», дейишган...
Шунинг ўзи республикада онкологияни даволаш бўйича аҳвол қанақалигини кўрсатади.
«Эзгу амал» кўтариб чиққан муаммолар ҳал бўлиши учун эса жамоатчилик бунга эътибор қаратиши, резонанс ҳосил бўлиши керак. Муаммо атрофида шовқин қанчалик кучли бўлса, шундагина натижа бўлади», – деди Ирина Матвиенко.
- Маълумот учун, онкогематологик касалликлар билан оғриган болаларга ёрдам кўрсатувчи «Эзгу амал» жамоат фонди соҳадаги муаммолар юзасидан давлат раҳбарига мурожаат билан чиққан эди. Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология маркази мурожаатда акс этган муаммоли ҳолатларни «ёлғон ва ишончсиз маълумотлар» деб атаган ҳолда раддия берди. Раддияга кўра, Ўзбекистонда онкологик хасталиклардан тузалиш даражаси мурожаатда кўрсатилганидек 20 эмас, балки 40 фоиз.
Ирина Матвиенко Ўзбекистонда онкопсихология хизмати йўқлиги, ваҳоланки беморлар ва уларнинг яқинлари учун бу жуда зарурлигини қайд этди.
«Бизда онкопсихология хизмати мавжуд эмас. Бир муддат аввал шифокорлар менда ўсимта борлигини, аммо бу онкология экани ҳали аниқмаслигини айтишди. Ўшанда ўзимни йўқотиб қўйдим, ҳозир ҳам бу ҳақида гапиришим қийин. Мен билан шу каби мураккаб ҳолатларда ёрдам кўрсата олувчи психолог ишлай бошлади. Аммо у Грузияда ва соатига 35 евро ҳақ олади. Майли, Ўзбекистондаги психологлар 10–15 доллар атрофида ҳақ олар. Аммо онкология билан оғриганларнинг қайси бирида психологга тўлаш учун бунча пул бор, айтинг?!
Бизда эса ота-оналарнинг бу масалада мурожаат қиладиган одами йўқ. Болалар, катталар ўз ташхисини эшитгандан кейин хасталик қаршисида ёлғиз қолишади. Уларнинг яқинлари бундай муаммо билан якка қолишади. Уларга ҳеч ким ёрдам бермайди. Чунки онкопсихология – мутлақо бошқа йўналиш, бизда фаолият кўрсатадиган психологлар бу даражада прогрессив ва профессионал эмас. Бу масалани ҳал қилиш бўйича ҳам, албатта, шуғулланиш керак», – таъкидлади жамоатчилик фаоли.
Мавзуга оид
19:31 / 24.12.2025
Онкология хизматлари арзонлашади: янги республика марказида пресс-тур ўтказилди
14:47 / 22.12.2025
Саратоннинг олдини олиш мумкинми? Мутахассислар тавсия қиладиган маҳсулотлар
16:00 / 16.12.2025
Онкология шифохоналари ёпилиши: узаядиган беморлар навбати ва ёпиқ қарорлар хавфи
11:03 / 29.11.2025